Мақолалар

Ширин жондан кечмоқ осон…ми?

Чоп этилди Fevral 16, 2019 Ширин жондан кечмоқ осон…ми?da fikr bildirishni o'chirish

Тегишли тадқиқотчиларнинг маълумотига кўра, ер юзидаги ҳар ўнта одамнинг бири тўйиб овқат ейиш имкониятига эга эмас. Бу рўйхатда сиз йўқмисиз, демак, бу сизнинг омадингиз. Тунларингиз тинч, кунларингиз осудами? Дастурхонингиздаги бир бурда нон, бир қошиқ овқатни оила даврасида кўнгил хотиржам тановул қилаяпсизми, демак сиз дунёдаги энг саодатманд одамлар сафидасиз. Бу бахту саодатли дамларнинг қадрига етинг.

Жаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилоти томонидан Суицид, яъни ўз жонига қасд қилиш бугунги кунда глобал фожиа деб таъкидланмоқда.

Таҳлилчиларнинг сўзларига қараганда, асосан 15 ёшдан 29 ёшгача бўлган шахслар ўз жонига қасд қилар экан. Ҳар тўртдан битта ўз жонига қасд қилиш ҳолати қашшоқ ва нотинч мамлакатлар ҳиссасига тўғри келади. Дарҳақиқат, дунёнинг кўплаб мамлакатларида турли хунрезликлар, табиий офатлар содир бўлаётганлигини барчамиз кўриб, билиб турибмиз. У ердаги одамларнинг туриш-турмушида, ейиш-ичишида, уйқусида ором йўқлиги тайин.

Ҳар дақиқада ўзининг, яқинлари ва фарзандларининг ҳаёти хавф остида. Мана неча йилдирки, Африка давлатларида очарчилик ҳукмрон. Шундай бўлса-да, улар ҳам дориламон кунлар умиди билан сабр-тоқат қилиб яшашмоқда, яшаш учун курашмоқда. Лекин, минг афсуски, бизнинг, шундай тинч-осойишта, фаровон юртимизда аҳён-аҳён бўлса-да, қулоғимизга чалинган “ўз жонига қасд қилибди” деган сўз қалбимизни қанчалик ларзага келтирса, шу баробарида ажаблантиради. Айниқса ўз жонига қасд қилиш ҳолати 14-19 ёшдаги ўспиринлар орасида ҳам содир бўлаётганлиги жуда ташвиш ҳол.

Ҳали “она сути оғзидан кетмаган“ бир новниҳол ўғил ёки қизнинг ўз бўйнини сиртмоққа тортаётган мудҳиш ҳолатини кўз олдимизга келтиришнинг ўзи қанчалик фожиа ва табиийки, қалбимизда ўз-ўзидан ҳаётнинг аччиқ-чучугини тотиб улгурмаган ўспиринни ҳаётдан тўйдирган нима, деган савол туғилади.Тегишли мутахассислар бунинг асосий сабаби, носоғлом оилавий муҳит, ёлғизлик, тушкунлик, моддий етишмовчилик ёки аксинча, тўқчилик, иродасизлик ва ижтимоий тармоқларда оммалашган маънавиятимизга ёт турли ўйинлар, шунингдек, энг асосийси, маърифатсизлик ва маънавиятсизлик, азалий қадриятларимизни билмасликни важ қилиб кўрсатишмоқда. Бу хулосаларда албатта жон бор. Зеро, маънавиятимиз манбаи саналган муқаддас Ислом динида ўз жонига қасд қилиш энг оғир гуноҳ эканлиги таъкидланиши бежиз эмас. Уламоларимизнинг таъкидлашларича, хоҳ ўзини ҳаётдан маҳрум қилсин, хоҳ бошқани ҳаётидан маҳрум қилсин фарқи йўқ, гуноҳи бир хил, одам ўлдирган билан баробар баҳоланади. Яна бир оғир томони – ота-она ва яқинларини доғда қолдиради, уларни халқ орасида оғир, ноқулай ҳолатларга тушишларига сабабчи бўлади. Шунингдек, ўз жонига қасд қилган кишига жаноза ўқилмаслигини кўпчилигимиз яхши биламиз. Бунда ҳам бир ҳикмат бор, токи, буни кўрган ва билган кишилар жанозасиз кетишликдан қўрқиб, мана шундай ёмон фикр пайдо бўлганда ундай қайтсинлар.

Ҳозирги пайтда интернет тармоқларида ўз жонига қасд қилишнинг бир қанча турлари пайдо бўлгани сир эмас. Вояга етмаган ўғил-қизларимизнинг умрига зомин бўладиган “кўк кит” ўйин шулар жумласидандир. Хорижий давлатларда авж олган бу ўйин ғўр ёшларнинг ўз жонига қасд қилишига ундамоқда. Бу иллат бизнинг юртимизга ҳам кириб келди. Ўзимизни ва фарзандларимизни мана шундай оғир оқибатларга сабаб бўладиган бу каби бемаъни ўйинлардан асрамоғимиз, огоҳ бўлмоғимиз зарур. Фарзандларимиз қаерда, бўш вақтларини қандай ўтказаяпди, қўл телефони ота-онанинг доимий назоратида бўлиши керак. Фарзандларимиз онгига азалий қадриятларимиз ва миллий маънавиятимиз манбаи бўлган ислом таълимотини сингдириб бориш уларни турли балолардан сақлашда муҳим омилдир.

