Мақолалар

Тижорат ва ишлаш мақсадида сафар қилиш

Чоп этилди Mart 27, 2020 Тижорат ва ишлаш мақсадида сафар қилишda fikr bildirishni o'chirish

Муқаддас динимизда ҳалол ризқ топиш йўлида ҳаракат қилиш ибодат даражасига кўтарилган улуғ амаллардан. Бунинг фазила­тини ҳис қилиш ва билиш учун Аллоҳ таолонинг қуйидаги ояти каримасини ўрганиб чиқсак, мақсадга мувофиқ бўлади:

«…бошқалар Аллоҳнинг фазли (ризқи)ни истаб, Ер юзида сафар қилишларини ва яна бошқалар эса Аллоҳ йўлида жангга чиқиб кетишларини билган…» (Муззаммил, 20).

Бу ўринда Раббимиз, унинг фазлини истаб кезувчиларни Аллоҳ йўлида муҳораба қилувчилардан олдин зикр қилмоқда. Демак, инсон учун муҳимроғи бу оиласини таъминлаш мақ­садида қи­ла­ди­ган саъй-ҳаракати экан.

Қуйидаги оятда эса Аллоҳ таоло ризқ талабида бўлишга бую­риб, бундай марҳамат қилади:

 «Бас, у (Ер)нинг ҳар томонида (саёҳат, тижорат ёки деҳқон­чилик қилиб) юраверингиз ва (Аллоҳнинг берган) ризқидан тановул қилингиз! (Қиёмат куни) тирилиб чи­қиш Унинг ҳу­зуригадир» (Мулк, 15-оят).

Бу мавзудаги ҳадиси шариф ва ҳазрат Умар (розиялло­ҳу ан­ҳу)­нинг сўзлари билан танишамиз.

Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинди:

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Сизлардан би­рин­гиз бирор кишидан нарса сўрашидан кўра, ўтин териб, елка­сига кўтариб, уни сотиши ва одамлардан беҳожат бўли­ши яхшироқдир”, дедилар.

Умар ибн Хаттоб (розияллоҳу анҳу): “Биронтангиз ризқ та­лаб қилишдан тўхтамасин”, дер эдилар.

Ул зот яна айтганларки: “Парвардигоро! Мени ризқлантир­гин”, дея сўранглар, сўнгра бирон ҳалол касбингиз бўлсин! Чунки аниқ билингларки, осмон тилла ва кумуш ёғдирмайди. Менга ўлим келадиган жойдан кўра севимли бўлган жой шуки, у ерда мен аҳ­лим учун сотаман ва сотиб оламан”.

Дарҳақиқат, сафар қилишнинг фазилатли ва фойдали бўлиши унинг нима мақсадда амалга оширилишига боғлиқ экан. Буни биз ибодат ва тижорат сафарлари мисолида кўриб ўтдик. Демак, кишининг илм талабида ёки ҳаж ва умра ибодатини адо қилиш мақсадидаги сафарлари учун Аллоҳ таоло ҳузурида юксак даражалар ато қилиниши шубҳасиздир. Шу боис бу фазилатли сафарларга бизнинг юртимизда ҳукуматимиз томонидан кенг имкониятлар яратиб қўйилган. Бугунги кунда минглаб фарзандларимиз дунёнинг турли мамлакатларида турли соҳалар бўйича халқаро олийгоҳларда ўз билим савияларини оширишмоқда. Улар келажакда юртимиз равнақига, юртдошларимизнинг янада фаровон ҳаёт кечи­ришлари йўлида хизмат қилишлари лозим бўлган буюк келажагимизнинг буюк вакилларидир. Жаҳонга машҳур аждодларимиз мисолида буни кўрмоқчи бўлсак, биргина Имом Бухорий бобомизнинг ҳаётлари ёрқин мисол бўла олади. Улуғ муҳаддис бобомиз умрининг айни навқирон даврларини хориж­да илм талабида юриб ўтказганлар. Илмга бўлган ташналиклари шу даражада эдики, ул зот илм қалбимга сингмай қолмасин дея, ҳатто қоринлари тўйиб таом емаганлар.

Шу тарзда, яъни нон ва сув билангина кифояланиб, охири хаста бўлиб қолганлар. Шундан кейин табиблар лоақал қуруқ нонга шакар қўшиб ейишни тавсия қиладилар.

