Мақолалар

Инсон ўзгарса, жамият ўзгаради

Чоп этилди Fevral 14, 2019 Инсон ўзгарса, жамият ўзгарадиda fikr bildirishni o'chirish

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг янги – 2019 йил арафасида Олий Мажлисга юборган Мурожаатномаси мамлакатимиз тараққиётининг устувор йўналишларини равшан кўрсатиб берган, дунё афкор оммаси эътибор қаратган тарихий ҳужжат бўлди.

Юртбошимиз Мурожаатнома бошида: “Буюк Имом Бухорий ҳазратларининг “Ал-Жомеъ ас-Саҳиҳ” асари “Барча эзгу амаллар ниятга боғлиқ, ҳар бир кишига фақат ният қилган нарсаси берилади” деган ҳадис билан бошланишида жуда чуқур маъно бор”, дея таъкидлаб, ўтган йили яхши ният билан бошланган кенг кўламли ишларнинг натижаларига мухтасар тўхталиб ўтдилар: 2018 – “Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили”да Давлат дастури доирасида 21 триллион сўм ва 1 миллиард долларга тенг 76 мингта лойиҳа амалга оширилди.

Аҳоли фаровонлигини ошириш мақсадида иш ҳақи, пенсия, стипендия ва ижтимоий нафақалар миқдори сезиларли равишда оширилди. Хусусан, педагог ходимларнинг иш ҳақи кейинги 50 йилда биринчи марта 50 фоизга кўпайтирилди. Аҳолининг реал умумий даромадлари 2017 йилга нисбатан 12 фоизга ортди.

Халқаро муносабатларда очиқ ва амалий сиёсат олиб борилаётгани туфайли юртимизда чет эл инвестициялари ҳисобидан қиймати 23 миллиард долларлик 456 та лойиҳа амалга оширилмоқда. Жаҳон тажрибаси шуни кўрсатадики, қайси давлат фаол инвестиция сиёсатини юритган бўлса, ўз иқтисодиётининг барқарор ўсишига эришган. Президентимиз “Инвестиция, ислоҳотлар, модернизациядан асосий мақсад юртимизда яшаётган ҳар қайси инсон миллати, тили ва динидан қатъи назар, эркин, тинч ва бадавлат умр кечириши, бугун ҳаётдан рози бўлиб яшаши” юртимиз ички сиёсатининг бош мақсади эканини яна бир карра таъкидладилар. Ёшларга муносиб таълим-тарбия бериш, уларнинг лаёқат ва интилишларини рўёбга чиқариш, бунинг учун мактабгача таълим тизимидан тортиб ўрта, олий ўқув даргоҳларида моддий-техника базасини, илмий ва ўқув жараёнлари сифатини яхшилаш; халқ саломатлигини мустаҳкамлаш, соғлом турмуш тарзини қарор топтириш; ижтимоий кўмакка эҳтиёжмандларни қўллаб-қувватлаш бу  йўналишдаги ишларнинг энг муҳимлари эканини айтиб, 2018 йилда бошланган ишларни мантиқий давом эттириш ва юқори босқичга кўтариш учун 2019 йилга “Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили” деб ном беришни таклиф этдилар.

Ушбу йилда тўғридан-тўғри жалб этиладиган хорижий инвестициялар миқдори 2018 йилга нисбатан қарийб 1,5 баробар оширилиши, натижада 142 та замонавий корхона ишга туширилиши кутилмоқда. Бу минглаб янги иш ўринлари ташкил этилиши, шаҳар ва қишлоқларнинг янада обод бўлиши, тараққиёт барқарорлигининг омилидир.

Юртбошимиз тадбиркорлар фаолиятини қўллаб-қуваватлаш бўйича ишлар жадал давом эттирилишининг аҳамиятини изоҳларкан, буюк аллома Нажмиддин Кубро ҳазратларининг инсониятга ҳамиша ибрат бўладиган “Муваффақиятни саъй-ҳаракатда, муваффақиятсизликни эса лоқайдлик  ва дангасаликда кўрдим”, деган ҳикматини келтирдилар.

Ўтган йили “Обод қишлоқ”, “Обод маҳалла” дастури бўйича ободонлаштириш ишларига 3 триллион сўм сарфланиб, 416 та қишлоқ янгидан қурилди. Бу хайрли, кўламли ишлар давом эттирилмоқда. Лекин шунга қарамай, айрим шаҳар ва туманларда бу муҳим вазифага етарли эътибор берилмаётир. Оқибатда республикамизнинг 27 та туманида саноат улуши вилоят кўрсаткичининг 1 фоизига ҳам етмайди. Янги йилда “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурлари ижроси учун 4 триллион сўмдан ортиқ маблағ ажратилади.

