Ўзбекистон янгиликлари

“Ҳидоят” журналининг 2-сони нашр этилди

Чоп этилди Fevral 20, 2019 “Ҳидоят” журналининг 2-сони нашр этилдиda fikr bildirishni o'chirish

Севимли нашрингиз “Ҳидоят” журналининг 2-сони “Расулуллоҳга энг яқин уммат ким?” сарлавҳали мақола билан бошланган.

Ушбу мақола сарлавҳасининг ўзиёқ журналхонда қизиқиш уйғотади. Ахир Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга яқин уммат бўлишни орзу қилмаган мўмин бор эканми!  Мақолада ёзилган мана бу ҳадиси шариф ўқувчи қалбига мустаҳкам ўрнашиб қолади, иншоаллоҳ:  Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Қиёмат кунидаинсонлар орасида менга энг яқини менга кўп салавот айтгувчилардир”, дедилар” (Имом Термизий ривояти).

“Ғулувга кетиш ҳалокатдир” сарлаҳали мақолада динда ғулувга кетиш мусулмонлар ўртасида тафриқага сабаб бўлиши, бунинг оқибатида  фитналар, беқарорликлар вужудга келиши, тинчликка путур етиши, жамият пароканда бўлиши оят, ҳадислар мисолида ёритиб берилган.

Имом Қуртубий раҳматуллоҳи алайҳ тафсири асосида Нўъмон Абдулмажид тайёрлаган “Машаққатлардан чиқиш йўли” мақоласида ҳам ҳамма даврлар учун долзарб бўлган масала хусусида сўз борган.

“Зиё масканларида” рукнининг ушбу сондаги меҳмони “Кўкалдош”  ўрта махсус ислом билим юрти бўлди. Ушбу ўқув даргоҳига бағишланган очерк-мақола “Устоз қандай бўлса, талаба ҳам шундай…” сарлавҳаси остида эълон қилинди.

“Саҳобалар ҳаёти” рукнида Амр ибн Абаса розияллоҳу анҳу ҳақида чиройли маълумотлар берилган.

“Жаннатга йўлловчи оят” сарлавҳали мақолада эса Бақара  сурасининг “Шаҳидаллоҳу…” оятининг буюк фазилатидан сўз борган.

Шубҳа йўқки, муҳтарам журналхон, ушбу сондан бу дунё ҳаёти ва у дунёси учун кўпдан кўп фойдалар олади. Зотан, журнал ходимларининг мақсади ҳам шу ўзи – журналхонларнинг илму ирфони бойишига хизмат қилишдан иборатдир.