Мақолалар

Дарслар сифати – назоратда

Чоп этилди Fevral 14, 2019 Дарслар сифати – назоратдаda fikr bildirishni o'chirish

Имом Бухорий номидаги Тошкент Ислом институти ректори Уйғун Ғофуров билан суҳбат

“Ўзбекистон Қуръон мусобақаси – 2018”да энг юқори ўринларни асосан Тошкент ислом институти талабалари эгаллади. Талабаларнинг турли нуфузли халқаро мусобақалардаги иштироки ҳақида тўхталсангиз.

– Бугун илм даргоҳимизда Қуръони каримни тўлиқ ёдлаган юздан ортиқ қори таҳсил олмоқда. “Таҳфизул Қуръон” (Қуръонни ёдлатиш) кафедрасида ёшларга қироат илмидан таълим бераётган ўндан ортиқ қори устозлар ва турли фанлардан таълим бераётган эликка яқин ўқитувчи-ходимларнинг барчаси ўз соҳасининг малакали мутахассиси ҳисобланади.

Мана, йигирма етти йилдирки, Қуръони каримни ёддан ва тажвид қоидалари билан тиловат қилиш бўйича юртимиздаги диний таълим муассасалари талабалари ўртасида мусобақалар ўтказиб келиняпти. Ушбу беллашувларда юқори натижага эришган қори ва қориялар Саудия Арабистони Подшоҳлиги, Қувайт, Малайзия, Индонезия, Эрон Ислом Республикаси, Россия Федерацияси каби давлатларда бўлиб ўтган Халқаро Қуръони карим мусобақаларида иштирок этяптилар.

2018 йил 6-11 октябрь кунлари Саудия Арабистонининг Мадина шаҳрида, Масжидун Набавийда илк бор Қуръон ҳифзи, тиловати ва тафсири йўналишларида халқаро мусобақа бўлиб ўтди. Унда “Таҳфизул Қуръон” кафедраси мудири, катта ўқитувчи Жаҳонгир қори Неъматов баҳоловчи ҳакам сифатида қатнашган бўлса, қирол Абдул Азиз халқаро мусобақасининг 30 порани ёддан ўқиш йўналишида “Ўзбекистон Қуръон мусобақаси – 2018” танловининг “Олий ўрин” соҳиби, институт талабаси Йўлдошбек қори Нуриддинов иккинчи ўринни олиб юртимиз шарафини муносиб ҳимоя қилди.

2018 йил 3 май куни Куала Лумпур шаҳрида Малайзия Қироли Муҳаммад V Фарис Петра ташаббуси билан ташкил этилган Халқаро Қуръон мусобақасида “Ўзбекистон Қуръон мусобақаси – 2018”нинг аёл-қизлар ўртасида олий ўрин соҳиби, институт талабаси Робия Нажмиддинова ҳифз йўналиши бўйича финал босқичида беллашиб, дунё мамлакатлари қориялари ичида 100 баллдан 90 балл олиб кучли еттиликка кирди.

2018 йилнинг 10-18 апрель кунлари Қувайтда IX Халқаро Қуръон мусобақаси бўлиб ўтди. Унда дунёнинг турли мамлакатларидан келган қорилар беллашдилар. Мусобақада институтимиз талабаси Абдулазиз Раҳмонберди “Ҳифз” йўналиши бўйича кучли ўнталикдан ўрин олди.

2018 йилнинг 19 апрель куни Эрон Ислом Республикасида бўлиб ўтган 35-Халқаро Қуръони карим мусобақасида талабамиз Туйғун Иброҳим тиловат йўналиши бўйича иштирок этиб, кучли ўнталикка кирди ва ташаккурнома билан тақдирланди.

Келажакда бу ёшларимиздан дунёга машҳур қорилар етишиб чиқади ва юртимизни бу соҳада ҳам жаҳонга танитишга ўз ҳиссаларини қўшадилар деб умид қиламиз. Аллоҳ таоло ёш қориларимизни ўзларига ўхшаган кўплаб қориларни етиштириб чиқаришга хизмат қилдирсин.

Бугунги кун ҳар қандай соҳадан ривожланишни талаб этяпти. Тараққиётнинг асоси малакали кадрлардир. Таълим сифатини ошириш борасида институтда қандай ишлар амалга ошириляпти?