Ҳазрат Али ибн Абу Толиб айтганидек, “Энг эзгу эҳсон ҳожатмандларга берилганидир”. Ногиронлиги бор болалар ва уларнинг оила аъзоларини, боқувчисини йўқотганларни ўн олти ёшгача ижтимоий муҳофаза қилиш масаласи доимо эътибор марказида туриши, хусусан, умрини ногирон фарзандига қараш, уни парвариш қилишга бағишлаган оналар учун алоҳида ижтимоий нафақа турини жорий этиш билан боғлиқ режалар; илм-фан, замонавий ва узлуксиз таълим тизимини янада такомиллаштириш,  2019 йилда мамлакатимизда битирувчиларни олий таълим билан қамраб олиш даражасини 20 фоизга етказиш ва келгуси йилларда бу кўрсаткични ошириб бориш; халқимиз генофондини мустаҳкамлаш мақсадида тиббий хизматлар сифатини яхшилаш ва кўламини кенгайтириш, ҳомиладор аёллар ва болаларнинг овқатланиш рациони бўйича амалдаги меъёрларни халқаро стандартлар бўйича қайта кўриб чиқиш масъул вазирликлар, идораларга топширилди.

Мурожаатномада хотин-қизлар ва ёшларни давлат томонидан ижтимоий қўллаб-қувватлашни янада кучайтиришга ҳам далиллар билан эътибор қаратилган: ўтган йили кўрилган амалий чораларга қарамай, ҳалигача оғир турмуш шароитида яшаётган, иш билан таъминланмаган 13 мингдан ортиқ хотин-қизлар бор. Марказий банк, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри раҳбарларига 2019 йилда турмуш шароити оғир бўлган 1 минг 600 нафар хотин-қизни имтиёзли кредитлар асосида арзон уй-жойлар билан таъмилаш вазифаси топширилди. Ёшларни тадбиркорликка фаол жалб этиш, уларнинг бандлигини таъминлаш мақсадида “Ёшлар келажагимиз” жамғармаси фаолиятини янада кенгайтириш; фарзандларимиз турли радикал ва зарарли ғоялар таъсирига тушиб қолмаслиги учун бу борадаги ишларни янгича ёндашувлар билан давом эттириш кераклиги таъкидланди. Жумладан, давлат-хусусий шериклик асосида янги маданият ва истироҳат боғларини ташкил этиш, улар фақат дам олиш жойи бўлиб қолмасдан, таркибида спорт майдончалари, амфитеатр ва кичик саҳналар, кутубхона, “Китоб кафе”лари бўлиши лозимлиги айтилди.

Ушбу йилда аҳолини муносиб тураржой билан таъминлаш, намунавий уйлар лойиҳаларини такомиллаштириш, юртимиздаги кўп қаватли уйлар ҳолатини яна бир бор ўрганиб, эскириб қолган кўпқаватли уйлар ўрнида замонавий шароитларга эга уйлар қуриш дастури ишлаб чиқилиб, ҳаётга татбиқ этилади; аҳолини марказлашган тармоқлар асосида тоза ичимлик суви билан таъминлаш даражасини 2018 йилги 65 фоиздан 75 фоизга етказилиши – минглаб одамлар саломатлигини асраш, турмуш шароитини яхшилаш, ободончилик борасида беқиёс имконият бўлади. Зеро, жамиятда ҳар жиҳатдан соғлом турмуш тарзини қарор топтириш, жисмоний тарбия ва спортни янада оммалаштириш ҳар доим долзарб вазифадир.

“Олдимизга қўйган улкан вазифаларни амалга ошириш учун куч-қудрат манбаи бўладиган миллий ғояни ривожлантиришимиз зарур”, дейилади Мурожаатномада. Бу вазифа моҳиятида буюк аллома ва адибларимиз, азиз-авлиёларимизнинг бебаҳо меросини чуқур ўрганиш, уларга турли мафкуравий қарашлардан холи – холис ёндашиб, бу дурдона асарлар мақсад-ғояларини халққа, ёшларга етказиш масъулияти бор. Емирилган совет тузуми даврида тақиқланган, қора тамға босилган диний-маърифий меросимизнинг энг сара дурдоналари кейинги йилларда асл ҳолича нашр этилаётгани, Ислом зиёсига ташна қалбларга етиб бораётгани жамиятимиз маънавий ҳаётида узоқ кутилган орзуларнинг рўёбидир. Муҳтарам  Юртбошимиз бу ишларни яна ҳам юксак савияда давом эттиришни, демакки, маънавияти башариятга ибрат бўлган аждодларга муносиб авлодлар тарбиялашни энг долзарб вазифалар қаторида таъкидладилар.

