Мақолалар

Маййитлар бир нечта бўлса…

Чоп этилди Fevral 26, 2020 Маййитлар бир нечта бўлса…da fikr bildirishni o'chirish

Агар жанозага бир нечта маййит ҳозир қилинса, ҳаммасига битта жаноза намози ўқилса, жоиз. Маййитлар фақат эркаклар бўлса, уларни намоздаги саф сингари ёки имом рўбарўсидан бошлаб бир қатор қилиб қўйилса ҳам бўлади[1]. Шунда имом рўбарўсига Қуръонни бошқа маййитлардан кўра кўп ёд олгани қўйилади. Қолганлари ҳам шу аснода бир қатор қилиб қибла тарафга тузилади. Зотан, Уҳуд жангида шаҳид бўлган саҳобаларни Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай тартибда жойлаштирган­лар. Агар бир неча маййит эркагу аёл ва ёш болалардан иборат бўлса, би­ринчи эркаклар имом рўбарўсига, сўнг қибла томонга қараб ёш ўғил бола, кейин ҳунасалар (эркак ва аёллик аломатлари бир хил бўлган кишилар), сўнг аёл киши, охири ёш қиз бола қўйилади. Бунга далил:

عَنْ عَمَّارٍ مَوْلَى الْحَارِثِ بْنِ نَوْفَلٍ أَنَّهُ شَهِدَ جَنَازَةَ أُمِّ كُلْثُومٍ وَابْنِهَا فَجُعِلَ الْغُلاَمُ مِمَّا يَلِي اْلإِمَامَ فَأَنْكَرْتُ ذَلِكَ وَفِي الْقَوْمِ ابْنُ عَبَّاسٍ وَأَبُو سَعِيدٍ الْخُدْرِيُّ وَأَبُو قَتَادَةَ وَأَبُو هُرَيْرَةَ فَقَالُوا هَذِهِ السُّنَّةُ. رَوَاهُ أَبُو دَاوُدَ وَالنَّسَائِيُّ.

Ҳорис ибн Навфал розияллоҳу анҳунинг мавлоси Аммордан ривоят қилинади:

«У Умму Кулсум ва унинг ўғлининг жанозасига ҳозир бўлган эди.

«Болани имомга яқин томонга қўйишди. Мен буни инкор қилдим. Одамлар орасида Ибн Аббос, Абу Саъид алХудрий, Абу Қатода, Абу Ҳурайралар бор эди. Улар: «Суннат шу», дедилар». Имомлар Абу Довуд ва Насоий ривоят қилишган.

Али розияллоҳу анҳу айтадилар:

«Агар эркак ва аёлларнинг жанозаси бир бўлиб қолса, эркакларни имом томонга, аёлларни қибла томонга қўйилади».

Бу ривоятлардан иккита фиқҳий масала олинади.

  1. Бир нечта маййитга битта жаноза намози ўқиш мумкин.
  2. Жаноза бир нечта бўлганида, аввал эркак жинсига мансубларини имом тарафга яқин қилиб қўйиб, кейин аёл жинсига мансублар қўйилиши.

Катта ва илми ила машҳур саҳобаи киромларнинг гувоҳлик беришларича, бу амал суннат экан.

[1] Тоҳир ибн Аҳмад. «Хуласотул-фатово». 1-жилд, 224-бет.

 

 

 

 

 

Пўлатхон КАТТАЕВнинг

“Исломда жаноза” китобидан