Дунё янгиликлари

БМТ коронавирусга қарши курашда камбағал давлатларга ёрдам режаси ишга туширилганини маълум қилди

Чоп этилди Mart 26, 2020 БМТ коронавирусга қарши курашда камбағал давлатларга ёрдам режаси ишга туширилганини маълум қилдиda fikr bildirishni o'chirish

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти (БМТ) бош котиби Антонио Гутерриш камбағал мамлакатларга коронавирус пандемиясига қарши курашда ёрдам берадиган глобал дастур бошланганини эълон қилди. Бу ҳақда «РБК» хабар берди.

«Биз ҳар қандай ҳимоядан маҳрум бўлган миллионлаб ва миллионлаб одамларга ёрдам беришимиз керак», — деди Гутерриш виртуал брифингда.

Сиёсатчининг сўзларига кўра, дастур БМТнинг фавқулодда вазиятларда ҳаракат қилиш марказий жамғармасидан 60 миллион доллар ажратилганидан кейин иш бошлади. Бу маблағ озиқ-овқат етказиб бериш, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) миссияларини ҳамда тиббий ходимлар ва асбоб-ускуналарни ташиш учун сарфланиши керак.

Режага кўра, БМТ Африка, Осиё ва Лотин Америкаси мамлакатлари билан «ҳаво кўприклари» қуришни режалаштирмоқда. Кўприклар COVID-19 кенг тарқалган ҳудудларга керакли мутахассисларни етказиб беришни тезлаштиришга ёрдам беради. Шунингдек, халқаро ташкилот қочқинлар лагерларида қўл ювиш учун махсус жойларни қуришни режалаштирмоқда.

Пандемияга қарши кураш режасини амалга ошириш учун БМТ томонидан яна 2 миллиард доллар сўралмоқда. Гутерриш коронавируснинг ҳимояланмаган мамлакатларда тарқалиши бутун дунё учун хавф туғдириши мумкинлигини айтди.

Аввалроқ бош котиб G20 мамлакатларига пандемия билан курашиш учун санкцияларни олиб ташлашни сўраб мурожаат қилган. Ушбу қадам муҳтож одамларнинг зарур товарлар ва озиқ-овқат маҳсулотлари олиш имкониятини яхшилаши мумкин.

Аввалроқ ЖССТ коронавирус пандемиясининг тарқалиши тезлашганини маълум қилган эди. Халқаро валюта жамғармаси эса 2020 йилда жаҳон иқтисодиётини 2008 йилдагидан ҳам оғирроқ рецессия кутаётганини маълум қилди.