– Тошкент ислом институти профессор-ўқитувчилари иштирокида 2018–2019 ўқув йили учун ўқув режа ишлаб чиқилди. Бу жараёнда юртимизда асрлардан бери шаклланган анъанавий ҳанафий мазҳаби ва мотуридий таълимотига мувофиқ диний таълим тизими ҳамда хорижий етакчи диний олий ўқув юртлари тажрибаси эътиборга олинди. Тошкент ислом институти билан бирга ўрта махсус ислом таълим муассасаларининг ҳам ўқув режалари ва ўқув дастурлари замон талабларидан келиб чиқиб, узвийлик ва узлуксизлик нуқтаи назаридан қиёсий қайта кўриб чиқилди.

Янги ўқув режада мутахассислик фанлари салмоғи 80 фоиз. Хусусан, ақоид фани – 232 соат, тафсир – 717 соат, фиқҳ – 998 соат, ҳадис – 1036 соатни ташкил этади. 2006 йилда тасдиқланган ўқув режага солиштирганда фиқҳ ва ҳадис фанларининг ўқув соатлари 3 баробарга ошган.

Институтимизда асосий дарслардан ташқари 27 та факультатив дарс ва тўгараклар ташкил этилган. Улардан 26 таси айнан мутахассислик фанларидандир.

Талабаларнинг назарий билимларини амалиётга татбиқ қилиш мақсадида 2-курслар учун уч ҳафтадан иборат малакавий амалиёт жорий қилинди.

Ушбу ўқув йилидан эътиборан “Дарс сифатини назорат қилиш ҳайъати” ташкил этилди. Ҳайъат ўқитувчиларнинг ютуқ ва камчиликларини талабаларнинг ўзлаштириш даражасини эътиборга олган ҳолда таҳлил қилиб боради; профессор-ўқитувчиларнинг касбий маҳорати, инновацион ёндашувларини ҳисобга олиб, уларни рағбатлантириш бўйича тавсиялар беради.

 – Ўтган ўқув йилида очилган Махсус сиртқи бўлим жуда кўпчиликда катта қизиқиш уйғотди. Ушбу бўлим ва унга қабул ҳақида маълумот берсангиз. Кундузги таълимда қабул квоталари қандай?

Институмизда Махсус сиртқи бўлим Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг 2017 йил 29 сентябрдаги 01А/092-сонли буйруғи асосан ташкил этилган. Мақсад – юртимизда фаолият олиб бораётган илмий-тадқиқот марказлари, масжид ва зиёратгоҳлардаги ўрта махсус маълумотли имом-хатиб, имом ноиби, зиёратгоҳ масъули каби мутахассисларга олий маълумот олиш имконини бериш. Бўлимда ўқиш муддати 3 йил, унга ҳужжат топшириш учун ўрта махсус ислом таълим муассасаси дипломи ва Ўзбекистон мусулмон идораси тизимида 5 йилдан кўп иш стажи талаб этилади.

Махсус сиртқи бўлимга 2017–2018 ўқув йилида 60 нафар, жорий 2018–2019 ўқув йилида 120 нафар талаба қабул қилинди.

Қабул имтиҳонлари фиқҳ (75,6), ақоид (75,6), араб тили (75,6, умумий 226,8 балл) фанлари асосида ўтказилади.

Шунингдек, институт кундузги таълими шаклида 2017–2018 ўқув йилида 130 нафар, жорий 2018–2019 ўқув йилида 71 нафар талаба қабул қилинди.

Юртимиз мусулмонларини қувонтирган янгиликлардан бири “Қуръон карим ва тажвид” курсларининг очилиши бўлди. Унда кимлар ўқиши мумкин?

– Ўзбекистон мусулмонлари идораси Олий ҳайъатининг 2018 йил 31 январдаги мажлис қарори ва ЎМИнинг 2017 йил 14 декабрдаги 01А/140-сонли буйруғи асосида диний идора тасарруфидаги олий ва ўрта махсус ислом таълим муассасалари ҳамда илмий мактабларда “Қуръон қироати ва тажвид” пуллик ўқув курслари ташкил этилган.

