Мақолалар

Ҳақим Худога ўтиб кетди… Астағфируллоҳ!

Чоп этилди Fevral 16, 2019 Ҳақим Худога ўтиб кетди… Астағфируллоҳ!da fikr bildirishni o'chirish

Аллоҳ таоло буюрган фарз амалларни бажараман, деб ҳам бандалигимизга бориб гуноҳ ишга қўл уриб  қўямиз.

Бир дўстим айтади. “Намозга кириб, ибодатларимга жиддийроқ эътибор қарата бошлаган кезларимда Қиёматда ҳар бир банда намозидан жуда қаттиқ сўралишини билиб, қазо қилиб қўйган намозларимни ўқишга киришдим. Ҳар намоз ортидан ўша намознинг қазосини қўшиб ўқишни одат қилдим – кунига кунлик. Аммо аниқ ҳисоб билан ўқимаганим сабабми, нимадир бўлиб, қазо намозларини ўқимай қуйдим. Азбаройи, қачон бошлаганим ва қачон тўхтатганимни ҳам унчалик эслай олмайман.

Ёшим янада улғайиб, қолган кунларда яна ўша қазоларни ўқишим керак, аммо энди аниқ ҳисоб билан ўқийман, деган қарорга келдим.

Шу ўй билан интернетдан ўзим ўн икки ёшга тўлган йилнинг тақвимини чиқариб олдим. Ҳар куни бир кунлик қазомни ўқийман-да, ўша кунни қизил қаламда ўраб қўяман. Завқим тошиб кетган кунлар бир кунда икки кунлик қазомни ўқиб қўяман.

Шу десангиз, бир куни бомдоддан олдин бир кунлик қазо намозимни тўлиқ ўқиб олдим. Аммо ишга келганимдан сўнг ўша кунни белгиладимми, йўқми, шуни эслай олмай қолсам бўладими.

Уҳ-ҳу, белгиламаган бўлсам-а… худди Аллоҳ таолога ҳаққим ўтиб қолганидек, юрагим туздек ачишиб кетаверди, астағфируллоҳ. Кейин ўзимга ўзим: “Эй нодон, сенинг белгилаган, белгиламаганингнинг нима эътибори бор? Ҳаммасини кўриб турган, сени намоз ўқишга қодир қилиб қўйган, қайси намозингни қабул қилиш, қайсисини қабул қилмаслик, ҳатто мутлақо қабул қилмаслик Ўзининг ихтиёрида бўлган Зот билади-ку, шунинг ўзи камми сенга!” деб дакки бериб қўйдим. Шундан кейин қазо намозларим бир тараф бўлди-ю, ўша даъвойим бир тараф бўлди – гуноҳимни ўзинг кечир, ё Раббий!”

Шунга ўхшаш ҳодисани кўпчилигимиз бошдан кечирганмиз. Масалан, намозда баъзан неча ракат ўқиганимизни унутиб қўямиз. Шунда уламоларимизнинг ўргатганларига амал қилиб, икки ракат қўшиб ўқиймиз. Яъни тўрт ракат намозни уч ракат қилиб ўқигандан кўра, шуниси тузук. Ана шу бир ракатга туриш жуда ҳам малол келади одамга. Сизда ҳам шундай бўлмаганми?..

Лекин буёғини ўйлаб кўрсангиз, даҳшатга тушасиз. Хўш, биз ўша қўшимча (бизнинг наздимизда, албатта)   ракатни нима учун ўқияпмиз. Чунки намозда хушумиз йўқ, хузумиз йўқ. Ҳушимиз йўқ – бошимиз саждада-ю, хаёлимиз аллақайларда санғиб юрибди. Натижада ҳатто намознинг неча ракатини ўқиганимизни ҳам эслай олмай қолдик.

Шундай намозимиз қабул бўлармикан?

Билмадим.

Бўлган тақдирда ҳам бизнинг рукую саждамиз туфайли эмас, фақат Аллоҳ таолонинг марҳамати билан қабул бўлса керак, деб ўйлайман ва Аллоҳ таолодан ҳар доим раҳматини сўрайман.

Бир одамдан намоз вақтида хаёлингга нималар келади, деб сўрашганида “Худодан бошқа ҳамма нарса”, деб жавоб берган экан. Ана шундай ҳолатда хушусиз намоз ўқиганимиз оқибатида қайси сурани зам сура қилганимизни, неча ракат намоз ўқиганимизни унутиб қўямиз. Яна бир ракат қўшимчага (аслида у қўшимча эмас, жойида ўқилган бўлади) қийналиб турамиз, Аллоҳ асрасин!

Парвардигорим, гуноҳи кўп бандаларингмиз, Аммо Алишер Навоий ҳазратлари таъбири билан айтганда, Сенинг раҳматинг бизнинг журму исёнимиздан кўп. Ўз раҳматинг билан биз ожиз бандаларингни фарз ибодатларини бажаришда ҳам гуноҳ қилиб қўйишимиздан асра.

 

Дамин ЖУМАҚУЛ