Мақолалар

Салом кимдан бошланади?

Чоп этилди Fevral 18, 2020 Салом кимдан бошланади?da fikr bildirishni o'chirish

Динимиз мусулмонларни аҳил-иноқ бўлишга буюради. Мусулмонлар бир-бирлари билан рўбарў бўлишганида салом бериб, алик олишлари аҳил-иноқ бўлишларининг муҳим омилидир.

عن أبي هريرة رضي الله عنه أن رسول الله صلى الله عليه وسلم قال: يُسَلِّمُ الصَّغيرُ على الكَبيرِ، وَالمَاشِي على القاعِدِ، وَالقَلِيلُ على الكَثِير (متفق عليه). عند مسلم: والرَّاكِبُ عَلَى الْمَاشِي .

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ривоят қилади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам марҳамат қиладилар: “Ёши кичик ёши каттага, юраётган ўтирганга, озчилик кўпчиликка салом беради”» (Муттафақун алайҳ). Имом Муслимнинг ривоятида: Уловдаги пиёдага” деб зиёда қилинган.

“Ассалому алайкум” деб салом бериш суннатдир. Саломга алик олиш эса вожибдир.

Салом Аллоҳ таолонинг исмларидан биридир. Салом барча нуқсонлардан пок-саломат демакдир. “Ассалому алайкум” дуодир. Мусулмон ўзига рўбарў бўлган мусулмонга “Ассалому алайкум” дейиши билан уни дуо қилган, сизни Аллоҳ таоло барча ёмонликлардан саломат қилсин, деган бўлади. Яъни, “Сизни Аллоҳ таоло паноҳида асрасин”, деган бўлади.

Киши “Ассалому алайкум” дейиш билан бир суннатни адо этган ҳисобланади. Саломга ўзидек қилиб, яъни “Ва алайкум ассалом”, деб жавоб қайтариш лозим, агар зиёда қилинса, янада яхши. Йироқдаги одамнинг саломи элчи ёки мактуб орқали келтирилганда ҳам, саломга дарҳол жавоб қайтариш вожиб бўлади.

Ёши кичик ёши каттага” – ёшлар ёши улуғларни эҳтиром қилиш лозимлиги учун катталарга салом беришлари керак. Ёшлар катталарни улуғлаши, уларга тавозели бўлиши керак.

Йўловчи ўтирганга” салом беради. Чунки йўловчи хонадонга кираётган кишига ўхшагани учун биринчи салом беради.

Озчилик кўпчиликка” салом беради. Чунки кўпчиликнинг ҳақи озчиликдан ортиқдир. Агар кўпчилик озчиликнинг, ёши улуғ кичикнинг олдидан ўтадиган бўлса, биринчи салом беради.

Уловдаги пиёдага” салом беради. Уловдаги улов минганлигидан кибрланмаслиги учун пиёдага салом беради. Уловдаги салом бериш билан ўзига берилган неъмат сабабли ҳаволаниб кетишдан сақланади.

“Шарҳу Муслим лин Нававий” ва “Иъламул анам шарҳу Булуғил маром” асосида

Азизбек ХОЛНАЗАРОВ тайёрлади.

“Ислом нури” газетасининг 2020 йил 2-сонидан