Азалий қадриятларимиз, буюк аждодларимиз инсонларни сабр-бардошли бўлиш, умрнинг ҳар бир дақиқасидан эзгу ишларда унумли фойдаланишга ундайди. Тадқиқотчиларнинг фикрига кўра ҳам одам машаққат келганда уни енгиш билан тобланади, руҳан бақувват ва иродали инсон сифатида шаклланади. Аслида ҳаётнинг бир маромда бориши қизиқ эмас.

Қанчадан-қанча улуғликка эришган одамларнинг босиб ўтган ҳаёт йўлларига бир назар солсангиз, тақдирнинг не бир уқубатли синовларига дош берганлигини кўриш мумкин. Узоққа бормайлик, ота-боболаримиз, момоларимиздан иккинчи жаҳон уруши йилларида кўплаб машаққатларни бошидан кечирганликларини эшитганмиз. Сабр-қаноат кишини улуғлайди, сабрсизлик маърифатсизлик ва нодонликдирким, кишини жаҳолатга етаклайди.

Зеро, Ҳадиси шарифда “Сабр-қаноат ҳам имондандир” дейилган. Сабр-бардош ҳақида гап кетганда, халқаро параолимпиадада иштирок этиб, улкан зафарларга эришаётган, кўплаб олтин, кумуш соҳиблари бўлган спортчиларнинг, шунингдек, жисмоний камчилигини метин иродаси билан тўлдириб, жамиятда ўз ўрнини топа олган кишиларнинг матонатига таъзим қилмай илож йўқ. Тўрт мучаси соғ айрим кимсалар томонидан тақдир синовларига дош беролмай иродасизлик ва сабр-қаноатсизлик билан содир этилаётган турли ножўя хатти-ҳаракатлар, шу жумладан, ўз жонига қасд қилишларини ҳеч нарса билан оқлаб бўлмайди.

Яқинда маҳалламизда “Наримон ўзини осиб қўйибди” деган шум хабарни эшитиб юрагим зирқиради. Кўз олдимда қўни қўшниларга меҳрибон, самимий, лекин бироз тажангроқ, кўпинча негадир тушкун кайфиятда юрадиган хушсурат йигит гавдаланди. Узоқроқ хешларимиздан бўлгани учун унинг оиласи билан борди-келди қилардик. Охирги марта Наримоннинг онаси Бувижон момони йўқлаб борганимда, уни кўргандим. Қўлида кетмон билан боғда куймаланиб юрган навқирон қариндошим мени кўриб олдимга келди. Мен билан астойдил хурсанд бўлиб сўрашса-да, юз-кўзларида, бутун қиёфасида нимадандир норозилик руҳи уфуриб турарди.

– Мана кўриб турибсиз-ку, – деди у менинг ҳол-аҳвол сўраганимга жавобан қўл силтаб, бу дарахтлар ҳосил бермайди. Қанча парваришлама, барибир фойдаси йўқ, ўтиндан бошқасига ярамайди.

– Ундай дема болам, – таскин берган бўлди онаси. – Бу йил меваси яхши бўлмади, совуқ урди. Келаси йил Худо хоҳласа, яхши ҳосил беради.

– Э, қўйинг, она! Жонимга тегди ҳаммаси, боғингиз ҳам, бошқаси ҳам…

У шундай дея кўчага чиқиб кетди. Момо билан бўлиб ўтган қисқа суҳбатдан маълум бўлдики, Наримон яқинда маоши кам деб охирги иш жойидан ҳам бўшаб олибди. Ичкиликка ружуъ қўйибди. Унинг ишёқмаслиги, онасининг нафақасига яшаши ва ароқхўрлигидан безган хотини икки қизалоғини олиб отасининг уйига кетиб қолибди. Мен очиғи, омадсиз Наримондан кўра, муштипар онаизорга ачиниб кетдим. Бутун умрини арзанда ўғлининг келажаги, бахту саодати йўлида фидо қилган 79 ёшли шўрлик она фарзанди улғайиб, бир оила бошлиғи бўлганда ҳам ҳузур-ҳаловат топмаса-я, деган ўй-хаёллар билан ношуд ўғилдан ранжидим.

