Дунё янгиликлари

Дунёдаги энг қимматбаҳо китоблар қанчага сотилган?

Чоп этилди Mart 9, 2020 Дунёдаги энг қимматбаҳо китоблар қанчага сотилган?da fikr bildirishni o'chirish

Бугунги кунда аудио ва электрон китоблар оммалашмоқда, шундай бўлса-да, ҳалигача қоғоз китобларнинг ўрни бўлак. Улар орасида сайёрамиздаги энг қиммат китоблар ҳам бор. Қуйида ана шулар ҳақида ўқийсиз.

“Лестер Кодекси”.

Бу китобда Леонардо да Винчининг илмий ишлари жамланган бўлиб, 1994 йилда аукционда 30,8 миллион АҚШ долларига Билл Гейтсга сотилган. Китоб 72 варақдан иборат. У ўзида олимнинг қайдлари, расмлар, математик изоҳларни жамлаган бўлиб, ундаги ёзувларни фақат ойнадаги тасвир орқали ўқиш мумкин.

“Генрих Шер Инжили”

“Генрих Шер Инжили” — XII асрнинг охирида (1175-1188 йиллар оралиғи) Генрих Шер учун Германияда чоп этилган. Китоб 226 варақдан иборат бўлиб, аукционда 12,4 миллион АҚШ долларига сотилган. Ҳозирда у Германиядаги герцог Август кутубхонасида сақланади.

“Америка қушлари”

“Америка қушлари” китоби 1827 йилда натуралист-рассом Жон Жеймс томонидан нашр қилинган. Унда қушларнинг иллюстрациялари ва уларнинг илмий тасвири берилган. Бу китоб атиги 200 нусхада чоп этилган. Унинг узунлиги 127 сантиметр, чунки рассом қушларни табиий ҳажмда тасвирлаган. Бу китоб 2000 йилда Қатар шайхига 8,8 миллион АҚШ долларига сотилган.

“Кентерберик ҳикоялари”

“Кентерберик ҳикоялари” асари инглиз ёзувчиси Жеффри Чосер томонидан XIV асрда яратилган. Китоб тўплам шаклида бўлиб, унда 22 та шеърий асар ва 2 та насрий новелла мавжуд. 7,5 миллион АҚШ долларига сотилган.

“Биринчи фолио: Шекспир комедиялари, тарих, трагедиялари”

“Биринчи фолио: Шекспир комедиялари, тарих, трагедиялари” асари Шекспир вафотидан бир неча йилдан сўнг 1623 йилда чоп этилган. Ўзида 36 та саҳна асарини жамлаган ва 900 варақдан иборат. Ўша йилларда бу китоб фақат 228 нусхада чиқарилган бўлиб, ҳозир тахминан 40 тача нусхаси сақланиб қолинган. У 6 миллион АҚШ долларига баҳоланган.

“Нортумберланд герцоги бестиарияси”

“Нортумберланд герцоги бестиарияси” китоби XIII асрда яратилган. Китобда реал мавжуд ва фантастик ҳайвонлар тасвири берилган. Унда ахлоқий мавзуда ҳикоялар ва деталлар ифодаланган. Китоб 1990 йилда коллекционер томонидан 5,4 миллион АҚШ долларига сотиб олинган.

“Гутенберг Инжили”

“Гутенберг Инжили” 1450 йилларда Иоган Гутенберг томонидан чоп этилган. Ҳозирда унинг 180 нусхасидан атиги 21 нусхаси сақлаб қолган. Бу китоб бебаҳо ҳисобланса-да, унинг тўлиқ бўлмаган 1-жилди 1987 йилда 4,9 миллион АҚШ долларига сотилган.

“Мевали дарахтлар ҳақида трактат”

“Мевали дарахтлар ҳақида трактат” — бу француз қўлёзмаси бўлиб, ўзида 16 та мевали дарахтлар ҳақидаги тўпламлар ва уларга иллюстрацияларни киритган. Китобни 1768 йилда Луи Дюамель дю Монсо ёзган. Бу китоб 2006 йилда Брюссель аукционида 4,5 миллион АҚШ долларига сотилган.

Халқ сўзи