Мақолалар

Экстремизм – инсоният душмани

Чоп этилди Fevral 24, 2020 Экстремизм – инсоният душманиda fikr bildirishni o'chirish

Динимиз таълимотида “ғулув”, “туғён”, “ҳаддан ошиш” кабилар қаттиқ қораланган. Аллоҳ таоло бандаларини ғулувдан қайтариб, бундай дейди: “Динингизда ҳаддан ошмангиз ва олдиндан адашган ва кўпларни адаштирган ҳамда тўғри йўлдан чалғиганларнинг ҳавойи нафсларига эргашмангиз!” (Моида сураси, 77-оят).

Муқаддас динимиз якка-ю ёлғиз Аллоҳ таолога ибодат қилишни буюриб, бирдамликка чақиради. Динда ғулувга кетиш, ҳаддан ошишдан қайтарилишнинг сабаби, бу омиллар ихтилофга, гуруҳбозликка олиб келади. Ваҳоланки, оятда: “Улар (мушриклар) динларини бўлиб юбориб, (турли) фирқаларга ажралгандирлар. Ҳар бир фирқа (одамлари) ўз наздиларидаги нарса (ақида) билан шоддирлар” (Рум сураси, 32-оят), деб марҳамат қилинган.

Динда ғулувга кетишнинг оқибатлари жуда ёмон. Аввало, у ақиданинг бузилишига олиб келади. Тарихда пайдо бўлган равофиз, хавориж, муътазила ва бошқа тоифаларнинг юзага келиши, асосан, динда ғулувга кетишнинг оқибатидир. Ғулув боис одамлар тўғри йўлдан озиб қоладилар. Охир-оқибат шариатда буюрилган амалларни бажаришдан қониқиш ҳосил қилмай, ўз-ўзига машаққат туғдирадиган янги бидъат амалларни ўйлаб топиши ва динни машаққатдан иборат қилиб кўрсатишга сабаб бўладилар. Бу эса Ислом динининг мўътадиллик ва енгилликка чақирувчи, машаққат ва қийинчиликларни бартараф этишга асосланган таълимотларига зиддир. Зеро, енгиллик Исломнинг асосий шиорларидан биридир. Имом Бухорий раҳматуллоҳи алайҳ ривоят қилган ҳадиси шарифда: “Осонлаштиринг, асло қийинлаштирманг. Башорат беринг, ҳеч ҳам нафратлантирманг”, дейилган.

Ислом дини фасодга қарши курашиб, ошкора ва ботиний фитналардан қайтарган. Аллоҳ таоло: “Ва ислоҳ қилингандан кейин Ер юзида фасод қилманг ва Ундан қўрқиб тама ила дуо қилинг. Албатта, Аллоҳнинг раҳмати яхшилик қилувчиларга яқиндир”, (Аъроф сураси, 56-оят) деб марҳамат қилади.

Муфассирлар ушбу оят тафсирида “арз”, яъни “ер” сўзи, араб қоидаларига кўра, алиф-лом билан келгани учун муайян бир жойга – Мадина шаҳрига далолат қилади, дейишади. Шунда оятнинг мазмуни “Мадина шаҳри ислоҳ қилинганидан кейин у ерда фасод ишларни қилманг” бўлади. Мадина ер юзидаги кичкина шаҳар. Мана шу жойда ҳам фасод қилмасликка буюриляпти. Модомики, кичик шаҳарда фасодга чек қўйилмас экан, худди учқун бутун бошли ўрмоннинг кулини кўкка совурганидек, фасод ишлар – экстремизм, терроризм ҳам ер юзини вайрон қилади.

Ҳозирги кунда айрим давлатларда ғулувга кетган, қўли қонга ботган бир қанча экстремистик гуруҳлар фаолият олиб бораётгани барчани бирдек ташвишга солмоқда. Ғарб мамлакатларининг баъзи оммавий ахборот воситалари экстремистик гуруҳларнинг қўпорувчилик ҳаракатларини Ислом дини билан боғлашга уринмоқдалар. Ваҳоланки, Ислом дини экстремизмни, терроризмни қаттиқ қоралайди, лаънатлайди. Динимиз экстремизмга қарши курашни ўн беш аср олдин бошлаб юборган. Ислом мўътадил экани унинг ҳар қандай экстремизмга, хунрезликка қарши эканлигининг яққол исботидир.

Турли экстремистик оқимлар таъсирига тушиб қолган кимсаларнинг гумроҳлиги шундаки, кўр кўрни қоронғида топибди деганидай, улар фақат ўзларига ўхшаш кишиларнинг гапларига ишонишади. Самимий насиҳат қилиб, тўғри йўлни кўрсатган олимлар у ёқда турсин, баъзан айримлари ота-онаси, акасини ҳам тан олишмайди. Улар ҳақида Қуръони каримда: “Парвардигорининг оятлари билан насиҳат қилинганидан сўнг, улардан юз ўгирган кимсадан кўра ким ҳам золимроқдир?! Албатта, Биз (ундай) жиноятчилардан (дунё ва охиратда) интиқом олувчидирмиз” (Сажда сураси, 22-оят), деб қатьий огоҳлантирилган.

Шукрки, бағрикенг юртда яшаяпмиз. Мамлакатимизда шонли саналар, байрамлар муносабати билан адашиб турли экстремистик оқимлар таъсирига тушиб қолиб озодликдан маҳрум этилган, айни пайтда қилмишига чин пушаймон бўлиб, бутунлай тузалиш йўлига ўтган фуқароларни афв этиш тўғрисида муҳтарам Президентимизнинг фармонлари эълон қилиняпти.

Оиласи бағрига қайтаётган ундай фуқаролар билан кайвонилар, ҳожи оталар иштирокида суҳбатлар ўтказиб, уларга динимизнинг асл моҳиятини тушунтиришга ҳаракат қиляпмиз.

Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо муаззам Каъба деворига суяниб бундай деганлар: “Эй Каъба! Аллоҳнинг наздида ҳурматинг баланд. Лекин агар сени етти марта бузиб вайрон қилганимда ҳам бир мусулмонга озор берганимчалик ёмон иш қилмаган бўлар эдим”.

Видолашув ҳажида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Албатта, қонингиз, молингиз ва обрўйингиз бир-бирингизга худди бугунги кундай, шу шаҳардай ва шу ойдай ҳаромдир” (Имом Муслим ривояти), деб марҳамат қилганлар.

Ибн Ҳажар Асқалоний ушбу ҳадис шарҳида: “Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам мусулмонларни ардоқли, улуғлиги, азизлиги, ҳурмати аён бўлган нарсалар: Қурбон ҳайити, Макка шаҳри ва муҳаррам ойи каби бир-бирларининг молларини, жонларини ва обрўларни ҳурмат қилишга даъват қилдилар”, деган.

Ҳатто қушнинг ҳам ини бузилишига қарши бўлган, эр-хотиннинг жанжаллашишига олиб борадиган барча йўлларга ўзининг қатъий ҳукмлари билан чора кўриб қўйган Исломни қандай қилиб терроризм, экстремизм билан чоғиштириш мумкин?

Иброҳимжон ИНОМОВ

Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари

“Ислом нури” газетасининг 2020 йил 2-сонидан