Аёллар

Умму Кулсум бинти Али

Чоп этилди Mart 9, 2020 Умму Кулсум бинти Алиda fikr bildirishni o'chirish

Таваллуди

Фотимаи Заҳро (розияллоҳу анҳо) жуда гўзал бир киз чақалоқни дунёга келтирди. Бу вақтда Али (розияллоҳу анҳу) Маккадан узоқроқ ерда эди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) қизларининг кўзи ёриганини эшитиб, Фотиманинг уйига келдилар. Уни жуда севардилар. Эсон-омон кутулгани билан табриклаб, таскин берувчи сўзлар айтдилар. Яхши ният билан чақалоққа холаси Умму Кулсумнинг номи қўйилди.

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) шарафли қўлларини гўдак устида юргизиб, бу қизни муборак қилишини сўраб, Аллоҳ таолога дуо этдилар.

Сафардан қайтган Али (розияллоҳу анҳу) завжаси бир қиз туққанлигини ва чакалоққа бобоси Ҳазрати Муҳаммад (алайҳиссалом) тарафидан исм берилганини эшитиб жуда севинди.

Кунлар, ойлар ўтган сари қизалоқ ўсиб-улғайиб, гўзаллиги ҳам ортиб борар эди. Ўн ёшга етмасдан бобоси Муҳаммад (алайҳиссалом) вафот этдилар. Умму Кулсум бобосининг вафотидан энг кўп изтироб чекканлардан бири бўлди.

Мўминлар амирига никоҳланиши

Умму Кулсум ҳаётининг илк баҳоридаёқ жуда фосиҳ ва болиғ гапирар эди. Шу билан бирга, жуда кичкина бўлишига қарамай, қувватли имон соҳиби эди. Унинг ахлоқий васфлари ва фазилатлари халифа Умарнинг (розияллоҳу анҳу) қулоғига етиб келди. Ҳазрати Умар (розияллоҳу анҳу) анчадан бери Расулуллоҳга (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) куёв бўлиш орзуси билан юрар эдилар. Шу боис Умму Кулсумнинг қўлини сўраш учун қулай фурсатни пойлай бошладилар.

Умар (розияллоҳу анҳу) мусулмонлар ўртасида содир бўлган муаммоларда, кўпинча Алининг (розияллоҳу анҳу) ҳукм чиқаришни сўрар эдилар. Чунки Алининг (розияллоҳу анҳу) фатво беришдаги билимдонлиги ва фиқҳ борасидаги чуқур илмига ишонардилар.

Бир куни навбатдаги масала кўриб чиқилди ва Али (розияллоҳу анҳо) кетмоқчи бўлдилар. Умар (розияллоҳу анҳу) уни тўхтатиб:

– Сенда хусусий бир ишим бор эди, ё Али! – дедилар. Ҳамма тарқалгач, икковлари ўртасида қуйидаги суҳбат бўлиб ўтди:

– Умму Кулсумни менга никоҳлашингни сўрайман.

– У ҳали жуда ёш…

– Уни менга никоҳла, ё Али! Аллоҳга қасамки, унинг суҳбатини менчалик орзу қиладиган ҳеч ким йўкдир.

– У ҳодда қизимни сенинг олдингга юборай. Агар рози бўлсанг, уни сенга никоҳлаб бераман.

Бу суҳбатдан сўнг Али (розияллоҳу анҳу) уйга кетдилар. Уйга келгач, қизлари Умму Кулсумни чақирдилар. Унга бир ҳирқани бериб, шундай дедилар:

– Бу ҳирқани мўминларнинг амири Хаттоб ўғли Умарга олиб бор ва унга отам сизга айтган ҳирқа мана шу, дегин.

Умму Кулсум ҳирқани олиб, Умарнинг (розияллоҳу анҳу) ҳузурларига келди. Изн сўраб ичкарига кирди ва отаси тайинлаган гапларни айтди. Асл кўзланган мақсаддан у бехабар эди.

Умарнинг (розияллоҳу анҳу) кўзлари севинчдан порлаб:

– Отангга менинг қабул этганимни, рози бўлганимни айт, дедилар.

Умар (розияллоҳу анҳу) уйларидан чиқиб, Расулуллоҳнинг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) масжидларига, қабр билан минбар ўртасидаги муҳожирлар мажлиси бўладиган майдонга келдилар. Равзаи шарифдаги бу жой асҳоби киромнинг доимий йиғиладиган жойига айланган эди.

Умар (розияллоҳу анҳу) келганларида ҳеч ким йўқ эди. Бирин-кетин саҳобалар кела бошладилар. Биринчи бўлиб Али, кейин Усмон ибн Аффон, Зубайр ибн Аввом, Талҳа ибн Убайдуллоҳ ва Абдураҳмон ибн Авф келдилар.