“Президент қабулхоналарининг икки йиллик тажрибаси биз яқин ўтмишда халқдан, унинг ташвиш ва муаммоларидан анча узоқлашиб қолганимизни кўрсатди, биз фуқаролар билдирган фикр-мулоҳаза ва таклифларни ҳисобга олиб, давлат бошқаруви тизимини ислоҳ қилишимиз, илғор давлат менежменти ва “ақлли” бошқарув принципларига босқичма-босқич ўтишимиз лозим. Бу шуни билдирадики, энди давлат муассасалари бевосита фуқаро билан ишлашга ўтади”, – бу фикр изоҳга муҳтож эмас. Зеро, ўтган икки йил давомида “Президент қабулхонаси” ва жойлардаги қабулхоналарга турли масалаларда мурожаат қилиб, муаммолари ечим топган инсонлар жамиятимизнинг турли қатламларида минг-минглаб топилади…

Мамлакатимизда турли миллат ва диний конфессиялар вакиллари ўртасидаги ўзаро ҳурмат, дўстлик ва аҳиллик катта бойлигимиз, уни кўз қорачиғидек асраб-авайлаш барчамизнинг бурчимиздир. “Хабарингиз бор, – дейилади Мурожаатномада, – яқинда Бирлашган Миллатлар Бош Ассамблеяси томонидан муҳим бир ҳужжат – “Маърифат ва диний бағрикенглик” резолюцияси қабул қилинди. Ушбу резолюцияни қабул қилиш 2017 йил сентябрда Бош Ассамблеянинг 72-сессиясида Ўзбекистон томонидан таклиф қилинган эди. Бизнинг таклифимизни Бирлашган Миллатлар ташкилотига аъзо бўлган 193 та давлат кенг қўллаб-қувватлагани жаҳон ҳамжамияти томонидан Ўзбекистоннинг саъй-ҳаракатларига берилган юксак баҳо, эътироф сифатида барчамизга катта мамнуният ва ғурур-ифтихор бағишлайди”. Юртбошимиз мамлакатимизда миллатлараро бағрикенглик муҳитини яхшилашга биринчи даражали эътибор қаратилишини айтиб ўтдилар. Зеро, бу Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг: “Ким бир аҳдлашган (ғайридин) кишига зулм қилса ёки унинг ҳақини поймол этса ёхуд уни тоқати етмайдиган нарсага мажбур қилса ёки ундан ўз розилигисиз бир нарса олса, қиёмат куни мен ўша одамнинг хусуматчиси бўламан” деган ҳадисларига эргашишдир (ривоят).

“Ислоҳот бу – янгиланиш, ўзгариш дегани. Ислоҳотлар ижобий натижа бериши учун, аввало, раҳбарларимиз ва одамларимиз ўзгариши керак. Инсон ўзгарса, жамият ўзгаради” – муҳтарам Президентимизнинг бу фикрлари  кундалик фаолиятда шиоримизга айланиши керак. Чунки Мурожаатномада айтилганидек, “Ҳаммамиз бир ҳақиқатни яхши тушунамиз, 2019 йил учун белгилаб олган режа ва дастурларимизни амалга ошириш, албатта, осон бўлмайди. Бу йўлда бизга ишонч ва илҳом, ғайрат ва шижоат берадиган бир куч-қудрат борки, биз унга таяниб, ўз мақсадларимизга, иншоаллоҳ, етамиз. Бу – ҳаёт синовларида тобланган, сўзида қатъий турадиган, ишнинг кўзини биладиган, меҳнаткаш, мард ва матонатли халқимиздир”.  Аллоҳ розилиги йўлида бу хайрли ишларга ҳисса қўшиш барчамизга насиб этсин.

 

Муҳтарама УЛУҒОВА,

Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган маданият ходими

“Ҳидоят” журналининг 2019 йил, 1-сонидан