Мақолалар

Олимлик фазилати

Чоп этилди Fevral 19, 2020 Олимлик фазилатиda fikr bildirishni o'chirish

Бутун дунёларни ўзининг қудрати ила йўқдан бор қилган, Ўзининг олий Каломини муборак “Ўқи” буйруғи билан қоим этган Aллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин!

Жами оламга раҳмат нури, саодат қуёши, “Илм Чинда бўлса ҳам ўрганинглар” дея марҳамат қилган Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи ва салламга барча махлуқотлар ададича ва ундан ҳам кўпроқ салавоту саломлар бўлсин!

Aллоҳ таоло ўзининг муборак каломи шарифида Ўзидан фақат олимларгина қўрқишини таъкидлайди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам эса олим ва обиднинг бир-биридан фарқи тўғрисида сўз юрита туриб “Олимнинг обиддан фарқи ҳудди ой ва юлдузнинг ўзаро фарқи кабидир” дея марҳамат қиладилар. Ҳўш, нега олим ва обид орасидаги фарқ ой ва юлдуз каби? Биз бу саволга ўз ожиз илмимиз билан жавоб беришга ҳаракат қилиб кўрамиз, ин ша Aллоҳ.

Уламолар “Aмал қилинган маълумот илм, ана шу илмнинг эгаси эса олимдир” дея таъкидлашган. Яна улуғлардан “Олим ким?”- деб сўрашганда, улар “Aллоҳ таолони сенга эслатувчи киши олимдир” дея жавоб беришган. Улуғлар гапидан хулоса қилинадиган бўлса, олим – Раббининг ҳукмларига мутлақ таслим бўлган ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга эргашиб, у зоти бобаракотнинг суннатларини ҳаётига татбиқ этган киши экани маълум бўлади. Зеро, ана шундай сифатларни ўзида жамлаган кишигина инсонларга Аллоҳ таолони эслатиши мумкин.

Олим риёзат ва қийинчиликлар билан илм ўрганади. Ўзи ўрганган илимларни устозидан қандай олган бўлса яна шундай қилиб шогирдларга ўргатади. Ўрганиши Aллоҳнинг розилиги учун бўлгани каби ўргатиши ҳам шундай бўлади. Натижада юксак ҳурмат ва эътибор топади.

Олимнинг илмига амал қилиши Қуръон ва суннатни ҳаётига татбиқ этиши билан бўлади. Бундай банда Роббиси ҳузурида мақталганлардан бўлади ва охират саодатига эришади.

Мавлоно Aшраф Aли Таҳановий қуддиса сирруҳу айтадилар: “Шогирдларнинг муҳаббати сабаб устозлар ҳам уларга муҳаббатли бўладилар”.

Ҳазрат Мавлоно Қосим Нонутвий қуддиса сирруҳу айтадилар: “Aллоҳ таолонинг жорий қилган суннати шуки, устозга бедаблик ила илм ҳосил бўлмайди. Aллоҳ таоло менга нима ато қилган бўлса, уларнинг барчаси устозлар ва улуғларга нисбатан одоб ва муҳаббатим сабаблидир”.

Ҳадиси шарифда: “Кимдан илм ўргансанг, унга нисбатан тавозе ва одоб ила муомала қил” дейилган.

Жалолиддин МУҲАММАДАЗИЗОВ

Мир Араб ўрта-махсус ислом билим юрти мударриси