Мақолалар

Шукрона

Чоп этилди Fevral 21, 2020 Шукронаda fikr bildirishni o'chirish

Холмурод ота уруш қатнашчиси эди.

Ўтган асрнинг етмишинчи йилларида уруш иштирокчиларига ҳукумат қарори билан имтиёзли тарзда “Запорожец” русумли енгил автомашина берила бошланди. Турли идораларга қатнаб, расмиятчиликлардан чўчимаган бир-иккита фахрийларгина уловли бўлишди, холос. Холмурод бобони болаларининг ичига ҳам олов тушди. “Биз олмаймизми? Отамиз уруш қатнашчиси бўлса…” Айниқса, кенжа ўғил Рўзиматнинг  ҳаловати бузилди: “Бу имкониятдан фойдаланиб қолиш керак. Машина дегани магазинда турган матоҳ эмас, бугун бўлмаса, эрта-индин олавераман, десанг…”

Ота гапидан қайтмайдиган, фикрини ўтказадиган, чўрткесар одам эди. Шунданми, оиладагилардан ҳеч  бири  анча фурсат бу ҳақда сўз очишга журъат этишмади. Чолнинг эса парвойи палак. Ниҳоят, бобонинг яқин дўсти Иброҳим бувага ҳам машина беришди-ю, кечки овқат пайтида:

– Ота, мана, дўстингиз ҳам машина минадиган бўлди, – деди катта ўғил укасига маъноли  қараб. – Болалари жуда хурсанд…

– Биламан, қуллуқ бўлсин айтиб, ошини еб келдим, – деди ота ўғлининг дилидагини англамай. – Илойим, яхшиликка минсин. “Запорож” деган мошин экан, кўрдим, кичкинагина…

Кичкина бўлса ҳам, бори яхши-да, энди у ер-бу ерга борганда қийналиб юришмайди…

Шу  пайтда Розия момога жон кирди.

– Отаси, – деди ҳаммага бир-бир кўз югуртириб, – ўғилларингиз сизга анчадан бери биз ҳам машина олайлик, отамнинг бунга ҳақлари бор-ку, сал ҳаракат қилсинлар, деб айтолмай  юришибди. Уларнинг гаплариям ноўрин эмас. Баҳонада  уловли бўлиб қолсак…

Бобо бир муддат жимиб қолди.

– Менинг бунга ҳақим йўқ-да, – деди сал фурсатдан сўнг ҳаммани ҳайрон колдириб. – Мен урушга борганим билан жанг қилмаганман.

– Қанақасига жанг қилмагансиз, – сабрсизроқ Рўзимат чидаб туролмади. – Ким сўраб ўтирибди сиздан жанг қилдингми, қилмадингми, деб. Урушга бордингизми, бўлди-да…

– Йўқ, бўлди эмас-да. – Холмурод ота бирдан сергак тортди. – Гапимни эшит, болам.

Ҳамма жим қолди.

– Урушга кирганимиз заҳоти менга тўртта ёғоч бочка юкланган  от-аравани беришди. – Қариянинг овози  маҳзунлашди. – Вазифам эртаю кеч сувга қатнаш бўлди. Қордаям, довулдаям, ўқлар ёмғири остидаям кечасию кундузи қаерга сув керак бўлса, етказиб берардим. Неча марта бомба тагида қолиб от, аравамдан айрилдим. Снаряд теккан отнинг боши осмонга коптокдек учганини кўрганман. Ўшанда йиғлаганман, ҳатто. Дўстимдай бўлиб қолган эди-да, жонивор. Тавба дейман, шунча қирғинбарот, тало-тўпларда юриб  ўзимга тикон ҳам киргани йўқ. Милтиғим елкамдан тушмади. Сўнг бир йил аравам билан ярадорларнинг санитария қисмига қатнаганман. Уларнинг ичида қўли, оёғи янчилиб кетганлари бўларди. Мабодо тирик қолган бўлсалар, ана ўшалар машина минишга ҳақли. Мен эса тўрт мучам соғ-омон юртимга қайтдим. Бу – Аллоҳнинг инояти, ўғлим. Шунинг учун тилимдан шукронамни қўймайман. Жанг қилмаганман, деганимни энди тушундингми?

– Тушундим, – Рўзимат юзлари қизариб ерга қаради.

Ҳамма алланечук енгил тортгандай бўлди. Кейин ҳеч ким бу ҳақда сўз очмади…

Содиқжон ИНОЯТОВ

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси

“Ислом нури” газетасининг 2020 йил 2-сонидан