Мақолалар

Мерос қандай тақсимланади?

Чоп этилди Fevral 20, 2019 Мерос қандай тақсимланади?da fikr bildirishni o'chirish

Азалдан ҳар бир халқ ва динларда вафот этган кишининг мол­-мулкини мерос қилиб олиш қонун­-қоидалари бўлган. Жумладан, динимизда ҳам бу масалага алоҳида эътибор қаратилиб, оят, ҳадис ва ижмода ким қанча мерос олиши баён қилинган.
Агар меросни бўлишда хатоликка йўл қўйилса, одамларнинг ҳақи бир­-бирига
ўтиб кетади. Мерос масаласининг муҳимлиги шундаки, унинг асосий масалалари
Қуръони каримда ҳал этилган, яъни меросни Аллоҳ таолонинг ўзи бандаларига бўлиб берди, ўзгага топширмади. Буни Қуръони каримда шундай ифодалайди: “…Отаоналарингиз ва фарзандларингиздан қайси бирлари сизлар учун манфаатлироқ эканини билмайсизлар. “(Шунинг учун мерос тақсими) Аллоҳнинг (ўзи) томонидан (белгиланди ва) фарз қилиб қўйилди. Албатта, Аллоҳ билимдон ва ҳаким Зотдир” (Нисо сураси, 11-оят).
“Мерос” сўзи луғатда моддий ёки маънавий бойликни меросхўрга кўчиб ўтишини
билдиради.
Унинг шаръий истилоҳдаги маъноси эса қуйидагича:
“Марҳумнинг барча мол­-мулки тирик ворисларига ўтишидир”. Бунда мерос мол, кўчмас мулк ёки шаръий ҳақлардан бири бўлиши мумкин.
Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бундай буюрадилар: “Фароизни ўрганинглар ва уни одамларга ўргатинглар. Чунки у илмнинг ярмидир, у биринчи унутиладиган ва умматимдан олиб қўйиладиган нарсадир(Имом Дорақутний ривояти).
Мерос масалаларининг биринчи унутилиб кетишига сабаб одамлар унга беэътибор бўла бошлайди, олимлардан ҳам бу ҳақда сўралмайди, сўралмагандан кейин ўқиб ўрганилмайди, натижада аста­секин унутилиб кетади. Воқелик ҳам шуни
кўрсатмоқдаки, мерос масаласи киши вафотидан ўн йиллар ўтгандан кейин кўтарилмоқда. Ваҳоланки, бу масала ўз ўрнида ҳал қилиниши керак эди. Албатта,
мерос тақсимланишида мерос илмини биладиган уламолардан бирини чақириб
унинг тақсимотига рози бўлиб амал қилинса, ўзаро келишмовчилик, силаи раҳмнинг узилишига барҳам берилган бўларди.
Киши вафот этганидан кейин у қолдирган мол­дунёга нисбатан тартиб билан қуйидаги тўрт иш бажарилади:
1. Марҳумни кафанлаш ва дафн қилиш. Мерос қолган молдан исроф ҳам, зиқналик ҳам қилмасдан сарфланади.
2. Кафанлаш ва дафндан сўнг марҳум қолдирган молдан унинг қарзлари тўлиғича
адо қилинади.
Гоҳида қолдирилган молдан марҳумнинг қарзлари узилмасдан меросхўрлар меросни бўлиб олишади ва бўлиб олишади ва бу билан катта гуноҳга ботишади. Баъзида қарздор киши уни адо қилишга етадиган мол қолдирмасдан вафот этади, бундай ҳолатда қарзни марҳумнинг номидан бошқа киши тўлаб берса ҳам, қарз
адо бўлади. Яна шуни таъкидлаб ўтиш жоизки, қарздор одам ҳеч қандай мол қолдирмасдан вафот этса, уни тўлашга фарзандларини мажбурлаб бўлмайди.
3. Марҳумнинг васиятлари, агар шаръан жоиз васиятлар бўлса, улар марҳум қолдирган молнинг учдан биридан адо қилинади. Меросхўрларга эса васият қилинмайди. Чунки улар шундай ҳам мерос оладилар. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) қуйидагича марҳамат қилганлар: “Аллоҳ таборака ва таоло ҳар бир ҳақ эгасига ҳақини берди. Мерос олувчига васият қилиш йўқ(Имом
Термизий ривояти).
4. Марҳумнинг юқоридаги сарф­-харажатлардан ортиб қолган мол-­мулки Қуръони карим, суннат ва ижмода кўрсатилганига биноан ҳақдор меросхўрларга бўлиб берилади.
Шунинг учун мерос тақсим қилинмасдан олдин марҳумнинг молидан хайр-­эҳсон қилиб юбормаслик керак. Айниқса, марҳумнинг балоғатга етмаган фарзандлари бўлса, бунга ниҳоятда эҳтиёт бўлиш лозим. Ота ёшлик ҳолида оламдан ўтиб, ортидан етим фарзандлари қолса, унинг мол­-мулки болалари то балоғатга етгунича авайлаб, сақлаб турилиши лозим. Лекин кўпинча марҳумнинг хотини ёки ота­-онаси бу мол­-мулкни шариат кўрсатмасига номувофиқ сарфлаб юборишади. Аллоҳ таоло бу борада огоҳлантириб бундай деган: “Етимларнинг молмулкларини зулм йўли билан ейдиган кимсалар, албатта, қоринларида
олов еган бўлурлар ва албатта, дўзахда куйгайлар
(Нисо сураси, 10-оят). Бошқа бир оятда эса бундай дейилади: “Меросни эса (ўз улушингизга
ўзгаларникини) қўшиб еяверасиз” (Фажр сураси, 19-оят).

Муфассирлар ояти каримадаги “қўшиб еяверасиз” жумласини ҳалолга ҳаромни, ўзининг ҳиссасига бошқаларнинг ҳиссасини, айниқса, аёллар ва болаларнинг ҳиссасини қўшиб ейиш гуноҳи азим, деб тафсир қиладилар.
Яна бир муҳим жиҳат шуки, марҳумнинг қариндошлари ичида 6 киши ҳеч қачон меросдан бутунлай маҳрум бўлмайди. Улар: ота, она, эр, хотин, ўғил ва қиз. Бу кишиларни заифлиги сабабли меросдан четлаштиришга ҳаракат қилмаслик керак, зеро, бу ўзганинг ҳақини ейишга сабаб бўлади.

Ҳомиджон ИШМАТБЕКОВ,
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво бўлими мудири

“Ислом нури” газетасининг 2019 йил, 3-сонидан