Мақолалар

Вақф мулкини таъмирлаш кимнинг зиммасида?

Чоп этилди Fevral 19, 2020 Вақф мулкини таъмирлаш кимнинг зиммасида?da fikr bildirishni o'chirish

Вақф фойдаланиш мумкин ва жоиз бўлган мулкни узлуксиз давом этиш шарти билан эгасининг тасарруфидан чиқариб, ундан келган манфаатни Аллоҳ ризоси учун хайрли йўлда сарфлашдир. Бунда мулк вақф қилувчининг тасарруфидан чиқиб, Аллоҳнинг, яъни жамоанинг мулкига айланади. Бу мулкнинг бошқаруви энди вақф ҳужжатидаги шартлар ва умумий асосларга кўра олиб борилади [1:75-78].

Абу Ҳанифа раҳматулло­ҳи алайҳнинг вақфга берган таърифи қуйидагича: “Вақф – мулк бўлган бир айнни вақф қилувчининг мулкидан чи­қариб олиш ва даромадини йўқсилларга ёки бошқа хайрли ишларга садақа қилмоқ­дир [2:27].

Вақф мулки кўзланган мақ­садга хизмат қила олиш учун унинг фойдаланишга яроқли бўлиши энг муҳим жи­ҳатларидан биридир. Ис­лом ҳуқуқида бу масалага ҳам алоҳида эътибор қаратилган.

“Ҳидоя”да вақф қилувчи шарт қўйса ҳам, қўймаса ҳам вақф мутаваллиси аввал вақф мулкини яроқли ҳол­га келтириши вожиб экани айтилган [3:403]. Чунки вақф қилувчининг мақсади вақф даромадидан одамларнинг мунтазам фойдаланишини таъминлашдан иборат. Таъ­мирланган ва яроқсиз вақф мулки даромадининг давомли бўлиши эса имконсиздир. Шундай экан, вақф таъмири шарти ўз-ўзидан пайдо бўлади. Яъни, вақф бошқарувчиси (мутавалли) ушбу бошқарувни зиммасига олган вақтда вақфга даромад келтириш ва айтилган ўринга сарфлаш ваколатини ҳам, уни таъмирлаш вазифасини ҳам ўз зиммасига олган бўлади.

Вақф бошқарувчисининг вақф мулки таъмирини зиммасига олишини қуйидаги мисол орқали изоҳлаш мумкин. Бир кишининг хизматига васият қилиб берилган бир қулнинг нафақаси ўша кишининг зиммасида бўла­ди. Агар вақф фақирларга қи­линган бўлса ва вақф қи­лувчи улар исми ва сонига кў­ра ҳисобланмагани сабабли уларни топа олмаса, ўша фақирларнинг вақф даромадига энг яқин бўлган молла­рини вақф таъмири учун сарфлайди; агар вақф муайян шахсга қилинган бўлиб, уни фақирларга ижарага берган бўлса, вақф харажатлари вақф қилинган шахснинг ҳар қан­дай мол-мулкидан қили­нади. У тирик экан, шундай давом этаверади.

Вақф қилинган шахс вақф­нинг эски ҳолини сақлаб қо­лиш учун етарли даражадаги харажатларни амалга ошириши керак. Агар муайян шахсга қилинган вақф мулки бино шаклида бўлиб, қуласа ёки хароб бўлса, уни айнан вақф қилинган вақтдаги ҳолига келтириш харажатлари ҳам юқоридаги шартлар асосида амалга оширилади. Чунки ушбу вақф мулкининг даромади вақф қилинган кишига берилган, бундан ортиқчаси ундан сўралмайди. Даромад эса унинг ҳақи бўлиб, унинг розилигисиз бошқа мақсадда ишлатилиши мумкин эмас.

Вақфнинг фақат камба­ғалларга қилиниши масаласида икки хил қараш илгари сурилган. Биринчи қарашга кўра, бунда ҳам ҳукм юқорида тилга олинган мисолдаги каби бўлади. Иккинчи қарашга кўра, улар рози бўлмаса ҳам, даромад вақфнинг ҳосилини орттириш учун қўлланиши мумкин. “Ҳидоя”да биринчи қараш саҳиҳроқ экани қайд этилган [3:404]. Буни қуйи­дагича изоҳлаш мумкин: қи­линган харажат вақфнинг ­давомийлиги учун зарур бўл­ган мажбурий эҳтиёжлар учун бўлади, ортиқчаликда, яъни заруратдан ташқари сарф-харажатларда эса мажбурийлик бўлмайди.