Ҳамма йиғилтанидан сўнг Умар (розияллоҳу анҳу):

– Менга саодат тиланг… Мени табрикланг, – дедилар.

– Кимга уйланяпсиз, ё амирал мўминин?! – деб сўрадилар.

– Абу Толибнинг ўғли Алининг қизига. Мен Расулуллоҳнинг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) :

«Қиёмат куни менинг насабим ва ақраболаримдан бошқа насаб ва қариндошлик кесикдир», деб айтганларини эшитгандим. Исломга кириш ва қизимни Аллоҳ расулига бериш билан унга қариндош бўлдим. Бу қариндошликни унинг наслидан қиз олиб, куёв бўлиш билан мустаҳкам қилишни хоҳладим», дедилар Умар (розияллоҳу анҳу).

Мажлисга йиғилганлар Ҳазрати Умарни табриклаб, унга хайр ва саодат тиладилар. Умму Кулсумга Ҳазрати Умар 40000 дирҳам маҳр бердилар.

Умарнинг (розияллоҳу анҳу) орзуси бир аёлнинг эри бўлиш, шаҳватини қондириш эмасди. Аксинча, у жуда улуғ, шарафли ғоя ва мақсадни кўзлаган эди.

Умму Кулсум (розияллоҳу анҳо) мўминларнинг амири Умар ибн Ҳаттобнинг хонадонларида итоатли, вафодор завжа ўлароқ яшади.

Ҳазрати Умарнинг шиддати, оила эҳтиёжини таъминлашда ва мусулмонларга, уларнинг молларига нисбатан жуда эҳтиёткорлиги машҳур эди.

* Ҳарор – юк солинган қоп

Умму Кулсум ҳам мустаҳкам имон ва ахлоқ соҳибаси эди. Шу сабабли Умарнинг (розияллоҳу анҳу) аҳволини жуда яхши англар, ҳар бир вазиятдан рози бўлиб, ҳеч қачон нолимасди. Кунлардан бир кун ундаги қаноат ва итоат даражасини очиқча кўрсатувчи бир воқеа содир бўлди:

Умму Кулсум Ҳазрати Умардан берухсат Рум императори Хироқлнинг завжасига бир ҳадя юборди. Чопардан ҳадяни олган Рум маликаси хизматчилар ва сарой аъёнларини йиғди.Уларга:

– Бу ҳадя мусулмонлар халифасининг завжаси, Пайғамбарнинг набирасидандир. Бу ҳадя эвазига менҳам бир нарса юбормокчиман, – деди. Сўнг Умму Кулсумга миннатдорчилик билдириб, бир мактуб ёзди ва кўплаб совға-саломлар билан жўнатди. Туҳфалар орасида қимматбаҳо мунчоқ ҳам бор эди.

Чопар Мадинаи Мунавварага келгач, мактуб ва совғаларни Ҳазрати Умарга (розияллоҳу анҳу) топширди. Ҳазрати Умар Умму Кулсумни берухсат бундай иш қилгани учун койидилар. Бироздан сўнг бир кишидан:

«Намоз тўпланинг!» дея чақиришини сўрадилар. Чақириқни эшитганлар муҳим бир иш борлигини билиб, тўплана бошладилар. Умар (розияллоҳу анҳу) уларга икки ракат намоз ўқиттирдилар. Аллоҳ таолога ҳамду сано айгилгач, қавмга юзланиб:

– Мендан берухсат қилинган ишларда хайр йўқдир, – дедилар ва бўлиб ўтган воқеани сўзлаб бердилар. Мунчоқни нима қилиш ҳақида улардан маслаҳат сўрадилар.

Бир гуруҳ:

«Мунчоқ Умму Кулсумга тегишли нарса эвазига юборилган. Шу боис унинг мулки бўлиши лозим. Император Ҳироклнинг завжаси зиммий эмаски, сизга хуш кўриниш учун совға юборса ёки сизнинг кўл остингизда эмаски, сиздан қўрққа-нидан юборса», дедилар.

Бошқа бир гуруҳга эса:

«Биз ҳам эвазига бир нарса беришини истаб, бировга кўйлак ҳадя этамиз ёки сотилиб, пулини олиш учун бировга кўйлак юборамиз. Бу мунчоқ ҳам шунга ўхшаш бир нарса», дедилар.

Умар (розияллоҳу анҳу) ҳамманинг фикрини олгач:

– Сўзларингаз тўғри. Аммо элчи мусулмонлар элчиси, чопар уларнинг чопари, – дедилар ва ҳадяни Байтултоҳга беришга амр этдилар.

Умар (розияллоҳу анҳу) ўта адолатли ва умматнинг ишларини ўйлайдиган ҳоким бўлганидек, оиласининг баркарорлигини, ҳузур-ҳаловат ва фаровонлигини ҳам сақловчи киши эдилар. Шунинг учун ўзларининг хусусий молларидан ҳадя миқдорича нафақа ажратиб, завжаларига бердилар.

