Мақолалар

Яна рўмол ҳақида…

Чоп этилди Fevral 24, 2020 Яна рўмол ҳақида…da fikr bildirishni o'chirish

Эски Аҳдда рўмол ҳақида:

“Исроил қизларига бошини ёпмасдан кўчага чиқиш ярашмайди”

Бош кийимларни қиёслаш

Кейинги вақтларда мусулмонларнинг кийимлари, айниқса, аёлларнинг рўмоллари кўп баҳсу мунозараларга сабаб бўлмоқда. Тўғрисини айтганда, унинг нимаси одамларни жазавага солаётганини тушуниш қийин, ҳатто эркаклар ҳам ҳеч уялмасдан шуни муҳокама қилмоқда.

Бир аёл болалар майдонида боласини ўйнатиб юрганида майдонга узун куйлак кийиб, бошига рўмол ўраган муслима аёл келиб қолганини ёзган эди. Ёзишича, ўша чоқда унинг бошидан минг хаёллар ўтган: ҳозир шу муслима куйлаги тагидан автомат чиқаради ва қаторасига ҳаммани отиб ташлайди. Бу – оддий нарсаларда катта таҳдидларни тасаввур қилиш, яъни ваҳимакашликнинг ўзгинаси эди.

 

Рус аёл узун куйлак киймайдими? Кийганда-чи!

Исломда аёл – оналик ва камтарлик эъзозланади.

Рус аёлларининг катта авлоди бошига рўмол ўрамайдими? Ўрайди! Бувимнинг бошидан ҳеч қачон рўмоли тушмаганини аниқ эслайман, ҳатто ухлаганда ҳам бошида рўмоли бўларди. Сочини эса иккита қилиб ўриб юрарди. Нега ундай қилганини ҳеч ўйлаб кўрмаган эдим. Бироқ  у шундай эди.

Рус аёли

Агар тарихга қанчалик чуқур кириб борсак, шунчалик қизиқарли материалларни ўрганамиз. Яхши биласизки, қадимги Русда аёллар бош кийимининг кўплаб турлари мавжуд бўлган ва уларнинг ҳар бири ўзига хос маъно ташиган.

Русда балоғатга етган қизларнинг ўзига хос бош кийими бўлган ва унинг устидан ёрқин лента ўралган. Бу қизнинг турмуш қурадиган ёшга етганини билдирган. Соч – аёлнинг гўзаллиги. Русда у шунинг учун ҳам ҳар доим қадрланган. Фильмлардаги кадрни эсланг: аёлнинг сочини ёйиб уни тўлқинлаштириш учун бошини силкигани секинлаштириб кўрсатилади.  Нима учун?  Унинг гўзаллигини намойиш этиш учун шундай қилинади.

Рус қизининг бош кийими – убрус

Қиз бола турмушга чиққанидан кейин унга сочини бегоналарга, хусусан, эркакларга кўрсатиш тақиқланган. Унинг сочи рўмол остига бекитилган ва келиннинг сочларини қайнотаси кўриши ҳам мумкин бўлмаган. Мабодо тасодифан қараб қўйса ёки келиннинг кунлик рўмолини тунгига алмаштираётганига кўзи тушиб қолса – ўша куни уйда катта жанжал чиққан. Турмушга чиққан аёлнинг гўзаллиги фақат битта эркакка – эрига тегишли бўлган. Бу ибора насронийликда ҳам, Исломда ҳам бир хил жаранглайди.

Турмушга чиққан аёл сочини икки ўрим қилиб, бошига ўраган ва унинг устидан рўмол ўраган. Славянлар аёлнинг сочининг очилиши  аллақандай нохушликка сабаб бўлувчи жоду кучига эга эканига ишонган. Фолбинлар ва жодугарлар сочини кўрсатиб юриши мумкин бўлган. Рус халқ эртакларини ёдга олиб кўринг.

Библия адабиёти профессори, раввин Менахем Брайер  “Раввин адабиётида яҳудий аёллари” асарида жамоат жойларида аёллар риоя қиладиган қоидалар хусусида сўз юритган. Яҳудий аёллари жамоат жойларига фақат бошига рўмол ўраб боришлари шарт бўлган, ҳатто баъзи пайтларда аёллар фақат кўзи очиқ қолган ҳолда юзларини ҳам тўсиб олганлар. Китобда Эски Аҳддан қуйидаги кўчирма келтирилган: “Исроил қизларига бошларини ўрамасдан кўчага чиқиш ярашмайди”.

Насроний аёллар черковга киришда ўрайдиган рўмол

“Аёлининг сочини очиб юришига рухсат берган эркакка лаънат бўлсин, Аёлнинг сочини безак сифатида очиб юриши камбағаллик келтиради”.

