Болалар

Мактабни яхши кўринг

Чоп этилди Mart 19, 2020 Мактабни яхши кўрингda fikr bildirishni o'chirish

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Қизлардан бири хоҳиш-истакларини бундай баён қилади: «Душанба дам, сешанба ўқиш, чоршанба дам, пайшанба ўқиш, жума яна дам олиш куни бўлса эди… Шанба ва якшанба эса шундоғам дам олиш кунлари…»

Шу ўринда бир савол туғилади; уламолар буюк мақомга қандай етишишган?

Аввало, Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло уларга яхшиликни ирода қилган ва уларни динда фақиҳ қилиб қўйган. «Аллоҳ кимга яхшиликни ирода қилса, уни динда фақиҳ қилиб қўйўр».

Ҳаёт остонасига энди қадам қўяётган қизим, сен ҳам ана шундай Аллоҳ суйган бандалардан бўлишни истамайсанми?!

Муҳандислар осмонўпар биноларни қандай қилиб қуришган? Мураккаб жиҳоз, буюк ихтиролар-чи, улар қандай қилиб кашф этилган?

Маданий ва миллий қадриятлари ривожида оламшумул ютуқларга эришаётган халқлар ниманинг ҳисобига буларни қўлга киритишди? Қўлга киритилган бу ютуқлар, муваффақиятлар дангасалик, бепарволик, қатъиятсизлик оқибатида келган дейсанми?

Ёки сенингча, булар тарихда қолиб кетган миллатлар ёки қиссаларми?

Афсуски, бугунга келиб, илм олишга бўлган иштиёқи баланд, астойдил ҳаракат қилиб ўқийдиган ёшлар жуда камчиликни ташкил қилади. Борларининг аксариятида эса мақсадлари фақат шахсий эҳтиёжи билан чекланган.

Илм ўрганишнинг чек-чегараси йўқ. Ҳаттоки муваффақиятсизликка учраган қиз ҳам омадсизликдан дарс олиши керак. Аслида, омадсизлик ҳам бир мактаб. Буюк кашфиётчи ва ихтирочилар ҳам, машҳур кишилар ҳам бу «мактаб»нинг ўқувчилари ҳисобланишади. Муваффақиятсизлик биздаги ишончни ва яна оёққа туриш учун иштиёқни йўқотмаслиги керак.

Шавқни синдирадиган ўқиш даврига хос фарзандларимизда учраб турадиган бир нечта салбий одатлар бор. Улар умумийлаштириб, қуйидагиларни санаш мумкин:

Биринчи: Қинғирлик.

Ўқувчи олинадиган баҳо ва шаҳодатномага ўзининг жидду жаҳди, пешона тери ва давомли меҳнати билан қўлга киритмоғи лозим. Эришиладиган муваффақият қалбакилик, алдов ёки бошқаларнинг меҳнатидан ўғирлик ҳисобига бўлмаслиги керак.

Иккинчи: Мутахассислик.

Бошланғич синфни тугаллаб, аниқ фанлар билан шуғуллана бошлаган мактаб ёшидаги қиз ўрта таълим давридан бошлабоқ ўзининг табиати, хоҳиш-истаги ва рағбатига муносиб мутахассислик турини танлаши лозим. Албатта, бу танлов бошқа қизларга тақлид кўринишида бўлмаслиги керак.

Учинчи: Муаллимларни ғийбат қилиш.

Сўнгги пайтларда қизлар орасида ўқитувчининг ташқи кўриниши, одатлари, дарс ўтиш услуби ва бошқа хусусиятларини масхара қилиш, уларнинг устидан кулиш ёки ғийбат қилиш каби хунук одатлар кенг тарқалмоқда.

Бир қиз қандайдир тадбирда кимё фани ўқитувчиси ҳақида гапириб, уни масхара қилибди, ҳақоратлабди. Даврада ўтирганлар роса кулишибди. Кейин маълум бўлишича, мазкур ўқитувчи ўша ерда ўтирганлардан бирининг опаси экан.

Тўртинчи: Бўлмағур тажрибаларни алмашиш.

Кўплаб мактаб-коллежларда ўқувчи қизлар орасида телефон рақамларини ёки санъаткорлар, таниқли кишиларнинг суратларини, ёки баъзи бўлмағур тажрибаларни, турли беҳуда нарсалар ёзилган дисклар, журналлар ва интернетдаги ҳар хил маълумотларни алмашиш урфга айланди.

Қиз бола яхшиликка калит, ёмонликка қулф бўлсин. Яхшиликка буюрсин ва ёмонликдан қайтарсин. Мана шу мўминнинг сифатидир. У ҳаргиз мунофиқларга ўхшаб қолмасин. «Мунофиқлар ва мунофиқалар бир-бирларидандирлар. Улар мункарга буюрадилар, маъруфдан қайтарадилар ва қўлларини муштум қилиб оладилар (яъни бахиллик қиладилар)» (Тавба сураси, 67-оят).

 

Одинахон МУҲАММАД СОДИҚ,

«Ҳилол» журналининг 10-сонидан