Умму Кулсум (розияллоҳу анҳу) Ҳазрати Умардан икки фарзанд – бир ўғил ва бир қиз дунёга келтирдилар. Ўғилнинг исми Зайд ибн Умар, қизнинг исми Руқайя эди. Хайрли бўлишин орзу қилиб, унга холасининг исми берилган эди. Умму Кулсум фарзандларининг гўзал тарбия олиб, улғайишлари учун ғайрат қилди ва бунга муваффақ бўлди.

Бева аёл

Умар (розияллоҳу анҳу) шаҳид этилганида Умму Кулсум қаттиқ изтироб ичида қодди. Бир куни икки биродари Ҳасан ва Ҳусайн (розияллоҳу анҳум) унинг олдига келиб:

– Ўзингга маълумки, сен мусулмон аёлларнинг саййидасисан. Қолаверса, сен улар кўп ҳурмат қиладиган муҳтарама аёлнинг қизисан. Агар сен ишни отамизга қоддирсанг, валлоҳи сени етимларидан бирига никоҳлайди. Аммо сен бой кишига турмушга чиқмоқчи бўлсанг, муҳаққақ, бу ишни уддалайсан, – дедилар.

Бу гаплари билан Умму Кулсумни ўз фикрига кўра мустақил ҳаракат қилишга чақираётган эдилар. Бундай қилишларининг ўзига хос сабаблари бор эди. Чунки оталарининг уйида яширинча Умму Кулсумнинг тўйига тайёргарлик кўрилаётганини эшитиб қолган эдилар. Бу гапларни эшитган Умму Кулсум ўйланиб қолди. Шу пайт Али (розияллоҳу анҳу) қўлларида асо билан ичкарига кирдилар.

Ўғиллари дарҳол уни салом бериб қаршилашди. Ҳазрати Али (розияллоҳу анҳу) қизларини ёнларига ўтқаздилар. Аллоҳ таолога ҳамду сано айтганидан сўнг дедилар:

– Эй Фотиманинг ўғиллари! Сизни қанчалик севишнимни биласиз. Менинг олдимдаги даражангиз улуғдир. Мен сизни бошқа фарзандларимдан устун қўяман. Чунки сиз Аллоҳ Расулининг набираларисиз.

Ҳасан ва Ҳусайн (розияллоҳу анҳу) оталарига:

– Ҳа, тўғри айтяпсиз. Аллоҳ сизга марҳамат этсин, биз ила сизга хайр-эҳсон этсин, – дейишди.

Сўнг Ҳазрати Али (розияллоҳу анҳо) кизларига шундай дедилар:

– Эй қизим, Аллоҳ таоло сенинг ишингни менга қолдирди. Турмушга чиққан эдинг, тул қолдинг. Сенинг ишингни энди мен зиммамга олиб, сени узатмоқчиман…

Умму Кулсум:

– Отажон, мен бир аёлман. Мен ҳам бошқа аёлларнинг хоҳлаганини истайман. Улар эришган мол-дунёга мен ҳам ноил бўлишни хоҳлайман. Мени ўз ҳолимга қўйинг, ўз ишимни ўзим ўйлаб, бир қарор берай, – деди.

Ҳазрати Али (розияллоҳу анҳу) вазиятни тушундилар.

– Аллоҳга қасамки, сен айтгандек бўлмайди, эй қизим! Бу фикр сендан чиқмаган. Бундай гапни шу икки кишидан бошқа ҳеч ким айтмайди, – дедилар.

Сўнгра жаҳл билан ўринларидан туриб:

– Валлоҳи, сен менинг айтганимни қилмагунингча улар билан асло гаплашмайман, – дедилар.

Ҳасан ва Ҳусайн (розияллоҳу анҳу) оталарининг жуда ҳам ғазабланганини тушундилар. Этакларига ёпишиб:

– Отажон, ўтиринг, – дедилар.

– Валлоҳи, сизнинг хафа бўлишнгизга биз чидолмаймиз. Эй Умму Кулсум, сен ишни отамизга қолдир, – дея ёлворишди.

Умму Кулсум ҳам:

– Майли, отам айтганидек бўлсин, – деди.

Бироз олдин шиддатли бўроннинг бошланишидан хабар берган қора булутлар тарқалиб, уйнинг ҳар тарафига яна ҳузур-ҳаловат қайтиб келди.

Ҳазрати Али (розияллоҳу анҳу) бева қизини биродарининг ўғли Авн ибн Жаъфар билан никоҳладилар. Эҳтиёжлари учун Умму Гулсумга 4000 дирҳам пул бердилар.

