Мақолалар

Мўмин ғийбатдан сақланади

Чоп этилди Fevral 25, 2020 Мўмин ғийбатдан сақланадиda fikr bildirishni o'chirish

Абу Дардо розияллоҳу анҳу ривоят қилади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ким биродарининг обрўсини (тўкилишидан, яъни ғийбат қилинишидан) сақласа, Аллоҳ таоло унинг юзини (бутун баданини) қиёмат кунининг оловидан сақлайди”, дедилар (Имом Термизий ривояти).

Ғийбатга Пайғамбаримиз алайҳиссалом бундай таъбир берганлар. У зот алайҳиссалом саҳобалардан: “Ғийбат нима эканини биласизми?” деб сўрадилар. Улар: “Аллоҳ ва Расули билувчи”, дейишди. Набий алайҳиссалом: “Биродарингиз у ҳақида гапирган сўзингизни эшитиб, хафа бўлса, сиз уни ғийбат қилибсиз”, дедилар. Саҳобалар: “Ё Расулуллоҳ, биз айтган сифат унда бўлса-чи?” деб сўрашди. Пайғамбаримиз алайҳиссалом: “Агар сиз айтган сифат унда бўлса – ғийбат, бўлмаса – бўҳтон қилибсиз”, дедилар (Имом Муслим ривояти).

Ғийбат қилишга ўз обрўсини кўтариш, ҳасад, ўйин-кулгу ва ҳазил қилиш, ўзганинг жаҳлини чиқариш, ўч олиш каби салбий сифатлар сабаб бўлади.

Кўпчилик бирон кишини мақтаса, унга ҳасад туфайли обрўсини тўкиш пайига тушадиган кимсалар ҳам йўқ эмас. Aйримлар бошқаларни кулдириш, даврани қизитиш мақсадида таниш-билишларини камчилик ва айбларини айтиб, ғийбат қилишади.

Мўмин Аллоҳ таоло азиз этган инсонни ёмонлаб – ғийбат қилмайди. Ўзини бошқалар гапиришини хоҳламаганидек, ўзгаларга ҳам раво кўрмасин. Ушбу гуноҳга сабаб иллатларни йўқотишга ҳаракат қилсин.

Ғийбат Аллоҳ таолонинг ғазабига сабаб бўладиган гуноҳи кабирлардан. Қиёмат куни ғийбатчи савоблари олиниб бошқага берилиши ёки зиммасига ўзганинг гуноҳлари юкланишини доимо ёдда тутиши лозим. Ғийбат қилмоқчи бўлган одам ўзининг айбу гуноҳларини ўйласин. Мана шунда у ҳеч кимни ғийбат қилмай ўз хатоларини тузатиш ҳаракатида бўлади. Камчилик ва нуқсонлари бўла туриб, бошқаларни айблашдан уялади.

Ҳар дард уни келтириб чиқарган сабабларни йўқ қилиш билан даъволанади. Шунинг учун орамизда йўқ одам ҳақида ёмон сўз айтилса, обрўси тўкилса, ғийбат қилаётган одамни тўхтатиб дўстимизни ҳимоя қилишимиз керак. Шунда зиммамиздаги бурчимизни адо этган ҳисобланамиз ва Аллоҳ таолонинг улуғ мукофотига эришамиз. Мўмин мункар ишни қўли, бўлмаса тили билан тўхтатади. Агар иккисининг уддасидан чиқолмаса қалби билан ёмон кўради  ёки суҳбатни тарк этади.

Ҳужурот сурасининг 12-оятида бундай марҳамат қилинди: “… бирингиз бирингизни ғийбат қилмасин! Сизлардан бирор киши ўлган биродарининг гўштини ейишни хоҳлайдими?! Уни ёмон кўрасиз-ку, ахир! Аллоҳдан қўрқингиз! Албатта, Аллоҳ тавбаларни қабул қилувчи ва раҳмли зотдир”. Ояти каримада ғийбатнинг нақадар ёмон иллат эканини баён этилгач, ким билмасдан ғийбат қилган бўлса, тавба қилиши кераклиги айтилди. Чин дилдан надомат чекиб, бу ишни қайтармасликка аҳд қилиш ва унга вафо тавбанинг шартларидан. Шунингдек, кимни қаерда ғийбат қилган бўлса, ўша ерда у ҳақида яхши гап айтиши лозим. Шунда Аллоҳ таоло ғийбат қилганиннг тавбасини қабул этади.

Мўмин ўзи ғийбатдан сақланиб, бошқаларни ҳам у гуноҳдан тийилишига чақириши зарур. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Мусулмон мўминнинг биродари. Ҳар бир мўмин зиммасида мусулмонларнинг қони, моли ва обрўсини ҳимоя қилиш бурчи бор”, деганлар.

Ибн Ҳажар Асқалонийнинг “Қирқ ҳадис” китоби асосида

Ўзбекистон халқаро ислом академияси 1-босқич магистранти

Абдусамад Абдулбосит ўғли ТОЖИДДИНОВ тайёрлади

“Ислом нури” газетасининг 2020 йил 2-сонидан