Мақолалар

Силаи раҳмда бардавом Бобур

Чоп этилди Fevral 19, 2020 Силаи раҳмда бардавом Бобурda fikr bildirishni o'chirish

Бу дунёда чин инсон учун (у ким бўлиши, қайси давр, қай мамлакатда яшашидан қатъи назар) ватан, оила, қондошлар, ўз халқи муҳаббати, соғинчи, дийдорига тўйиб яшаш юксак бахт-саодатдир.

Шоҳ ва шоир Заҳириддин Муҳаммад Бобур ҳаёти саҳифаларини варақларкансиз, бу улуғ инсоннинг аввало она-Ватани, туғишганлари, аҳли аёли, фарзандларига муҳаббати, садоқати, соғинчу саховатидан қалбингиз ёришиб кетади.

…1527 йилнинг бошларида Бобурнинг иккита темурийзода аммабегимлари ўз фарзанду аржумандлари билан Кобул шаҳридан подшоҳ Бобур ҳузурига – Ҳиндистонга ташриф буюрадилар. Чунки Бобур ўз уйини, оила аъзолари ва қадрдонларини соғинган эди. Бу ҳақда “Бобурнома” асарида шундай ёзади: “Бу фурсатта бир қовун келтуриб эдилар, кесиб егач, ғариб таъсир қилди. Тамом йиғлаб эрдим…”

Шундан сўнг фармони олий берди: “Яна бу хат етгач-ўқ, эгачимни ва харамни бат чиқариб, Нилобқача бадрака бўлиб келинг. Керакким, ушбу хат етқач, ўшул ҳафтада ҳар неча кеч қолсалар, албатта чиқсунлар. Не учунким, Ҳиндистондан борғон черик тор ерда танқислик ҳам тортарлар, вилоят ҳам хароб бўлур”.

Бу фармони олий етиб келгач, лашкарни бир-икки соат ичида тўплаб, юришга шай қилиш мумкин эди, лекин ҳарам аҳли тайёргарлиги учун деярли бир ҳафта вақт кетарди. Соҳиби тахтнинг “…хат етқач, ўшул ҳафтада” йўлга отланилсин, деган амрини амалга ошириш жуда мушкул эди. Шу боис бўлса керак, малика Моҳим бегим бошқалардан аввалроқ – январь ойида Ҳиндистон сари йўлга чиқиб, айтилган муддатда манзилга етган, унга қизлари Гулбаданбегим ҳам ҳамроҳ эди.

Бобур Моҳим бегимнинг Ҳинд дарёсига етиб келгани ва уни навкарлар сардори кутиб олингани ҳақида хабар олди. Карвон манзилга яқинлашгани сайин, ҳар сафар тўхтаган жойида уч-тўрт кун қолиб кетишига тўғри келарди. Чунки кажава ва маҳофаларни кўтариб юрувчи хизматкорлар ҳам, отлар ва юк ортилган жониворлар ҳам тезда ҳолдан тойиб қоларди.

Ниҳоят, июнь ойининг 27-кунида карвон Аграга яқинлашиб қолди. Бу ҳақда Гулбаданбегим “Ҳумоюннома” асарида шундай хотирлайди: “Онам ҳазратлари Кўл (ҳозирги Алигарх) шаҳрига етиб келганларида, подшоҳ бобом (отам маъносида, изоҳ – бизники) уч отлиқ киши билан иккита кажава юборибдилар. Биз дарҳол Агра томон йўл олдик. Подшоҳ ҳазратлари бизни Кўли Жаломийда кутиб олиш ниятида эканлар. Лекин аср намози пайтида бир киши келиб “Бегимни икки курух нарида кўрдим”, дебди. Подшоҳ бобом ҳатто отини эгарлашларига ҳам тоқат қилолмай, пиёда йўлга чиқиб, келиб онам ҳазратларини кутиб олдилар. Онам отдан тушмоқчи бўлдилар-у, лекин бобом қўймасдан ўзлари онамнинг отлари жиловидан тутиб, ўз уйларига етгунга қадар пиёда келдилар…” “Онам подшоҳ бобомнинг ҳузурига кетаётганларида, менга “Кундузи келиб, ҳазрат билан кўришгин”, деб тайинладилар”…

“Ниҳоят, овқатланиб бўлгач, – дея ўзи билан боғлиқ воқеаларни ҳикоя қилади Гулбаданбегим, – мен маҳофага ўтириб, ҳазрат подшоҳ бобом ҳузурига бориб, кўришиб, ўзимни унинг пойига ташладим”. Бобур табиатан дилбар шахс бўлгани сабабли, аёллар ва болаларга нисбатан ҳамиша саховат ва мулойимлик билан муомала қиларди: “Ҳазрат кўп ҳолу аҳвол сўрадилар”.  Бобур  ўзидан олисда катта бўлиб, гўёки ғойибдан пайдо бўлиб қолган, оқилалиги билан меҳрини қозонган қизчасига мафтун бўлиб қолган эди: “Ул ҳазрат анчагина мени бағрига босиб, тиззаларида олиб ўтирдилар ва мен ҳақир шу онларда ўзимни шунчалик бахтли ҳис қилдимки, буни тасаввур этиш қийин”.

Бирмунча муддатдан кейин ҳарамнинг қолган қисми ҳам пойтахтга яқинлашгани ҳақида хабар етди. Ҳарам карвони бошида Хонзодабегим келарди: “Подшоҳ бобом ҳазратлари оқажоним – аммам ҳазратларини муносиб кутиб олиш учун у кишининг истиқболига пешвоз чиқиб, Навгиронгача келдилар…”

Шоҳ Бобур ҳар ҳафта жума намозидан кейин аммалари ва энагалари зиёратига борарди. Гулбаданбегим ҳикоя қилади: “Бир куни ҳаво жуда исиб турган пайтда онам Моҳим бегим ҳазратлари: “Бугун ҳаво ниҳоятда иссиқ, бирор жума уларни кўргани бормасангиз, бегимлар хафа бўлмаслар”, – деди. Подшоҳ онам ҳазратларининг бу гапидан ҳайратга тушиб, шундай дедилар: “Моҳим, сиздан бу гапнинг чиқиши таажжубдир. Ҳазрат Абдусаид мирзонинг қизлари ўз оталари ва биродарларидан жудо бўлиб, бу ерга, менинг ҳузуримга келганлар. Агар мен уларнинг кўнглини олмасам, унда нима бўлади?”

Асл ҳолича безаб-бўямасдан қоғозга туширилган бу самимий сатрларни ўқиркансиз, Заҳириддин Бобурнинг замонлар эътироф этган “дилбар шахс”лиги илдизларини равшан кўргандай бўласиз.

Муҳтарама УЛУҒОВА

Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган маданият ходими

“Ислом нури” газетасининг 2020 йил 2-сонидан