Ота-онасининг ёлғиз фарзанди Наримон болалигидан оғирнинг ости, енгилнинг устида улғайди. Мактабнинг олди ўқувчиларидан бўлса-да, кетма-кет икки йил олий ўқув юртига киролмади. Бу ҳолат биринчи марта унинг кўнглидан ўтган “ўзи омадсиз эканман”, фикрга туртки бўлди. Пойтахтдаги абитуриентлик даврларида бир қизга кўнгил қўйди. Бахтга қарши, севгиси рад қилинди. Шундан кейин унинг феъл-атворида тез-тез ҳаётдан нолиш, тушкунликка тушиш, сабабсиз асабийлашиб, гоҳида, ҳатто ота-онасини ҳам жеркиб ташлаш одатга айланди.

Уйланса, ўзгарар деган ниятда ота-она ўғилни уйлантириш тараддудига тушишди. Қиз ҳам Наримонга ёққандек бўлди, ҳатто бўлғуси келинга бағишлаб шеърлар ёзди. Дарҳақиқат, тўйдан кейин ёшлар бахтиёр, ота-оналар мамнун эди. Бирин-кетин туғилган икки қизалоқ оилага янада қувонч келтирди. Ҳаётда ҳар куни байрам бўлавермайди, деганларидек, оила бошлиғи Асад ака тўсатдан қазо қилди. Бу йўқотиш она-болани гангитиб қўйди. Айниқса отасига қаттиқ суяниб қолган Наримон онасига тиргак, оилага бош бўлиш, фарзандларига ғамхўрлик қилиш ўрнига ичкиликка берилди. У ўзини ҳаётда энг омадсиз ва бахтсиз одам, деб билар, тушкунлик тўрлари уни батамом ўраб, эзиб, янчиб борарди…

“Наримон ўзини осиб қўйибди”, деган шум хабарни эшитгач, кўнглимда туғёнли саволлар бош кўтарди: ”Бўйнингни сиртмоққа солишдан олдин, бир зум фикр қил! Ўлимга тайёрмисан? Дунёга келиб қандай яхши ишлар қилдинг ва у дунёга қандай эзгу аъмоллар олиб бормоқчисан? Бу дунёга бир парчагина жон бўлиб келдинг. Ўз ҳузур-ҳаловатларидан воз кечиб, сени едириб, ичирган, қўлингга бир зирапча кирса, жонлари қақшаб, ўстириб-улғайтирган ота-она ҳаққини адо этдингми? Элу-юрт олдидаги бурчингни унутмадингми?

Дунёда ҳар қайсики ишни битириш, хатони тузатиш, орзу умидни рўёбга чиқаришнинг кечи йўқ, дейди донишмандлар. Бунинг учун саъй-ҳаракат, интилиш ва сабр-тоқат жоиз.

Биз жонига қасд қилган ва бунга уринган шахсларнинг ҳаёти билан қизиқиб, ҳар томонлама ўрганиб чиқдик. Аксарият ҳолларда ака-ука ўртасидаги мерос талашиш, қайнона-келин келишмовчилиги ва турли хил оилавий низолар, севган йигити ёки қизининг “ишқий найранглари” ёки бирор-бир кимсанинг ножўя қилмишлари каби сабаблар кишини ҳайратлантиради.

Бир ўйлаб кўринг-а, оиладаги нотинчлик ва етишмовчилик, бир бебурднинг бевафолиги-ю рад этилган муҳаббат ёки қайсидир бир ахлоқсиз кимсанинг ножўя хатти-ҳаракатлари ҳаётдан воз кечишга, она-она ва яқин кишилари қалбига озор беришга арзийдими?

Шу ўринда, жамиятимизда аёллар, вояга етмаганлар ва навқирон ёшлар орасида ўз жонига қасд қилиш ҳолатлари содир бўлаётган экан, бунда кенг жамоатчиликнинг ҳам маълум бир маънода “ҳисса”си борлигини эътироф этиш жоиз. Зотан, бизнинг лоқайдлигимиз, бир-биримиз тақдирига бефарқлигимиз ва эътиборсизлигимиз ҳам бу иллатнинг урчишига сабаб бўлаётган омиллардан биридир. Ёнимизда яшаётган инсон ким? Унинг қандай дарди, муаммолари бор, ҳеч қизиқиб кўрдикми? Қўни-қўшни ёки таниш-билишлар билан расмиятчилик учунгина салом-алик қиламиз. Ака-ука, опа-сингил ва қариндош-уруғлар билан тўй-маъракалардагина дийдорлашамиз. Уларга “Сизни кўрсам хурсанд бўламан”, “Сизни соғиндим”, “Борингизга шукур”,“Кўринишингиз яхши” қабилида бир оғиз ширин сўз айтиб, кўнгилларини кўтариш учун елдек учиб ўтаётган кунларимизнинг 2-3 дақиқасини қизғанамиз. Шу бир оғиз сўзимиз кимнингдир озгина меҳр ва эътиборга муҳтож кўнглига далда бўлиб, ҳаётга ёруғ назар билан қарашига туртки бўлса, не ажаб?! Зотан, ҳазрати Алишер Навоийнинг қуйидаги икки сатри ҳар бир савобталаб инсоннинг дастури амалига айланиши мақсадга мувофиқдир.

 

Фарида Қорақулова, ЎзА