Мақолалар

Зикр қалбнинг ҳаёти

Чоп этилди Fevral 26, 2020 Зикр қалбнинг ҳаётиda fikr bildirishni o'chirish

Мўмин банда тасбеҳ, таҳлил ва такбир айтишга одатланмоғи лозим. Намоз ва Қуръон тиловати  зикрларнинг энг улуғидир.

Зикр кишини ғафлатдан уйғотади, кўнглини ёриштиради, хотиржамлик келтиради. Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: (Эй Муҳаммад!) Китоб (Қуръон)дан Сизга ваҳий қилинган нарсани тиловат қилинг ва намозни баркамол адо этинг! Албатта, намоз фаҳш ва ёмон ишлардан қайтарур. Албатта, Аллоҳнинг зикри (барча нарсадан) улуғдир. Аллоҳ қилаётган ишларингизни билур” (Анкабут сураси, 49-оят).

Намоз мўмин қалбига таскин беради. Қачон Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам хафа бўлсалар, намоз ўқирдилар. Билол ибн Рабоҳ розияллоҳу анҳуни азон айтишга буюрар ва: “Бизни намоз билан хушнуд эт”, дердилар. Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: Эй имон келтирганлар! Сабр ва намоз билан (Мендан) ёрдам сўрангиз! Албатта, Аллоҳ сабр қилувчилар билан биргадир” (Бақара сураси, 153-оят).

Зикр қалбнинг доимий ва абадий ҳаётидир. Инсон: “Ла илаҳа иллаллоҳ”, дейиши билан қалбига роҳат, лаззат ва шодликни олиб киради. Набий алайҳиссалом: “Тирик билан ўликнинг мисоли: Аллоҳ таолони зикр этган киши тирик кабидир. Парвардигорни зикр этмаган эса ўлик кабидир”, деб огоҳлантирганлар. Шу боис мўмин сўзида, амалида, қалбида зикрни кўпайтирмоғи лозим.

Собиржон РУСТАМОВ

Шайхонтохур тумани “Оқлон” Жоме масжиди имом-хатиби

“Ҳидоят” журналининг 2020 йил, 2-сонидан