Халқаро анжуманда ватандошимиз рекорд ўрнатди
Жорий йил 13-16 февраль кунлари Москва шаҳридаги кўргазма марказида «Шарқ бозори «Дўппи» III Халқаро маданиятлар фестивали бўлиб ўтди.
Унда Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Туркманистон, Грузия, Россия, Татаристон, Озарбойжон ва Доғистондан халқ амалий санъати усталари иштирок этдилар.
Фестивалда Ўзбекистондан 15 стенд иштирок этиб, уларда ҳунармандларимиз Бухоро гиламлари ва темир ўймакорлиги, Риштон ва Ғиждувон кулолчилиги, заргарлик буюмлари, Чуст пичоқлари, Марғилон ипаги ва халқ амалий санъатининг бошқа маҳсулотларини намойиш этишди.
«Дўппи» халқаро амалий санъат фестивали – бу турли халқларнинг маданий меросига оид лойиҳа бўлиб, у ўз халқи маданияти ва тарихини намойиш қилишга тайёр мамлакатлар ҳунармандларини бир майдонда тўплаш имконини беради.
Фестиваль дастуридан фольклор ансамблларнинг чиқишлари, этно-эртаклар мотивлари бўйича спектакллар, турли мамлакатлар маданий мероси ҳақидаги фильмлар намойишлари, маърузалар, маҳорат дарслари ва модалар намойиши ўрин олган.
Эн қизиғи, Халқаро маданиятлар фестивалида моҳир ошпаз Ҳаким Ғаниев бошчилигида дунёдаги энг катта лағмон тайёрланди. Лағмоннинг оғирлиги 797 килограммни ташкил қилди.
Ўрнатилган рекорд «Интеррекорд» халқаро рекордларни рўйхатдан ўтказиш агентлиги томонидан қайд этилди ва бундан аввалги рекорд (2015 йилда Олма-ота шаҳрида тайёрланган 687 килограмм лағмон)ни ортда қолдирди.
Тадбир меҳмонларининг «Нима учун айнан лағмон?» деган саволига лойиҳа ташкилотчиси Фотима Орифжонова лағмоннинг кўп халқлар, жумладан ўзбеклар, қозоқлар, уйғурларнинг таоми эканлиги, мақсад эса халқларимиз ўртасидаги аҳилликни янада мустаҳкамлашдан иборатлигини айтиб жавоб берди, дея хабар беради Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси матбуот хизмати.