Оила

Сўнгги пушаймон

Чоп этилди Mart 20, 2020 Сўнгги пушаймонda fikr bildirishni o'chirish

Бир аёл афсус ва надомат ила ўзининг ҳаётини айтиб беради:
Мен вояга етиб турмушга чиқдим. Турмуш ўртоғимни жуда ҳам қаттиқ севар эдим. У ҳам мени шундай яхши кўрар эди. Бир-биримизни ҳудди афсоналардек севар эдик. Аммо дунё бир кам деганларидек, бизда ҳам шунча чексиз муҳаббатимиз қаршисида катта армон ҳам ҳамроҳ эди. Аллоҳ бизга фарзанд ато этмади. Мана шу армон бизни безовта қила бошлади. 
Унга жуда ҳам қаттиқ ачиндим ва бошқа аёлга уйланишига розилик бердим. У узоқ вақтгача таклифимни қабул қилмади. Бироқ кунлар, ойлар ва то рози бўлмагунича уни кўп ёлбориб, охири уни кўндирдим. Ўзим ўртада туриб бир қизни топдим. Ниҳоят енгилгина бўлса ҳам тўй бўлиб ўтди.
Ҳаёт синовлардан иборат экан. Яна бир синов бошланди. У иккинчи аёлига менга нисбатан кўпроқ майл кўрсатар эди. Менинг эса борган сари қалбимда рашк алангаси гурилларди. Айниқса хомиладор бўлганидан сўнг. Кейин Аллоҳ таоло уларга чиройликкина ўғил ҳадя этди.
Рашким кун сайин ошар эди. Аёлига яқинлашган сари, ғазабим ва нафратим ҳам ошиб борар эди. Бир куни келиб менга янги аёли билан сафар қилмоқчи эканини айтади. Менга эса болани қолдиришмоқчи эди. Мен ҳам ҳеч қандай баҳс-мунозарасиз бунга рози бўлдим. Чунки болага мендан бошқа қарайдиган одам йўқ эди.
Сафарнинг биринчи куни, бола ёнимда ўйнаб ўтирди. Қишнинг совуқ кунлари бўлгани боис, хонани иситиш учун ўтин ёқдим. Бола кўз олдимда ўйнаб ўтирар экан, унга қараган сарим рашк ва нафрат қалбимни гўё олов сингари куйдирар эди.
Шу он болажон ҳам оловга яқинлашиб, ёниб турган чўғни ушлаб олди. Мен ҳам олдига шошиб бордим. Қўлини оловдан чиқариш ўрнига, баттар куйиб кетгунча қўлларини оловга ботириб, қалбимдаги алангани сўндирмоқчи бўлдим.
Аммо барибир уддалай олмадим.
Орадан чамамда бир соатча ўтгандан сўнг эрим ва унинг иккинчи аёли автоҳалокатга учраб, вафот этганликлари тўғрисида хабар келди. Шунда бирдан кўзларим очилди. Ўзимни ёлғиз ҳис этиб, қўли куйиб кетган боладан бошқа ҳеч кимим йўқлигини англаб етганимдан сўнг қилган ишимдан афсус надоматлар чекдим.
Болани яхши кўриб катта қилдим. У ҳам мени яхши кўрди. Ҳозир у менга масъул бўлган. Мени парваришлайди, талабларимга қарайди. Менга меҳр ва майинлик билан муомала қилади. Мени «Эй онажон» деб чақиради.
Ҳар сафар мени «ОНАЖОН» деб чақирган сайин, қалбим ғам андуҳдан парча-парча бўлай дейди. Ҳар сафар куйиб кетган қўлларига қарасам, қалбим тилка пора бўлиб кетади. Кейин ўзимни боса олмай, йиғлашга тушаман. Билмайман, фарзандимсиз ҳозир ҳолим не кечар эди. 


Ижтимойи тармоқлардан олинди