Оила

Эр киши шафқатли бўлади

Чоп этилди Mart 9, 2020 Эр киши шафқатли бўладиda fikr bildirishni o'chirish

Қуръони каримда бундай баён қилинади: “Ўз жинсларингиздан сизлар учун жуфти ҳалоллар яратиб берди, токи улар билан ҳаловатлик турмуш қургайсизлар. Ўрталарингизда меҳр-муҳаббат туйғусини пайдо қилди. Бу эса Аллоҳнинг биру борлигининг нишоналаридандир. Ақл-идрокли фикр юритувчилар учун бунда кўп ишорат ва аломатлар бордир” (Рум, 21).
Оила инсоннинг дунёвий саодати қўрғонидир. Унда доимо тинч-тотувлик давом этиши учун эр ва хотин ўзларининг вазифалари, бурчларини тўлиқ адо этиб боришлари лозим.
Уйланиш ниятидаги киши ўзига жуфти ҳалол танлаш вақтида, қиз (аёл)нинг фақат ҳуснига ёки бойлигига алданиб қолмасдан, унинг хулқу одоби, дину диёнатига албатта аҳамият бериши лозим. Чунки баъзилар қизнинг ота-онаси бойлигига қизиқиб уйланади. Сўнг миннат балосига гирифтор бўлади. Аёлнинг ҳусну жамолига учиб уйлангач, афсус-надомат чекканлар ҳам учраб туради.

Шу боис динимиз ахлоқ-одобли, оқила, иболи, ҳаёли жуфти ҳалол танлашга буюради. Бинобарин, қиз боланинг яхши рўзғор соҳибаси, келажакда ўз фарзандларига суюкли, меҳрибон она бўлишида диндорлигининг катта таъсири бор.
Пайғамбаримиз (алайҳиссалом) марҳамат қилганлар: «Албатта, Аллоҳ таоло аёллар билан яхши муомалада бўлишингизни тавсия этади. Чунки улар сизларнинг оналарингиз, қизларингиз ва холаларингиздир…» (Табароний ривояти); “Қизлари кўп уйда барака бўлади” (Ажлий ривояти).
Шундай экан, уларни эъзозлаш, ҳурмат қилиш ва уларга шафқатли бўлиш инсоний бурчимиз эканини асло унутмайлик.
Ҳар бир инсон учун энг азиз ва мўътабар зот унинг онасидир. Расулуллоҳдан (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Муовия ибн Ҳайда: “Ё Расулуллоҳ, энг аввало кимга яхшилик қилай”, деб сўраганида, у зот: “Онангга, онангга ва яна онангга, сўнг отангга яхшилик қил”, деганлар.
Яратганнинг қудрати ва ҳикмати туфайли дунёдаги барча мавжудот жуфт-жуфт бўлиб ҳаёт кечиради. Бундай ҳаёт натижаси ўлароқ янги авлод дунёга келади. Аллоҳ таоло инсонни эркак ва аёл жинсидан яратган экан, уларни ўзи кўрсатиб берган шаръий никоҳ асосида оила қуришга буюради.
Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) турмушга чиқадиган қизларнинг ота-оналарига ҳам тавсиялар берганлар: “Қачон сизлар (қизингизга) келган совчининг дину диёнатидан ва хулқидан рози бўлсангиз, дарҳол унга қизингизни беринг. Агар шундай қилмасангиз, ер юзида фитна-фасод кўпайиб кетади”.
Мазкур ҳадисга биноан, бўлажак келин-куёв бир-бирларини сўраб суриштиришлари жоиздир. Чунки бу иш келажакда оиланинг янада мустаҳкам ва бахтли бўлишига хизмат қилади. Уйланиш ниятидаги йигит билан қиз бир-бирларини кўришлари ҳам жоиз. Бунга қуйидаги ҳадис далилдир: Муғийра ибн Шуъба (розийаллоҳу анҳу) айтадилар: «Мен бир аёлга совчи қўйган эдим. Расулуллоҳ менга: “Уни кўрдингми?” дедилар. Мен: “Йўқ”, дедим. Шунда: “Уни кўргин, чунки кўриш орангизда муҳаббат пайдо бўлишига сабаб бўлади”, дедилар».
Уйланишдан мақсад вақтинчалик кўнгилхушлик эмас, балки насл қолдиришдир.
Никоҳ эр зиммасига хотинга маҳр бериш мажбуриятини юклайди. Ҳанафий мазҳабига биноан маҳрнинг энг озининг миқдори ўн дирҳамдан кам бўлмаслиги керак. Аммо ундан кўп бўлиши келин-куёвнинг ўзаро келишувларига ҳавола. Маҳр эр томонидан бўлғуси турмуш ўртоғига унинг никоҳига кирганлиги учун бериладиган, кейин ҳам қайтариб олинмайдиган совғадир. Маҳр хотиннинг хусусий мулкидир.
Қуръони каримда бундай дейилади: “Хотинларга маҳрларини мамнунлик билан берингиз! Агар ўзлари ундан бирор нарсани ихтиёрий равишда кечса (берса)лар, сизлар уни бемалол қабул қилаверингизлар” (Нисо, 4).
Никоҳ тўйи шариатимизда жорий бўлиб, унда исрофга йўл қўймаслик лозим. Уламолар шариат манъ этган нарсага қилинган ҳар қандай харажат исрофдир дейишган.
Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Энг баракотли никоҳ оз харажат қилинганидир”, деб марҳамат қилганлар. Баъзилар тўйни дабдабали қилиш билан фарзандларининг бахтини эмас, балки ўзларининг обрўларини ўйлайдилар. Риёкорлик билан қилинган ҳар қандай ишда асло барака бўлмайди.

Абдураззоқ ЮНУС,
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси
ўринбосари

«Ҳидоят» 2007 йил 1-сон