Мақолалар

Жанозада жамоатнинг фазилати

Чоп этилди Fevral 21, 2020 Жанозада жамоатнинг фазилатиda fikr bildirishni o'chirish

Жаноза намозида кўпчилик бўлиши суннат ҳисобланади. Бу ҳақда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай деганлар:

عَنْ ابْنِ عَبَّاسٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُمَا قَالَ: سَمِعْتُ رَسُولَ اللهِ صَلَّي اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ يَقُولُ: مَا مِنْ رَجُلٍ مُسْلِمٍ يَمُوتُ، فَيَقُومُ عَلَي جَنَازَتِهِ أَرْبَعُونِ رَجُلاً لاَ يُشْرِكُونَ بِاللهِ شَيْئًا إِلاَّ شَفَّعَهُمُ اللهُ فِيهِ. رَوَاهُ مُسْلِمُ

Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:

«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай деганларини эшитганман: «Бирор мусулмоннинг жанозасида Аллоҳга ширк келтирмаган қирқ киши қатнашса, Аллоҳ уларнинг шафоатларини қабул қилади» (Имом Муслим ривояти).

«Аттобийя» китобида айтилади: Жанозада одам қанча кўп бўлса, шунча афзалдир. Имомдан ўзга олти одам бўлса, уч киши имомнинг орқасида бир саф бўлади. Иккиси уларнинг кетидан бир саф ҳосил қилади. Бири охирида бир саф боғлайди.

Маййитга жамоат билан жаноза намози ўқилган бўлса, қайтадан ўқиш макруҳ. Агар жамоатсиз ўқилган бўлса, дафн қилишдан олдин жамоат билан қайта ўқиш мандуб ҳисобланади[1], лекин шарт эмас, чунки фарз адо этилди. Агар жаноза намозини эркаклар бўлгани ҳолда аёллар адо қилсалар, ўтмайди[2].

[1] Муҳаммад Абдулҳай Лакҳнавий. «Шарҳу жомиъуссоғир».1-жуз. 579-бет.

[2] Ваҳба Зуҳайлий. «АлФиқҳулисламий ва адиллатуҳу». Дамашқ: «Дорулфикр». 1980, 2-жуз. 499-бет.

 

 

 

 

Пўлатхон КАТТАЕВнинг

“Исломда жаноза” китобидан