Мақолалар

Тиловат саждаси 

Чоп этилди Mart 24, 2020 Тиловат саждаси da fikr bildirishni o'chirish

Сабаби, ҳукми ва вақти

Сажда оятини ўқиш ёки эшитиш билан тиловат саждаси вожиб бўлади. Шу саҳиҳдир.

Намоз ўқиётгандан бошқа пайтда сажда ояти ўқилса, шу заҳоти сажда қилиш лозим бўлмайди. Аммо сажда қилишни кечиктириш танзиҳан макруҳ бўлади. Араб тилидан бошқа тилда сажда оятини ўқиган кишига ҳам тиловат саждаси лозимдир. Саҳиҳ ривоятда сажда оятидан бир ҳарфни ундан олдинги ё кейинги калима билан ўқиш (талаффуз қилиш) ҳам сажда оятини ўқиш ҳисобланади (ва тиловат саждаси вожиб бўлади).

Сажда оятлари ўн тўрттадир:

Аъроф сурасида 206-оят; Раъд сурасида 15-оят; Наҳл сурасида 49-оят; Исро сурасида 107-оят; Марям сурасида 58-оят; Ҳаж сурасида 18-оят; Фурқон сурасида 60-оят; Намл сурасида 24-оят; Сажда сурасида 16-оят; Сод сурасида 24-оят; Фуссилат сурасида 37-оят; Нажм сурасида 62-оят; Иншиқоқ сурасида 21-оят; Алақ сурасида 19-оят.

Тиловат саждаси кимларга вожиб бўла­ди ва кимларга вожиб бўлмайди?

Сажда оятини эшитган кишига эшитишни қасд қилмаган бўлса-да, тиловат саждаси вожиб бўлади. Аммо сажда оятини эшитган ҳайз ва нифосдаги аёлларга тиловат саждаси вожиб бўлмайди.

Имомга иқтидо қилган киши беҳосдан сажда ояти­ни ўқиса ва уни имом ва бошқа иқтидо қилган кишилар эшитса, имомга ҳам, жа­моатга ҳам тиловат саждаси вожиб бўлмайди. Лекин имом ва жамоат сажда оятини намоз ўқимаётган кишидан эшитишса, намоздан сўнг сажда қилишлари лозим бўлади. Агар улар (намоз ўқимаётган кишидан сажда оятини эшитганлари учун) намозда тиловат саждасини қилишса, тиловат саждаси ўрнига ўтмайди, намозлари ҳам бузилмайди.

Мўътамад қавлга биноан араб тилидан бошқа тилда ўқилаётган сажда оятини эшитган киши унинг маъносини тушунса, сажда қилиши вожиб бўлади. Шунингдек, ухлаётган кишидан ё мажнундан сажда ояти эшитган кишига ҳам тиловат саждаси вожиб бўлади.

Тўтиқуш ва акс-садодан сажда оятини эшитган кишига тиловат саждаси вожиб бўлмайди.

Сажда ояти намозда ўқилганда

Сажда ояти намозда ўқилса, шу заҳоти руку ё бир марта сажда қилиш билан тиловат саждаси адо этилади. Киши намозда сажда оятини ўқигани­дан сўнг икки оятдан кўп оят ўқимасдан тиловат саждасини адо этиш ниятида намознинг рукусини қилса ё тиловат саждасини адо этишни ният қилмасдан намознинг саждасини қилса, тиловат саждаси ўрнига ўтади.

Киши имомдан сажда оятини эшитгач, унга иқтидо қилмаса ё имом сажда оятини ўқиган ракатидан бошқа ракатда унга иқтидо қилса, зоҳир ривоятда, намоздан сўнг тиловат саждаси қилиши лозим бўлади.

Имомдан сажда оятини эшитган киши имом тиловат саждасини қилмасидан унга иқтидо қилса, имом билан тиловат саждасини қилади. Имомдан тиловат саждасини эшитган киши унга тиловат саждасини қилгани ракатда, тиловат саждасини қилганидан сўнг иқтидо қилса, ҳукман тиловат саждасига қўшилган бўлади. Шунинг учун кейин тиловат саждаси қилмайди.

Намозда лозим бўлган тиловат саждаси намозда адо этилмаса, намоздан кейин адо этилмайди. Киши бир сажда ояти ўқиб (ёки эшитиб) сажда қилгач, айни жойда намоз ўқиса ва унда яна ўша сажда оятни тиловат қилса, (намозда яна) тиловат саждасини қилиши вожиб бўлади. Агар киши сажда оятини ўқиганидан сўнг тиловат саждасини қилмай, уни яна намозда ўқиса ва (намозда) тиловат саждасини қилса, зоҳир ривоятда, кифоя бўлади.

Бир жойда бир сажда оятини икки ёки ундан кўп марта ўқиган кишига битта тиловат саждаси вожиб бўлади.

Бир неча жойда бир сажда оятини ўқиган кишига битта тиловат саждаси қилиш кифоя бўлмайди. У бир сажда оятини нечта жойда ўқиган бўлса, шунча тиловат саждаси қилиши лозим.

Саҳро ва йўлларда турган ердан уч қадам юриш билан; дарахтда бир шохдан бошқа шохга ўтиш билан; анҳор ёки каттароқ ҳовузда бир ердан бошқа ерга сузиш билан жой ўзгарган ҳисобланади.

Кичик хонанинг ёки катта масжиднинг бир бурчагидан бошқа бир бурчагига ўтиш билан; намозда кеманинг юриши билан; намозда сажда оятини бир ракатда ўқигач, яна уни бир ёки икки ракатда ўқиш билан; бир қултум сув ичиш, бир-икки луқма таом ейиш ёки саҳрода икки қадам юриш билан; ўтирган жойда бир нарсага суяниш; турган жойда ўтириш ёки ўрнидан туриш билан; устида намоз ўқиётган ҳайвоннинг юриши билан жой ўзгармайди.

Сажда оятини ўқиётган кишининг жойи ўзгармаган ҳолда уни эшитаётган кишининг жойи қанча ўзгарса, эшитаётган киши шунча тиловат саждаси қилиши лозим бўлади.

Бир сажда оятини бир жойда кўп марта эшитган кишига фақат битта тиловат саждаси вожиб бўлади. Бир сурани ўқиб, ундаги сажда оятини ўқимаслик макруҳдир. Тиловат саждасини қилишга тайёр бўл­ма­ганлар олдида сажда оятини ичда ўқиш мус­таҳабдир. Сажда оятини ўтириб ўқиган киши туриб, тиловат саждасини қилиши мустаҳабдир.

Тиловат саждаси таҳорат билан пок уст-бош ва пок жойда қиблага юзланган ҳолда адо этилади.

Тиловат саждасини қилиш тартиби бундай:

Қиблага юзланган ҳолда туриб тиловат саждасига ният қилиб, қўлни кўтармай, такбир айтиб (“Аллоҳу акбар” деб), бир бор сажда қилинади ва унда уч марта “Субҳана роббиййал аъла” дейилади, сўнг яна бир марта такбир айтиб турилади ва ўтириб дуо қилинади.

Муҳаммад Шариф ЖУМАН тайёрлади.

“Ҳидоят” журналининг 2020 йил, 2-сонидан