Бу машаққат ва заҳматларининг натижаси, салкам бир умр­лик илм сафарининг маҳсули эса бутун мусулмон умма­ти учун туҳфа этилган, илмлар гулдастаси бўлган «Саҳиҳул Бухо­рий» бўлди. Бир пайтлари жаҳон кезиб илм олган бобомизнинг илмий мерослари, неча-неча асрларки, бутун дунёга илму зиё тарқатмоқда.

Сафарнинг ҳикматлари ҳақида юқоридаги баёнлар­ни “ден­гиз­дан бир томчи” мисоли келтириб ўтдик. Пайғам­ба­римиз (алай­ҳиссалом) васиятларида “Сафар қилинглар, саломат бў­ла­сиз­лар…” деб айтганлар. Шу боисдан, сафарнинг са­ломатликка аҳамиятли жиҳатлари ҳақи­да сўз юритсак, аминманки, жуда ўринли бўлади.

Манбаларда келтирилишича, сафар қилишда соғлиқ учун кўп манфаатлар бор. Чунки сафар табиатан ҳаракатга боғлиқ бўлади. Жисмоний ҳаракатнинг ўзи инсоннинг соғлиғи учун нақадар фойдали эканлиги барчага маълум ва машҳур. Доимий ҳаракатланувчи тананинг барча аъзолари мудом тетик бўлади ва ҳаётнинг барча жабҳаларида соҳибининг ижобий ҳолатига сабаб бўлади. Аммо ҳаракатсизлик бир қанча касалликларни келтириб чиқариб, дангасалик ва уйқуга мойилликка мубтало қилади. Зеро, дунё ҳаётининг ҳар жабҳасида пешқадам бўлмоқ бу дунё ва охират саодатига мушарраф қилувчи нурли йўлдир. Агар инсон ҳаётидаги ҳар он, ҳар лаҳзани ғанимат билса, албатта, бу охиратига ҳам жуда катта фойда беради. Раббимиз бундай марҳамат қилди:

 «…У кунда (ҳар бир) киши ўзи қилиб ўтган нарсани (яъни барча яхши-ёмон амалларини) кўрар…» (Набаъ, 40).

Кишининг ҳар бир ҳолатда қолоқ бўлишига энг бирин­чи сабаб – бу унинг дангасалиги. Танбаллик дея аталмиш хавф­ли касалликнинг келиб чиқиши эса, аксарият ҳолларда, меъё­ридан ортиқ таом емоқлик ва ҳаддан зиёда суюқлик ист­еъ­мол қилишдандир. Бу эса кўпгина касалликларнинг асоси ва негизи ҳисобланади. Ҳазрат Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) айнан таомланишдаги меъёр ҳақида очиқ ва равшан баён қилганлар:

“Ошқозон касалликлар уйидир”. Ва яна: “Одам боласи тўл­ди­радиган идишларнинг энг ёмони унинг қорнидир. Одамга тана­сини тутиб турадиган миқдорда овқатланиш кифоя қилур. Агар бу миқдорга қодир бўлмаса, у ҳолда, учдан бирини таом учун, уч­дан бирини ичимлик учун ва учдан бирини эса ҳаво (нафас олиш) учун ажратсин” (Имом Термизий ривояти).

Луқмони Ҳаким ўғлига: “Эй ўғилчам! Агар ошқозон тўл­са, фикр ухлайди, ҳикмат тилдан қолади ва аъзолар ибодатдан бе­на­сиб бўлади”, деди.

Бинобарин, ҳаракатнинг аҳамияти ва ижобий ҳолат­лар­га боғ­лиқ бўлган тиббий ҳақиқатларнинг баъзиларини бос­қич­ма-бос­қич зикр қилишни зарур деб топдик. Токи Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг васиятларидаги “Сафар қилинглар, шунда соғлом, саломат бўласизлар”, дея айтган муборак сўзларига мувофиқ ҳаёт кечирайлик. Чунки соғлиқнинг ўзиёқ бениҳоя улкан бир неъмат эканлиги исбот талаб қилинмайдиган ҳақиқат. Аммо эслатма, панду насиҳат ҳар вақт манфаатдан холи бўлмай­ди, иншоаллоҳ.

Мана бу ҳадиси шарифга эътибор беринг:

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Умматим учун қўрқинч нарсаларнинг энг қўрқинчлироғи қаппайтириб қорин қўйиш, доимий уйқу ва дангасаликдир”, дедилар.

 

Усмонхон АЛИМОВнинг

“Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг муборак васиятлари” китобидан (2-жилд)

Асар “Мовароуннаҳр” нашриётида чоп этилган.

Нашриётдан харид нархи 26 000 сўм