Мақолалар

Аллоҳ таолонинг Каломи

Чоп этилди Mart 2, 2020 Аллоҳ таолонинг Каломиda fikr bildirishni o'chirish

Ислом дини таълимотининг асосий манбаси Каломи шарифнинг тил ва баён жиҳатидан илоҳий мўъжизалиги уни араб тилида ўқиб, тушунгач, янада тўла намоён бўлади. Бошқа ҳар қандай тилга ўгирилганда Қуръон тилига хос хусусиятлар, назмий услуб, мафтункор оҳанг ва руҳий таъсир кучи камаяди. Таржимон ҳар қанча маҳоратли, тажрибали луғатга бой бўлмасин, оятларнинг арабча ҳолидаги мазмунини бошқа тилда мукаммал ифода эта олмайди.

Аммо Қуръони каримни араб тилида ўқиб англаш ҳамманинг ҳам қўлидан ке­лавермайди. Ҳат­то араб­ларнинг ўзлари ҳам Қуръон оятларини тўла тушуна олмасликларини тан олади. Улуғ саҳобалар ҳам кўп­дан-кўп оятлар мазмунида баҳслашиб, бир ечимга кела олишмай, Расулуллоҳ алай­ҳиссаломнинг ўзла­ридан сў­раб, аниқлаб ол­ганлари тўғ­рисида саҳиҳ ҳа­дислар бор.

Қуръони каримни бошқа тилларга таржима қилиш ҳара­кати анча қадимдан бошланган. Айниқса, араб бўлмаган халқларнинг Исломга киришлари бу ҳаракатга асосий сабаб бўлган. Гарчи уламолар оятларни ҳар қандай тилда шарҳлаб тафсир қилишга рухсат берсалар-да, бироқ сўзма-сўз таржима қилиб ёзишга мутлақо изн беришмаган. Зеро, таржимани ёзиб қўйиш билан Қуръон мазмуни шундангина иборат деган иддао бўлади, деб унинг масъулиятидан қўр­қишган. Шунинг учун аждодларимиз меросида ўзбекча тафсирлар кўп бўлса-да, яқин-яқингача ўзбекчага таржима қилинган Қуръонни деярли учратмас эдик.

Кейинги асрларда Қуръони карим жаҳон халқларининг кўпгина тилларига таржима қилинди. Шунингдек, ўзбек тилида ҳам бир қанча таржималар пайдо бўлди. Эндиликда бу жараён янада жадаллаши­ши табиий. Бас, шундай экан, бу соҳада кундан-кунга тарақ­қиёт сари интилиш мақсадга мувофиқдир. Аввалги таржималарда учраган камчилик­ларни такрорламаган ҳолда, тобора сифатли таржима ва тафсирларни таълиф этиш бугунги уламоларнинг шарафли ва­зифаларидандир.

Қуръони карим маънолари ўзбек тилидаги таржималар муаллифлари ҳам омонатдорлик сифатларини ўзида жамлаган ҳолда ёндашиб, чуқур илмий салоҳият билан таржима­га киришган. Жумладан, Ўзбе­кистон мусулмонлари идо­раси раиси ўринбосари шайх Абдулазиз Мансур ҳафиза­ҳуллоҳ ҳазратлари “Қуръони карим: маъноларининг таржима ва тафсири” номли асарида бундай изоҳларни келтиради: “Таржима ҳанафийлик маз­ҳабига мувофиқ ҳолда тайёрланди. Бошқа мазҳаблар билан қиёсий тафсирлар изоҳда кўрсатиб борилди. Оятлар мазмуни имкони борича сўзма-сўз ифодалашга ҳаракат қилинди. Қўшимча, ёрдамчи сўз ва ибо­ралар қавс ичида берилди. Мураккаброқ ва шарҳга муҳ­тож оятларга саҳифа остида изоҳ берилди. Амалда бўлиб келган кирилл ёзуви қоида­ларига риоя қилинди”.

Қуръони карим маънолари­ни таржима қилишдан аввал “Қуръон” номининг маъноси­ни тушуниш керак. Шайх Муҳам­мад Содиқ Муҳаммад Юсуф раҳматул­лоҳи алайҳ “Ҳадис ва ҳаёт” ки­тоби­да келтиради: “Луғат ил­ми мутахассислари “Қуръон” лафзи­нинг “ўқимоқ”, “қироат қилмоқ”дан бошқа “жамлаш” маъноси борлигини таъкидлайди. Бунда Аллоҳ таолонинг охирги Каломи ўзидан олдин нозил бўлган барча илоҳий китобларнинг маъно, ҳикмат ва аҳкомлари­ни ўзида жамлаганига ишора бор. Мана ўн беш асрдан буён кўпчилик “Қуръон” лафзининг луғавий маъносини билмаса ҳам, уни мусулмонларнинг муқаддас Китоби эканини тан олиб келишмоқда”.

Ҳасан ибн Али розиялло­ҳу анҳу айтади: “Саҳобалар Қуръонни Аллоҳдан келган мактуб деб билар, тунлари уни ўқиб чиқиб, кундузи ҳаётга татбиқ этар эдилар”. Бу эса ўзини мусулмон санаган ҳар бир кишига дахлдор гапдир.

Шамшетдин БАУАТДИНОВ

Ўзбекистон халқаро ислом академияси 2-босқич магистранти

“Ҳидоят” журналининг 2020 йил, 2-сонидан