Ўзбекистон янгиликлари

АҚШ экспертлари: “Ўзбекистон — Марказий Осиё минтақасидаги янги тўлқиннинг локомотиви”

Чоп этилди Fevral 19, 2019 АҚШ экспертлари: “Ўзбекистон — Марказий Осиё минтақасидаги янги тўлқиннинг локомотиви”da fikr bildirishni o'chirish

Бугун Тошкентда “Марказий Осиёда ўзаро муштараклик: таҳдидлар ва янги имкониятлар” ­мавзуидаги халқаро конференция ўз ишини бошлайди.

Мамлакатимизнинг ­Вашингтондаги дипломатик миссияси раҳбари Жавлон Ваҳобов ушбу форумда ­АҚШдан иштирок этадиган эксперт-таҳлил доиралари вакиллари билан учрашди. Бу ҳақда Ўзбекистоннинг АҚШдаги элчихонаси хабар берди.

РЭНД корпорацияси, Америка ташқи сиёсат кенгаши ҳузуридаги Марказий Осиё ва ­Кавказ институти, Стратегик ва халқ­аро тадқиқотлар маркази, Миллий мудофаа университети қошидаги Яқин Шарқ ва Жанубий Осиё стратегик тад­қиқотлар маркази, Нью-Йорк университетининг ­Халқаро ҳамкорлик маркази, ­Торонто университети қошидаги Европа, Россия ва Евросиё тадқиқотлари маркази каби АҚШ ҳамда Канададаги нуфузли таҳлил марказларининг етакчи мутахассислари кўп сонли делегация таркибидан жой олган.

Мулоқот чоғида Ўзбе­кистон элчиси иштирокчиларга Марказий Осиё минтақасидаги янги ­даврнинг концептуал асослари ҳамда Тошкент форумидан ­кутилаётган натижалар ҳақида маълумот берди.

Таъкидланганидек, 2017 йил ноябрь ойида Самарқандда БМТ шафелигида Марказий Осиёда хавфсизлик ва барқарор ривожланишни таъминлаш бўйича халқ­аро конференция ўтказилгани, 2018 йил март ойида Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан Қозоғистоннинг Остона шаҳрида Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг биринчи ­маслаҳат учрашуви ташкил этилгани, БМТ Бош Ассамблеяси томонидан 2018 йил июнь ойида “Марказий Осиё минтақасида тинчлик, барқарорлик ва изчил тараққиётни таъминлаш бўйича минтақавий ва халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш” резолюция­си қабул қилингани минтақавий ҳамкорликни янада ривожлантириш учун ­муҳим аҳамият касб этди.

Форумдан кўзланган мақсад Марказий Осиёдаги ўзаро ҳамкорлик суръати ва истиқболларини атрофлича кўриб чиқиш, кооперация алоқаларини чуқурлаштириш йўлида очилаётган янги имкониятлар ҳамда мавжуд тўсиқларни батафсил муҳокама қилишдан иборат.

Экспертлар ушбу халқаро ­конференция муҳим эканлиги ва Марказий Осиёдаги минтақавийликнинг янги тўлқини локомотиви ­ролини пухта мустаҳкамлаб олган Ўзбекистонда ўз вақтида ўткази­лаётганини таъкидлашди. Таҳлил­чилар Вашинг­тон Тошкент­нинг ­минтақавий интилишлари ва унинг яхши қўшничилик сиёсатини қўллаб-қувватлашини тасдиқлашди. Зеро, Ўзбекистон ва АҚШ Президентларининг 2018 йил май ойидаги расмий баёноти бандлари ҳам шундан далолат беради. Унда, жумладан, мус­тақил ва кучли Марказий Осиё минтақаси муҳимлиги қайд этилиб, Ўзбе­кистон етакчиси томонидан Марказий Осиё раҳбарларининг ҳамкорликдаги мулоқотини чақириш бўйича ташаббуси қўллаб-қувватланган. Бу минтақадаги ўзаро савдо салоҳиятини кенг намоён этади ҳамда умумий муаммоларга ечим топишда ҳамкорликдаги ёндашувларни ишлаб чиқишга хизмат қилади. ­Президент ­Дональд Трамп ушбу муҳим ­жараёнларда Ўзбекистон ҳал қилувчи роль ўйнашини алоҳида қайд ­этган.

АҚШ делегацияси вакиллари минтақавий ҳамкорликни янада ривожлантириш стратегиясини муҳокама қилиш ва уни ишлаб чиқиш жараёнларида фаол қатнашиш, қолаверса, Марказий Осиёни бар­қарор ҳамда гуллаб-яшнаётган минтақага айлантиришга қаратилган амалий тав­сиялар ва таклифларни тақдим этишга тайёр эканликларини билдиришди.

С. ҚОСИМЖОНОВ тайёрлади.