Ўзбекистон янгиликлари

Фарғонийнинг 500 йил аввал кўчирилган китоби нусхаси Фарғонага қайтарилади

Чоп этилди Fevral 15, 2019 Фарғонийнинг 500 йил аввал кўчирилган китоби нусхаси Фарғонага қайтариладиda fikr bildirishni o'chirish

Шу кунларда Ўзбекистон миллий кутубхонаси делегацияси АҚШда бўлиб, бир қанча йирик кутубхона муассасалари фаолияти билан танишмоқда. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.

Кейинги йилларда Ўзбекистон ҳамда Америка Қўшма Штатлари ўртасида маданий-гуманитар соҳасидаги алоқалар ҳам янги босқичга чиқмоқда. Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон миллий кутубхонаси ва АҚШнинг Ўзбекистондаги элчихонаси ўртасида имзоланган меморандум асосида мамлакатимиз кутубхоначилари шу кунларда АҚШда ахборот-кутубхона фаолиятидаги илғор тажрибаларни ўрганмоқда.

АҚШ Давлат департаменти ҳар йили дунё бўйлаб 5 мингга яқин мутахассисларни “Етакчилар учун халқаро меҳмонлар дастури” асосида тажриба алмашиш ва малака оширишга таклиф этади. Кутубхоначиларимиз Вашингтон, Портленд, Айова, Буффало шаҳарларидаги давлат ва жамоатчилик кутубхоналари, олий таълим муассасаларида кутубхоначилар тайёрлайдиган факультетлар, архив, музей каби муассасалар иш фаолияти билан танишмоқда.

АҚШ Миллий кутубхонаси, яъни, Конгресс кутубхонасининг Африка ва Яқин Шарқ бўлимида мамлакатимизга оид кўплаб нодир манбалар сақланади. Буюк аждодларимизнинг дурдона асарлари Конгресс кутубхонасининг бойлиги ҳисобланади. Жумладан, Бурҳониддин Марғиноний, Аҳмад Фарғоний, Алишер Навоий, Ибн Сино каби боболаримизнинг ғарб тамаддунида ўзига хос ўрин тутган асарлари мавжуд.

–Жорий йилда Аҳмад Фарғоний номидаги Фарғона вилоят ахборот-кутубхона маркази ташкил этилганига 120 йил тўлади, –дейди мазкур ахборот-кутубхона директори Шоҳидбек Аслонов. – Бугунги кунда ушбу санага жиддий ҳозирлик кўрмоқдамиз. Шу боис Аҳмад Фарғонийнинг турли мамлакатлардаги асарларини жамлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. XIX асргача астрономия илмида асосий дарслик сифатида ўтилган “Самовий жисмлар ҳаракати ва умумий илми нужум” китобининг 1493 йилда лотин тилида чоп этилган нусхасининг электрон кўриниши Фарғона вилоят ахборот кутубхона марказига тақдим этилди.

Шунингдек, худди шу китобнинг 1669 йилда араб ва лотин тилида чоп этилган ва бугунги кунда китобнинг асл нусхаси Айова штати университетининг кутубхоначилик ишлари ва ахборот технологиялари факультетида сақланиб келинаётир. Мазкур китобни ҳам электрон кўринишга ўтказиб, Фарғона кутубхонасига тақдим қилиш бўйича келишувга эришилди.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати