Мақолалар

Эгизаклар

Чоп этилди Fevral 21, 2019 Эгизакларda fikr bildirishni o'chirish

Эгизаклар она раҳмида улғая бошлади. Улар ўзларини ҳимоя қилаётган ҳомилада ниҳоятда бахтли ҳис қилаётган эдилар. Бир-бири билан шу хусусда сўзлашардилар:

– Онамизнинг раҳмида бўлишимиз, бу ерда яшаётганимиз нақадар ажойиб, ҳаёт қанчалар гўзал!..

Улар яна улғайдилар ва бу гўзал ҳаётнинг манбаси нима экан, дея қизиқиб излаштирса, қаршиларидан онаси билан уларни бир-бирига боғлаган ичак чиқди. Ана шу ичак туфайли сира ҳам заҳмат чекмасдан ҳаво олиб, озиқланиб  каттараётганини тушуниб етдилар.

– Онамизнинг шафқати нақадар буюк! Бизнинг нимага эҳтиёжимиз бўлса, ҳаммасини  шу ичакдан юборади.

Орадан яна ойлар ўтиб, эгизаклар янада катталашиб қолди, бошқачароқ айтганда, йўлнинг адоғига яқинлаётган эди улар. Бу ўзгаришларни ҳайрат-ла кузатаркан, бир куни келиб ана шу гўзал ҳаётни тарк этиши мумкинлигига ишоратлар бўлаётганини ҳис қила бошладилар.

Тўққизинчи ойга яқинлашганида бу ишоратни янада кучлироқ сеза бошладилар. Вазиятдан хавотирга тушган эгизларнинг бири иккинчисидан:

– Нималар бўляпти? Бу ҳодисалар нимани англатади? – деб сўради.

Униси мутлақо хотиржам ва ҳуши жойида эди. У иккаласининг ҳам жуссаси каттариб қолгани, бу дунё энди уларни сиғдира олмаслигини ақлу фаросати билан англаб олиб,  янада кенгроқ, чароғон бир оламни орзу қилаётган эди.

У:

– Буларнинг ҳаммаси бу дунёда кўп қола олмаслигимизни англатади. Бу ердаги ҳаётимизнинг охирига яқинлашяпмиз, – деб жавоб берди.

– Аммо мен кетишни истамайман, Ҳар доим шу ерда қолишни хоҳлайман, – дея ҳайқирди биринчиси.

Униси эгизини овунтирмоқчи бўлиб:

– Қўлимиздан ҳеч нарса келмайди. Қолаверса, балки туғилгандан сўнг ҳаёт бордир, – деди.

Биринчиси ўйга ботиб туриб:

– Бизга ҳаёт бериб турган ичак кесилганидан сўнг қандай ҳаёт бўлиши мумкин? Ичак кесилса тирик қоламизми? Ана, эслаб кўр: биздан олдин нечалари бу ерга  келиб кетган. Бирортаси қайтиб келгани йўқки, туғилишдан сўнг ҳаёт борлигини бизга гапириб берса. Йўқ, бу ҳаммасининг ниҳояси бўлади. Ҳам, балки она деган нарсанинг ўзи йўқдир.

Униси эътироз қилиб:

– Шубҳасиз бор,  Йўқса, бу ерга қандай қилиб келиб қолардик, қандай қилиб тирик қолган бўлардик…– деди.

Биринчиси жазавага тушиб:

– Сен онамизни бирор марта кўрдингми? У балки фақат тасаввуримизда мавжуддир. Онамиз бор деган ишонч бизга қувват бағишлагани учун уни ўзимиз хаёлимизда яратиб олмадикмикан! – деди.

Шу тариқа уларнинг она раҳмидаги сўнгги кунлари муҳокама-ю мунозара билан ўтди.

Ва ниҳоят, таваллуд куни келди ва улар пайдо бўлди. Эгизаклар дунёларини тарк этишдан олдин маҳкам юмиб олган кўзларини бошқа бир дунёда очдилар ва севинганларидан йиғлай бошладилар. Чунки улар шу онда кўриб турганларини хаёлларига ҳам келтира олмаган эдилар.

Ҳаёт давом этаркан, ҳаётнинг маъноси, манбаси, қаёқдан келдиг-у, қаёққа кетамиз каби саволлар ичида яшаймиз. Саволларимизга жавоб топиш учун эса мустаҳкам ишонч бизнинг йўлимизни ёритувчи маёқ бўлади.

 

Р.S. Эгизакларнинг  суҳбатини илгарироқ ҳам қайсидир сайтдами, ижтимоий тармоқдами ўқиган эдим. Унда эгизакларнинг бири диндор, иккинчиси даҳрий эди. Ниҳоятда ибратли суҳбат эди. Бунда ҳам шундай хусусиятлар бор. Фақат жуда ҳам дақиқлик билан берилганки, уни англаган англайди, англамаган англамай ўтиб кетаверади. Шунинг учун ўша ҳикоятни ҳам топиб бирга эълон қилайлик деб интернетдан қидириб кўргандим. уни топа олмадим-у, бошқа суҳбатлар бор экан. Аммо улар бизнинг мавзуга яқин бўлмагани боис уларни келтиришни лозим топмадик.

Дамин ЖУМАҚУЛ