Мақолалар

Дин насиҳатдир

Чоп этилди Mart 24, 2020 Дин насиҳатдирda fikr bildirishni o'chirish

Тамим Дорий (розияллоҳу анҳу) ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Дин насиҳатдир!”, деганлар (Имом Бухорий).

Шунда саҳобалар: “Ким учун, ё Расулуллоҳ!” деб сўради. У зот (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Аллоҳ учун, Расули учун ва мусулмонларнинг имомлари ва оммаси учун”, дедилар (Имом Муслим ривояти).

“Насиҳат” сўзи луғатда “холис”, “самимият”, “содиқ” деган маъноларни англатади. Урфда эса, бир кишининг бошқасига холис ният, содиқлик билан яхши йўл-йўриқларни айтишидир.

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Дин насиҳатдир!” деганларида диннинг моҳияти насиҳат, тўғрилик ва барқарор­лик ҳамда хотиржамлик эканини назарда тутганлар.

Бир ҳадиси шарифда бундай дейилган: “Мендан олдин Аллоҳ таоло юборган пайғамбарларнинг ҳаворийлари ва саҳобалари бўлиб, улар пайғамбар йўлидан юрган, унинг амрига итоат этган. Ундан кейин келган инсонлар унга хилоф қилган, қилмаган ишларини айтишган ва буюрилмаган ишларни қилишган. Ким қўли билан уларга қарши чиқса, у мўминдир, ким тили билан уларга қарши чиқса у мўминдир, ким дили билан уларга қарши чиқса, у мўминдир. Бундан бошқа кишида тариқча имон йўқ” (Имом Муслим ривояти).

Бу ҳадисни бошқа бир ҳадис шарҳлаб келган:

عَنْ أَبِي سَعِيد الْخُدْرِيِّ قَالَ: سَمِعْتُ رَسُول اللَّه صَلَّى اللَّه عَلَيْهِ وَسَلَّمَ يَقُول: “مَنْ رَأَى مِنْكُمْ مُنْكَرًا فَلْيُغَيِّرْهُ بِيَدِهِ فَإِنْ لَمْ يَسْتَطِعْ فَبِلِسَانِهِ فَإِنْ لَمْ يَسْتَطِعْ فَبِقَلْبِهِ وَذَلِكَ أَضْعَف الْإِيمَان”.

Абу Саид Худрий (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: «Расулул­лоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Ким бир ёмонлик кўрса, уни қўли билан қайтарсин, кучи етмаса, тили билан қайтарсин, шунда ҳам кучи етмаса, дили билан қайтарсин, мана буниси эса имон­нинг энг заифидир”, деганларини эшитдим» (Имом Муслим).

Демак, мўмин киши бирор ёмон ишни кўрса, ундан бош­қа­ларни қайтариши ҳам насиҳат экан. Ислом маданиятига қа­ранг, биринчи қўл билан, кейин тил билан, кейин дил билан қайтаришга буюряпти. Фақат қўл ёки фақат тил билан қайтариш эмас, балки энг сўнгги умид дил билан, ич-ичдан ёмон кўриш ҳам керак экан. Мана шу орқали мусулмон киши насиҳат қилган бўлади, бу орқали жамиятда юзага келадиган турли кўнгилсизликлар олди олинади.

Насиҳат энг аввало, Аллоҳ учун, кейин унинг Расули (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) учун, имомлар, яъни бошлиқлар ва омма учун бўлиши ҳадиси шарифда айтиб ўтилди. Қуйидаги икки ривоят на­сиҳатнинг нақадар улуғ иш эканини кўрсатади.

  1. Умар (розияллоҳу анҳу) халифалик даврида Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу) Баҳрайнга волий этиб тайинланади. Бир сафар Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу) Мадинага келганида ёнида ўн минг дирҳам пул бор эди. Уни кўрган Умар (розияллоҳу анҳу) Абу Ҳурайрага: “Буларни ўзлаштирдингми, эй Аллоҳнинг ва Ки­то­би­нинг душмани”, деди. Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу): “Мен Аллоҳнинг ва Китобининг душмани эмас, балки у иккисига душ­ман бўлганларнинг душманиман”, деди. “Унда булар сенга қаер­дан келди”, деди халифа. “Отим бор эди, туғди. Уни сотиб, пулини тижорат учун айлантиришга бердим”, деди Абу Ҳурайра. Умар (ро­зияллоҳу анҳу) бу ҳолатни текшириб кўрди ва пулни қаердан олганини аниқлагач, Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу)га бу пул ҳа­лол эканини англаб етди ва унинг волийлик ишлари баракасини сў­раб дуо қилди.

Умар (розияллоҳу анҳу) унга: “Ёмон кўрсанг ҳам сенга яхши­ликни истаб шундай қилдим”, деди ва Юсуф (алайҳиссалом) ҳақ­ларида сўз очмоқчи эди, Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу): “Юсуф (алайҳиссалом) пайғамбар бўлган. Мен эса, Абу Ҳурайраман, билмасдан гапиришдан қўрқаман, чунки таъзирим берилиши, молим тортиб олиниши ва шаънимга ёмон сўзлар айтилиши мумкин”, деди.

  1. Бир куни Абу Зарр Ғифорий (розияллоҳу анҳу) Муовия ибн Абу Суфённинг кўп мол эҳсон қилганини кўрди ва унга: «Агар ин­фоқ қилганларинг давлат хазинасидан бўлса, сен хоинсан. Била­сан, “Аллоҳ таоло хоинларни ҳидоят қилмайди(Юсуф, 52). Агар улар ўзингники бўлса, унда сен исроф қилдинг, “Аллоҳ исроф қилувчиларни севмайди(Аъроф, 31) деди».

Бу ривоятда Муовия ибн Абу Суфёнга Абу Зарр (розияллоҳу анҳу) молни тўғри сарфлаш хусусида насиҳат қилди.

Насиҳат мусулмонларнинг имомларига бўлиши ҳадисда зикр қилингани каби, оддий бир саҳоба Муовия (розияллоҳу анҳу)нинг кўп мол сарфлаганини кўриб, унга ояти каримани эслатиб қўй­ди. Демак, динда насиҳат ҳар бир нарсада бўлиши ва ҳар ким томо­нидан айтилиши мумкин экан.

“Дин насиҳатдир”, дейилганда фақат бировларга ақл ўргатиш эмас, балки ҳар бир лаҳзани яшаб кўрсатиш ва шу орқали ўрнак бўлиш лозим. Зеро, юқоридаги икки ҳикояда қандай насиҳат қилингани гувоҳи бўлдик. Мўмин киши айтиб эмас, балки яшаб насиҳат қилиши керак.

Халқ орасида пайдо бўлган айрим нотўғри тушунчалар кишини ажаблантиради. Баъзан: “Домланинг айтганини қил-у, қил­га­нини қилма”, деган маънодаги гап-сўзлар қулоғимизга чалиниб қолади. Аслида, бу нақлнинг маъноси бутунлай бошқача: “Домла жамоатга нафл ибодатларни буюрмайди, балки фарз, вожиб ва суннат амалларга риоя қилишга чақиради. Ўзи эса, нафл ибодатларни ҳам бажаради. Бу оммага малол келмаслиги учун: “Домланинг айтганини қил-у, қилганини қилма”, деган нақл пайдо бўлган.

Бу ҳам бир насиҳат. Чунки дин машаққат эмас, енгилликдир.

 

Усмонхон АЛИМОВнинг

“Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг муборак васиятлари” китобидан (1-жилд)

Асар “Мовароуннаҳр” нашриётида чоп этилган.

Нашриётдан харид нархи 30000 сўм