Мақолалар

Ўзбекистон делегацияси Саудия Арабистонида

Чоп этилди Fevral 15, 2019 Ўзбекистон делегацияси Саудия Арабистонидаda fikr bildirishni o'chirish

Шу йил январь ойининг сўнгги ўн кунлигида Саудия Арабистони Ҳаж ишлари вазири доктор Солиҳ Бентин таклифига биноан, «Ҳаж–2019» мавсумининг ташкилий ишларини келишиб олиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита раиси Жасур Акрамов ва Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари бошчилигидаги делегация Саудия Арабистонида хизмат сафарида бўлиб қайтдилар.
Мазкур сафар давомида делегация аъзолари Саудия Арабистони Ҳаж ишлари вазири билан учрашди.

Ушбу учрашувда Ўзбекистон Республикаси ва Саудия Арабистони Подшоҳлиги ўртасида Ҳаж шартномаси имзоланди ва ҳаж тартиботлари ва жадвали бўйича Ўзбекистон ҳожиларининг ҳаракатланиши юзасидан барча масалалар муҳокама этилди.
Учрашувдан сўнг икки мамлакат вакиллари иштирокида оммавий ахборот воситалари учун матбуот анжумани ташкил этилди.

Делегация аъзолари Саудия Арабистони Ҳаж ишлари вазирлиги раҳбарияти билан учрашувдан кейин ўзбекистонлик умрачилар ҳолидан хабар олиш мақсадида Макка шаҳридаги “Кисва” меҳмонхонасига ташриф буюришди.

Улар умра ниятида борган ватандошларимизнинг яшаш шароити, ибодатлари, озиқ­-овқатлари ва бошқа шарт­шароити билан танишиб, меҳмонхонани кўздан кечирдилар. Маккаи мукаррамада бўлиб турган юртдошларимиз, ишчи гуруҳ ходимлари билан суҳбат ўтказдилар.

Ўзбекистон Ҳаж делегацияси Саудия Арабистони Транспорт Бош бошқармаси раҳбари Абдураҳмон Ҳарбий билан ҳам учрашди.

Учрашувда Бош бошқарма раҳбари ўзбекистонлик ҳожилар ва зиёратчилар замонавий транспорт воситалари билан таъминлангани ва уларга
намунали хизмат кўрсатиб келинаётганини алоҳида таъкидлаб ўтди. Бўлиб ўтган музокара якуни бўйича ҳожилар учун бу йилги ҳаж мавсумида транспорт хизмати кўрсатилиши юзасидан битим имзоланди.

Шунингдек Туркия, Европа, Америка ва Австралия ҳожиларига хизмат кўрсатувчи муассаса ҳайъати раҳбарияти билан ҳам учрашув ўтказилди. Суҳбат
давомида ҳайъат раиси Тариқ бин Муҳаммад Анқави охирги
йилларда Ўзбекистон ҳаж ишчи гуруҳи билан муассаса ўртасидаги узвий ҳамкорлик алоқалари такомиллашиб бораётгани, бунинг натижасида ўзбекистонлик зиёратчиларнинг ҳаж амалларини бажаришларида қулайлик ва енгилликлар яратилаётганини таъкидлаб, ўтган 2018 йил ҳаж мавсумида бошқа давлатлар орасида ўзбекистонлик ҳожиларга юқори баҳо берилганини айтиб ўтди.

Учрашув сўнгида ўзбекистонлик ҳожиларга Мино, Арафот ва Муздалифа водийларида намунали хизматларни ташкил этиш бўйича икки томонлама шартнома имзоланди.

 

«Ислом нури» газетасининг 2019 йил, 3-сонидан