Ҳазрати Алининг (розияллоҳу анҳу) шаҳид бўлиши

Умму Гулсум Авн ибн Жаъфар билан бахтиёр яшай бошлади. Чунки Ибн Жаъфар отаси каби юмшоқ табиатли ва нозик қалбли, ақлли киши эди. Умму Кулсум ҳам эрининг ҳақларини ҳурмат қилувчи вафодор завжа эди.

Бир куни Умму Кулсум отасига суиқасд уйиштирилгани ҳақидаги совуқ хабарни эшитиб қолди. Отасининг ҳузурига келганида, Ҳазрати Али (розияллоҳу анҳу) вужудларига тарқалган заҳар таъсиридан ҳушсиз ётардилар. Котил Абдураҳмон ибн Мулжам тутилиб, қўллари боғланган ҳолда олиб келинди.

Умму Кулсум отасини чексиз даражада севар эди.

– Отажан, отажон! Отамга ҳеч нарса қилмайди, эй Аллоҳнинг душмани, Аллоҳ сен разилни расво қилади, – деди у.

Ибн Мулжам:

– Сен ким учун йиғлаяпсан? Бекорга йиғлама, валлоҳи, мен бу қилични минг дирҳамга олдим. Минг дирҳамга заҳарладим. Шу қадар заҳарладимки, агар бу қиличнинг зарбаси бутун Миср халқига урилганида ҳеч ким соғ қолмасди, – деди.

Ҳазрати Али (розияллоҳу анҳу) заҳар таъсиридан вафот этди. Умму Кулсумнинг кўз ёшлари селдек оқди. Бу воқеадан сўнг мусибатларнинг кети узилмай, устма-уст кела бошлади. Бироқ Умму Кулсум бу аламларга жасорат ва матонат билан чидади.

Карбало тупроқларида амалга оширилган буюк фитна, даҳшатли қатлдан сўнг у бутун Куфа халқига қарата шундай хитоб қилди:

– Аллоҳ таолага ҳамд ва Расулига салоту салом ила сўзимни бошлайман. Эй Куфа халқи! Эй вафосизлар, эй ёрдам этамиз, деб ёрдам этмаганлар! Ортиқ кўзёшлар тинмайди, фарйодлар узилмайди. Сиз қасамларингизни бузиб, алдов воситаси қилишингиз билан худди ўзи тўқиган нарсани пишиқ-пухта бўлганидан сўнг парча-парча қилиб, бузиб-чуватиб ташлаган хотинга (Наҳл, 92) ўхшайсиз. Сиз роса гулдираб, ёмғир ёғмаган булутга ўхшайсиз. Ҳусайнни чақириб, душманларга топширишдан бошқа нима иш қилдингиз? Сиз ишга ярамайдиган тупроқ кабисиз. Канчалик ёмон иш қилдингиз?

Ҳа, йиғлаяпсизми! Валлоҳи, йиғланг, шу қадар кўп йиғлашга мажбурсиз… Кўп йиғланг, оз кулинг. Шунчалик чиркин иш қилдингизки, бир умр ювганингиз билан тозалай олмайсиз.

Сиз нубувват муҳри, рисолат маъдани, жаннатийлар саййиди ва сиз юрадиган йўлда зиё таратувчи Пайғамбарнинг наслини қатл эттингиз. Бу доғни кетказа олмайсиз, эй бахтсизлар!

Энди нима қилинса ҳам фойдаси йўқ. Аллоҳ таоло сизнинг балоингизни берди. Сизга залиллик ва мискинлик тамғаси урилди. «Сиз шундай оғир нарсани килдингизки, унинг оғирлигидан осмонлар ёрилиб, ер бўлиниб, тоғлар парчаланиб, қулаб кетишга яқин бўлур» (Марям, 89-90). Аллоҳ Расулининг қайси жигарпорасини қатл этганингизни биласизми? Унинг қайси каримасини ўлдирдингиз? Кимнингқонини оқиздингиз?.. Биласизми?

Ёмонлиги еру кўкни қоплаган жуда чиркин бир иш килдингиз. Энди самонинг ёмғир ўрнига қон ёғдиришига ҳайрон бўлманг. «Охират азоби эса шак-шубҳасиз янада расвороқ – хор қилгувчироқдир ва уларга ёрдам берилмас» (Фуссилат, 16). Бу азоб кул ичида қолгган чўғга ўхшайди. Асло енгил деб ўйламанг. Аллоҳ таоло барчамизнинг қилаётганларимизни Кўрувчидир.

Умму Кулсум шу гапларни айттач, у ердан кетди ва умрининг охиригача Ҳаққа бўлган садоқатидан асло айрилмади. Аллоҳ таоло ундан рози бўлсин. Омин.

«Қаҳрамон мўмина аёллар» китобидан (Тошкент, «Мовароуннаҳр», 2005) олинди.