Институтимиздаги ўқув курсларига 18 ёшга тўлган фуқароларимиз ҳафтанинг ҳар шанба куни соат 09:00дан 14:00гача ҳужжат топширишлари мумкин. Ўқув машғулотлари учун тўлов миқдори 1 нафар тингловчи учун (уч ой муддатга) энг кам ойлик иш ҳақининг 4 баравари миқдорида икки томонлама шартнома асосида амалга оширилади.

2018 йил 5 январга қадар “Қуръони карим ва тажвид” ўқув машғулотларида ўқиш истагини билдириб жами 566 нафар фуқаро (360 нафар аёл-қиз) ҳужжат топширди. Шу кунга қадар уларнинг 120 нафари (шундан 60 нафари аёл-қиз) махсус курсни тугатди. Барча битирувчиларга ўқув курсини тамомлагани тўғрисида маълумотнома берилди.

2018 йилнинг 10 декабридан бошлаб курснинг 3-давра босқичи ўқув машғулотларида 60 нафар (30 нафари аёл-қизлар) тингловчи таҳсил олмоқда.

Ўқув курсларда тажрибали ўқитувчилар интерфаол услубда дарс машғулотларини олиб бормоқда. Ҳар ойда бир марта тингловчиларни қизиқтирган мавзуларда маънавий-маърифий суҳбатлар ташкил этилади. Суҳбатларни мен ва институт проректори Жаҳонгир Мелиқўзиев олиб бормоқда.

Ал-Азҳар университетида Қуръони карим йўналишида ижоза (махсус рухсатнома) олган устозлар – Жаҳонгир Неъматов ва Валихон Азимбоев тингловчилар учун махсус мастер-класс ўтиб беришяпти.

Тошкент Ислом институтида “Хатмул кутуб” ўтказиш анъанаси йўлга қўйилди. Ушбу тадбир ҳақида тўхталсангиз.

Тарихдан маълум, қадимги Мавороуннаҳр, хусусан Бухоро, Самарқанд, Хоразм ва Шош мадрасаларида Қуръони каримни ёдлатиш билан бирга тафсир, ҳадис, фиқҳ, ақоид, тасаввуф, фароиз, усулул-фиқҳ ва мусталаҳул-ҳадис фанлари бўйича араб, форс, туркий тилларда ёзилган мўътабар китоблар, ушбу китобларга ёзилган шарҳлар ва уларнинг ҳошиялари ўқитилган. Ушбу фанлар бўйича энг мўътабар китобларни тугатганларни “Хатм карда Мулло” деб аташган. Талабалар ўқишни тамомлаганда “Хатмул кутуб”, яъни “Дарслик китобларни тугатганлик” тадбири ўтказилган. Тадбирда ўша вақтдаги катта мударрислар, шаҳар қози ва муфтийлари йиғилган. Зиёфат дастурхони ёзилиб, талабалар ва устозлар ҳаққига дуои хайрлар қилинган. Аллоҳга шукурлар бўлсин, юртимизда ана шундай қадриятлар тикланмоқда.

2018 йил 21 июнь куни Ўзбекистон мусулмонлари идорасида муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари бошчилигида “Хатмул кутуб” тадбири бўлиб ўтди. Унда 12 мўътабар асарни хатм қилган 140 нафар талабамиз ва устозлар қатнашди.

 

  Ҳадис фани катта ўқитувчиси Ф. Маманосиров 2017–2018 ўқув йили бошидан 30 нафар талабага Имом Термизийнинг “Сунани Термизий” асари матни ва унинг шарҳини факультатив дарс сифатида ўргатди. 2018 йилнинг 17 июнь куни Сурхондарё вилояти Шеробод туманида жойлашган Абу Исо Муҳаммад ибн Исо Термизий зиёратгоҳида хатми Қуръон қилиниб, ушбу китоб хатмонаси бўлиб ўтди.

Бундай хатмоналар талабаларда илм олишга, аждодларимиз қолдирган бой маънавий меросдан унумли фойдаланишга рағбат уйғотади.

Мазмунли суҳбатингиз учун ташаккур.

 

Абдулатиф АБДУЛЛАЕВ суҳбатлашди.

«Ҳидоят» журналининг 2019 йил, 1-сонидан