Ҳатто боши очиқ аёл олдида ибодат қилиш ҳам тақиқланган, Чунки аёлнинг сочлари аврат ҳисобланган.

Роҳиба

Шунингдек, аёлнинг бошидаги рўмолнинг қандай ҳажмда, кўринишда экани унинг баланд мақомидан, насл-насабидан, эрининг юқори мавқеидан дарак берган. Шунинг учун ҳам қуйи қатламга мансуб аёллар юқори доираларга мансуб аёлларга ҳавас қилиб, рўмолларини уларникига ўхшатиб ўраганлар.

Европалик яҳудий аёллар  сочларини XIX юзйилликка қадар маҳкам ёпиб юрганлар.

Ҳар қандай конфессияга мансуб роҳибалар ҳар доим бошларига рўмол ўраб юрадилар ва буни ҳеч ким уят ҳисобламайди, ҳатто бу ҳақда ўйламайди ҳам.

Ҳижоб

Янги Аҳдда Авлиё Павел рўмолга алоқадор масалада бундай деган: “Шунингдек, сизнинг билишингизни истардимки, ҳар бир эркакнинг раҳбари – Масиҳ, аёлнинг раҳбари – эри, Масиҳнинг раҳбари – Аллоҳдир. Бошини ёпган ҳолда ибодат қилаётган ҳар бир эркак бошини эгсин; боши очиқ ҳолда ибодат қилаётган ҳар бир аёл бошини эгсин, чунки бу худди соқол олдирган билан бир хил; агар хотин бошини ёпишни истамаса, сочини қириб олдирсин ва агар хотин сочини олдиришдан уялса, бошини ёпиб олсин”.

Роҳиба

Демак, эр бошини ёпиши шарт эмас. Чунки у Худонинг образи ва шарафидир; Хотин эса эрнинг шарафидир. Чунки эр хотинидан эмас, хотин эридан бўлиши керак. Зотан, эр хотин учун эмас, балки хотин эр учун яратилган. Шунинг учун хотин бошидага фаришталар учун унинг устидан ҳокимият белгиси бўлиши керак» (1 Коринфянам 3-10). Авлиё Павел ўз сўзида аниқ тушунча берган: эр Аллоҳга бўйсунмоғи керак, аёл эрига. Рўмол эса эркакнинг аёл устидан ҳукмронлигини кўрсатади.

Ҳижоб

Правослов ва католик черковларида бошларига рўмол ўраган ҳолда ибодат қилаётганларни ёдга олиб кўринг, ҳатто черковларга кираверишда бошяланг келганлар учун рўмоллар ҳам қўйилган бўлади.

Ана шулардан хулоса қилиш мумкинки, ҳижоб – мусулмонларнинг ихтироси эмас, балки Яратувчининг умуминсоний қадриятга айланган амридир. Қуръони каримда муслималарнинг ўзининг гўзалликларини намойиш этмасдан одмигина кийиниши, эркакларнинг эътиборини тортадиган аъзоларини яшириши амр қилинган

Насронийликда аёлнинг бошидаги рўмоли унинг эрининг ҳокимиятини эътироф этиши тимсоли бўлса, яҳудийликда рўмол аёлнинг насаби тимсолдир, Исломда эса рўмол аёлни бегона кўзлардан ҳимоя қилувчи, номусини сақловчидир.

Рус қизларини бошидаги кийимига қараб қайси губерниядан ёки обласдан эканини билиб олиш мумкин бўлган.

Нима учун шундай фикр устуворлик қилмоқда:  роҳибанинг бошидаги рўмол унинг муқаддас динга самимий эътиқод қилаётганига далолат қилади-да,  муслималар бошидаги айнан ўшанга ўхшаган рўмол уларни камситиш ва хўрлашга сабаб бўлади. Ғарб буни айнан шундай тақдим этмоқда.

Рус аёлининг бош кийими – повойник

Ҳамма шуни тушуниши керакки, одамлар ҳар хил ва турли динларга эътиқод қилади. Бир жамият аъзоси сифатида ана шу ҳақиқатни тушуниш ва бир-бирларига сабр қилишлари керак.

Мен ҳеч қачон ҳижоб ўрашни тарғиб қилмайман, материал соф ахборий (информацион) характерда.

Рус қизи

Фотосуратлар интернетдаги эркин кириш мумкин бўлган сайтлардан олинди.

Фойдаланилган адабиётлар:

Толкование Библии, 1-е Послание к Коринфянам 3 глава

Қуръони карим. 33-сура, 59-оят

Муаллиф: Марьям АЛЛАЛИО

Таржимон: Дамин ЖУМАҚУЛ

Манба: yandex.ru