“Ҳидоя”даги яна бир масала фарзандга қилинган вақфга оиддир. Матн қуйидагича: “Бир уйни фарзанди яшаши учун вақф қилса, уй парвариши яшаган киши зиммасидадир” [3:404]. Чунки, аввал айтиб ўтилганидек, қўлга киритилган маблағ масъулиятнинг эвазига келади. “Ҳидоя”да шу сабабли “бу ҳам бир кишининг хизматига берилган қулнинг нафақаси ҳукмида” [3:404] бўлиши қайд этилган. Бироқ бу борада мазкур уйда яшовчи фойдаланувчининг бунга рози бўлиши ёки рад этиши масаласи юзага чиқади. “Уйда яшаётган киши буни рад этса ёки фақир бўлса, ҳоким уйни ижарага бериб, ижара ҳақи эвазига уйни обод қилади. Шундан сўнг уйни қайтариб вақф қилинган кишига беради” [3:404]. Шу йўл билан ҳам вақф қилувчининг, ҳам уйда яшаш ҳуқуқига эга бўлган кишининг ҳуқуқи ҳимоя қилинади, ҳам вақфнинг давомийлиги таъминланади. Чунки уй обод қилинмаса, унда яшаш имкони йўқолади. Таъмир қилиш эса таъмир қилмай қулашига қўйиб беришдан яхшироқдир.

Вақф мулкининг бирдан ортиқ нозири мавжуд бўлган ҳолат ҳам Ислом ҳуқуқининг шериклик (ширка) бобидан ўрин олган. Унга кўра, икки киши бир вақф мулкининг нозири бўлса, вақф мулки хароб ҳолга келса, нозирлардан бири таъмирлашни истаса ва бошқаси истамаса, вақф мулкидан зарурий харажатни қоплаш билан у ҳам таъмирда иштирок этишга мажбур қилинади. Аммо шериклик бир қисми вақф, бир қисми мулк бўлган бир уй устида бўлса ва зарар вақф қисмига етган бўлса, вақф нозири таъмирда иштирок этишга мажбур қилинади. Агар зарар мулк қисмига етаётган бўлса, у таъмирга мажбур қилинмайди [4:925].

Агар бўлинмайдиган шерикликдаги мулкнинг бир қисми вақф, бир қисми шахсий мулк бўлса ҳамда вақф қилинган шахс ёки вақф нозири таъмирлашга эътибор қилмаса, мулк таъмирлашга ва вақф таъмири харажати вақф даромади ҳисобидан қопланишига қарор қилинади [4:927].

“Ҳидоя”да таъкидланиши­ча, “вақфнинг эскирган бино ва жиҳозларини ҳоким вақф таъмирида ишлатади. У вақтда бундай эҳтиёж мавжуд бўлмаса, эҳтиёж туғилгунга қадар уларни сақлайди. Эҳ­тиёж туғилгач, қайтадан ўша ерда ишлатилади” [3:404]. Бу тадбир ҳам вақфнинг узлуксизлигини таъминлаш учундир. Аммо жиҳозлар эски, ўрнида ишлатилиши мумкин бўлмаса, улар сотилади ва пули вақф эҳтиёжларига сарфланади. Шу йўл билан бу пул ўша жиҳознинг ўрнига ўтган бўлади. “Ҳидоя”да: “Бу малзама вақф қилинган кишилар ўртасида бўлиб берилмайди [3:405]”, деб алоҳида таъкидланган. Ўз-ўзидан маълумки, бу жиҳоз вақф мулкига тегишли бўлгани учун ҳам шу ҳукм қабул қилинган. Фойдаланувчиларнинг у жи­ҳозда ҳеч қандай ҳақи йўқ. Чунки улар фақат вақф даромадидан фойдаланишади, вақфнинг аслига тегишли бўлган жиҳозлардан эса ҳақ талаб қилишлари мумкин эмас. Муаллиф буни: “Вақфнинг асли Аллоҳ таоло­га оид” [3:405] экани билан изоҳлаган. Шундай экан, вақф қилинган кишиларга фақат ўз ҳақлари берилади.

Фойдаланилган манбалар

  1. Кубайсий. Аҳком ал-Вақф. Бағдод, 1977. 1-жилд.
  2. Шамсуддин Сарахсий. Китоб ал-Мабсут. 12-жилд. Дор ал-маърифа, Байрут, Ливан.
  3. Бурҳониддин Марғиноний. Ҳидоя. 4-жилд. Ал-Бушро нашриёти, Карачи, Покистон.
  4. Abdurrahmon Cezırí, Dört Mezhebe Göre Ìslâm Fıkhı- I, Çagrı Yayınları, 7. Baskı, Ìstanbul, 1993.

Рахшона КЕНЖАБОЕВА

Ўзбекистон халқаро ислом академияси таянч докторанти

“Ҳидоят” журналининг 2020 йил, 1-сонидан