Мақолалар

Носириддин ал-Ҳанафий Ҳамадоний ҳақида[1]

Чоп этилди Mart 6, 2020 Носириддин ал-Ҳанафий Ҳамадоний ҳақида[1]da fikr bildirishni o'chirish

«Туҳфат уз-зоирин» («Зиёратчиларга туҳфа») китоби бухоролик Носириддин ал-Ҳанафий ал-Ҳасаний ал-Бухорий қаламига мансуб форс тилидаги асардир. Унда Бухоро ва унинг атрофида дафн этилган улуғ олимлар ва тасаввуф аҳлларининг номлари, туғилган ва вафот қилган йиллари, устозлари ва шогирдлари, ёзган асарлари қисқа ва лўнда қилиб ифодаланган. Асар «маълумотнома» руҳида ёзилган. Муаллифнинг мақсади ҳам шундан иборат бўлган.

Муқаддимада муаллиф китобнинг ёзилиши ҳақида сўзларкан, кўпдан буён ёзилган турли китобларни ўқигани, улуғ олимлар ва шайхлар­нинг ҳаёти ва силсиласини ўрганишга жаҳд қилгани, хусусан, Хожа Абдулхолиқ Ғиждувоний бошчилигидаги хожагонлар тариқати вакилларининг силсила ва насабларига қизиқиб юргани, Муъин ул-Фуқаронинг «Тарихи Муллозода» асари ўзини қизиқтирганини айтади. Натижада ўзи ҳам бу улуғларнинг номлари ва қабрлари ҳақида бир китоб тайёрлашга киришиб, уни 1324/1906 йилда тугатгани ҳақида ёзади.

Муаллиф «Нафаҳот ул-унс», «Рашаҳот», «Мано­қиби Ҳазрати Амир Кулол», «Мазҳар ул-ажойиб», «Фавойиди мунтахаба», «Самарот ул-машойих», «Туҳфат ул-аҳбоби Шоҳий», «Туҳфат ул-аҳбоб», «Маноқиби Ҳазрати Ҳожи Ҳабибуллоҳ», «Туҳфат ул-ансоб» ва Тоҳир Эшоннинг асарларидан фойдалангани ҳақида ҳам ёзади.

Муаллиф ўзи таъкидлаганидек, маълумотлар­ни мухтасар, лўнда ва оммабоп тарзда баён қил­ган. Бу асар Бухоро ва унинг атрофида яшаган олимлар, давлат аъёнлари, тасаввуф аҳллари­нинг тарихини ўрганишда муҳим аҳамиятга эга.

Носириддин Бухорий Хожа Юсуф Ҳамадоний ҳамда унинг тўрт халифаси ҳақида тўхталади. Қуйида мазкур маълумотларни келтирамиз.

Ҳазрати Хожа Юсуф Ҳамадоний

(Аллоҳ руҳларини азиз қилсин!)

Туркистон машойихларининг сарҳалқаси улар эдилар (барчасининг руҳларини Аллоҳ азиз қил­син).

Нақл қилинишича, ул жаноб қайси шаҳарга кириб борсалар, шаҳар шаробхоналаридаги шароблар сиркага айланиб қолар экан. Хуросондан Бухоро томон отланиб, Аму сувидан ўтган вақтларида Бухоро вилоятидаги барча шароблар сиркага айланган. Бухоро халқи бу кароматни кўргач, барчалари ул жанобга эътиқод қўядилар[2].

Ҳазрати Хожа Юсуф Ҳамадонийнинг насаблари Ҳазрати Имоми Аъзам Куфийга бориб тақалади. «Матлаб ут-толибин» китобининг муаллифи унинг насабини қуйидагича келтиради: Ҳазрати Хожа Юсуф ибн Айюб ибн Абдул Воҳид ибн Абдул Босит ибн Козим ибн Боқир ибн Муҳаммад ибн Исмоил ибн Ҳазрати Имоми Аъзам Абу Ҳанифа Куфий ибн Собит ибн Қайс ибн Яздажард ибн Шаҳриёр ибн Парвиз ибн Нўширвон.

Ул жаноб ўттиз саккиз марта пиёда ҳаж қилган эдилар. Қуръонни Ҳафс қироати билан минг марта хатм қилганлар. Тафсир, ҳадис, фиқҳ, усул ва фуруъ китобларини ўқиганлар. Қуръонни ёд олган эдилар. “Матлаб ут-толибин” китоби­да айтилишича, ўн саккиз ёшларида Бағдодга бориб, Абу Исҳоқ фақиҳдан фиқҳ илмини ўрганганлар. Назар илмида камолга эришганлар. Имоми Абу Ҳанифа мазҳабида бўлганлар. Исфаҳон ва Бухорода таълим олганлар. Ироқ, Хуросон, Хоразм ва Мовароуннаҳрда соҳиби қабул эдилар. Бир муддат Кўҳи Зарда яшаганлар. Ва Абу Абдуллоҳ Жувайний қўлидан хирқа кийганлар. Ва тасаввуфда Абдуллоҳ Жувайнийга, Шайх Ҳасан Кинонийга ва Абу Али Формадийларга интисоб қилган.

«Тарихи Имоми Ёфиъий»да ёзилишича, Хожа Юсуф Ҳамадоний каромат ҳамда ҳол соҳиби эдилар. Бағдод, Исфаҳон, Ироқ, Хуросон, Самарқанд ва Бухорода жуда кўп кишилар улардан фойда топганлар. «Канз ул-ансоб» номли китобда Ҳазра­ти Хожа Юсуф Ҳамадонийнинг насаблари қуйидаги тартибда келтирилган: Хожа Юсуф Ҳама­доний ибн Хожа Абдуллоҳ ан-Нойи ибн Хожа Қутбуддин Юсуф ибн Саййид Жалолуддин Биёбоний ибн Саййид Муҳаммад Мазҳар ибн Саййид Абдуллоҳ ибн Саййид Акбар ибн Саййид Муҳаммад ибн Саййид Аҳмад Акбар ибн Саййид Имоми Муррақаъпўш ибн Имом Муҳаммад Та­қий (Аллоҳ уларнинг сирларини муқаддас қилсин). Тўртта халифалари бўлган: Хожа Абдуллоҳ Баррақий, Хожа Ҳасан Андоқий, Хожа Аҳмад Яссавий ва Хожаи Жаҳон – Хожа Абдулхолиқ Ғиждувоний.

Уларнинг муборак қабрлари Марвдадир.

[1] Носириддин Ҳанафий. “Туҳфат уз-зоирин”. Мазкур асар. 40-б.

[2] Шу жойдан бошлаб, муаллиф шайх Нажибуддин Бузғуш Шеъ­розийнинг Юсуф Ҳамадонийнинг туш кўргани воқеасини баён қилади. Бу воқеани Абдураҳмон Жомий илгарироқ баён қилиб бергани учун такрорлашни лозим топмадик. (–С.–С.)

 

 

Юсуф ҲАМАДОНИЙнинг

“Ҳаёт мезони, Одоби тариқат, Коинот ва инсон ҳақида” китобидан

Асар “Мовароуннаҳр” нашриётида чоп этилган.

Нашриётдан харид нархи 9000 сўм