Мақолалар

Истиғфор ва тавбанинг фазилати

Чоп этилди Mart 26, 2020 Истиғфор ва тавбанинг фазилатиda fikr bildirishni o'chirish

Инсон гоҳо билиб-билмай хатолар қилиб қўяди. Ўзининг хатосини тан олган киши қайтиб бу ишни қилмасликка ҳаракат қилади. Чунки инсон ўзи қилган ишларни тафаккур қилиши лозим. У хато қилганда тавба қилиш имконияти борлигини англайди. Аллоҳ таоло унга имконият беради. Чунки У ўта меҳрибон ва шафқатли Зотдир.

“Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг ўтган ва келаси барча гуноҳларини мағрифат қилинганига кафолат борлигига қарамасдан, у зот ҳар куни етмиш мартадан ортиқ истиғфор айтган ва тавба қилганлар”, дейилади (Имом Бухорий ривояти).

Одам (алайҳиссалом) айтади: “Аллоҳ Муҳаммад умматига менга бермаган тўртта афзалликни берди: биринчиси, менинг тав­­бам Маккада қабул бўлди. Муҳаммад уммати қаерда тавба қилса ҳам, Аллоҳ уларнинг тавбасини қабул қилади. Иккинчиси, мен осий бўлган вақтимда, Аллоҳ либосимни олиб қўйди, аммо Муҳаммад­нинг уммати яланғоч ҳолда осий бўлса ҳам, Аллоҳ уларни либослантиради. Учинчиси, осий бўлган вақтимда аёлим билан орамиз ажратиб қўйилди. Аммо Муҳаммаднинг уммати осий бўлса-да, улар билан хотинларининт ораси ажратиб юборилмайди. Тўртинчиси, мен жаннатда осий бўлган эдим, Аллоҳ мени у ердан чиқариб юборди. Аммо Муҳаммаднинг уммати жаннатдан ташқарида Аллоҳга осий бўлади, лекин тавба қилса, Аллоҳ уларни жаннатга киритади”.

Ҳар бир мўминга тавба қилиш вожиб ҳисобланади. Аллоҳ таоло марҳамат қилади:

 «Эй қавмим! Раббингиздан мағфират (кечирим) сўранг, сўнгра Унга тавба қилинг, шунда У осмондан (ёмғир) ёғдирар ва қувватингизга қувват қўшар. Жиноятчи бўлиб кетманг(Ҳуд, 52)

Бошқа бир ояти каримада эса:

«Эй имон келтирганлар! Аллоҳга чин тавба қилинг, шоядки, Раббингиз сизларнинг гуноҳларингизни ўчириб, остидан анҳорлар оқиб турадиган (жаннатдаги) боғларга киритса! У кунда Аллоҳ пайғамбарни ва у билан бирга имон келтирганларни шармисор қилмас. Уларнинг нурлари олди­ларида ва ўнг томонларида юрар. Улар: “Эй Раббимиз! Ўзинг бизларга нуримизни комил қилиб бергин ва бизларни мағ­фират этгин. Албатта, Сен ҳар нарсага қодирдирсан”, дерлар» (Таҳрим, 8).

Модомики, гуноҳ Аллоҳ билан банда орасида бўлар экан, бош­қа бирон кишининг ҳақи аралашмаган бўлса, албатта, Пар­вар­ди­гор уни кечиради. Фақат учта шарт бажарилса:

  1. Гуноҳдан буткул узоқлашиш.
  2. Астойдил тавба қилиш.
  3. Гуноҳга қайтмасликка аҳд қилиш.

Агар учликдан биронтаси бажарилмаса, тавба қабул бўлмайди.

Агар бошқа бирор кишининг ҳақи аралашган бўлса, юқоридаги учта шарт ва ўша кишини рози қилиш билан тавба қабул қилинади.

Аллоҳнинг даргоҳи кенг, қилган хатоларимизни кечириши шаксиз, имконият бор, вақт ғанимат, фойдаланиб қолайлик, азизлар!

 

Усмонхон АЛИМОВнинг

“Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг муборак васиятлари” китобидан (1-жилд)

Асар “Мовароуннаҳр” нашриётида чоп этилган.

Нашриётдан харид нархи 30000 сўм