Мақолалар

Тасаввуф

Чоп этилди Mart 2, 2020 Тасаввуфda fikr bildirishni o'chirish

“Тасаввуф” ва “сўфий” сўзларининг келиб чиқиши ҳамда таърифи турлича. “Суфий” арабча “сувф” – “жун” сўзидан олинган. Обидлар жуда содда кийим кийганлар. Одатда уларнинг либослари жундан тайёрланган.

Ҳасан Басрий раҳматуллоҳи алайҳ айтади: “Бадр қатнашчиларидан етмиш нафарини кўрганман, барчасининг кийими жундан эди”.

“Қоваидут тасаввуф” китобида келишича, шайх Аҳмад Зарруқ раҳматуллоҳи алайҳ “тасаввуф”нинг икки мингга яқин таърифини келтирган. Ўша таърифлардан айримлари: “Тасаввуф – ёмондан холи бўлиш, яхшидан ибрат олиш ила қурбат ва висолга эришишдир. У инсонни қайта бино қилиш ва уни ҳар бир фикр, сўз, иш, ниятда Рабби ила боғлашдир”; “Тасаввуф сулук тарзи бўлиб, унинг асоси нафс пок ва руҳ олий бўлиши учун содда ҳаёт ва фазилатлар ила зийнатланиб яшамоқдир”.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай марҳамат қилганлар: “Аллоҳга Уни кўриб турганингдек, агар сен Уни кўрмасанг ҳам, У сени кўриб тургандек ибодат қилмоғинг” (Имом Бухорий ривояти). Ушбу кўрсатма тасаввуфнинг асосий шиорига айланган.

Тасаввуф нафсни поклаш, гўзал хулққа эга бўлиш, қалбни фақат Аллоҳ таолонинг муҳаббатига йўналтириш ва шу мақомда туришдир. Тасаввуфда фарз, вожиб, суннатларга амал қилиш билан бирга мандуб амалларга ҳам қаттиқ турилади.

Тасаввуфга “тариқат”, “сулук”, “тазкиятун нафс” сўзлари маънодош ҳисобланади.

Тасаввуфда бир нечта машҳур йўналишлар бўлиб, улар тариқат дейилади. Улар ўша тариқатга асос солган шайхнинг номи билан номланган. Марказий Осиёда яссавия ва нақшбандия тариқати кенг ёйилган.

“Тасаввуф ҳақида тасаввур” китоби асосида

Абдуллоҳ АЛИҚУЛОВ тайёрлади.

“Ҳидоят” журналининг 2020 йил, 2-сонидан