Мақолалар

10 ҳалол таом, хорижий мамлакатлар дин арбоблари ташрифи, Бухоро бўйлаб саёҳат – Зиёрат туризми бўйича I халқаро форумда

Чоп этилди Fevral 21, 2019 10 ҳалол таом, хорижий мамлакатлар дин арбоблари ташрифи, Бухоро бўйлаб саёҳат – Зиёрат туризми бўйича I халқаро форумдаda fikr bildirishni o'chirish

21-23 февраль кунлари Бухоро шаҳрида Зиёрат туризми бўйича биринчи халқаро форум бўлиб ўтади. Форумни ташкил этишдан мақсад – мамлакат сайёҳлик имкониятлари ва салоҳиятини кенг тарғиб этиш, шунингдек, Ўзбекистонни халқаро миқёсда ислом дунёсидаги зиёрат-туризми бўйича йирик марказлардан бири сифатида эътироф этишдир. Форум якунига кўра, Ўзбекистонда зиёрат туризми истиқболлари бўйича аниқ таклифлар ишлаб чиқилади, шунингдек, республиканинг зиёрат туризми имкониятлари ҳақида жаҳон ҳамжамиятини хабардорлик даражаси ошиши, Ўзбекистон янги сайёҳлик брендини ишлаб чиқиш, зиёратчилар талабларидан инобатга олган ҳолда мавжуд туристик маршрутларни такомиллаштириш ҳам кутилмоқда.

Иштирокчилар

Зиёрат туризми бўйича илк халқаро форумда ислом дунёсининг 120 дан ортиқ нуфузли халқаро ташкилоти, тегишли идоралар, дин уламолари, олий ўқув юртлари, сайёҳлик маъмуриятлари, илмий-академик доиралар, зиёрат туризми бўйича туристик компаниялар вакилларидан иборат хорижий меҳмонлар, шунингдек, маҳаллий ОАВ вакиллари ва туроператорлар иштирок этади. Шу билан бирга, Зиёрат туризми форуми ҳамда республика туристик салоҳиятини кенг ёритиш мақсадида 14 нафар хорижий ОАВ вакиллари, жумладан, Euronews (Франция), «Ал-Жазира» (Қатар), «Ал-Аҳрам ал-иқтисадий» (Миср) журнали ва Diplomatic News (Покистон), «Коммерсант» (Россия), «Ал-Важҳат» (Уммон), «Ал-Ҳаят» (Саудия) вакиллари ҳам иштирок этишади.

Pilgrim visa

Таъкидлаш жоизки, ҳукумат томонидан Ўзбекистоннинг зиёрат туризми йўналишидаги жозибасини ошириш бўйича қатор чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Президентнинг 5611-сонли фармонига кўра, жорий йилнинг 5 январь кунидан Ўзбекистоннинг маданий-тарихий ва диний-маънавий мероси ва анъаналарини ўрганиш учун ташриф буюрувчи хориж фуқароларига 2 ойгача бўлган муддат билан берилувчи Pilgrim visa жорий этилди.

«Ҳалол» стандарти

2018 йилдан бошлаб мамлакатнинг умумий овқатланиш шохобчалари ва ресторанларда «ҳалол» стандартини амалиётга жорий этиш бўйича ишлар олиб борилмоқда. Мисол учун, 2018 йил февраль ойидан бошлаб ISO 22000 ва «Ҳалол» озиқ-овқат маҳсулотлари бўйича умумий қўлланма» O’z DSt 3286:2018 давлат стандарти расман жорий этилди.

Кун тартиби

21 февраль. Дастурга кўра, биринчи куни Бухоронинг диққатга сазовор масканлари ва зиёрат туризми объектлари, жумладан Баҳоуддин Нақшбандий мемориал мажмуасини томоша қилиш кўзда тутилган. Шунингдек, зиёрат форумининг VIP-иштирокчилари, жумладан, «Истиқлол» музейи (Индонезия), Crescent Rating (Сингапур), Туркия Дин ишлари қўмитаси, MATTA уюшмаси (Малайзия) ва бошқа ташкилотлар вакиллари билан матбуот анжуманлари ташкил этилади.

22 февраль. Форумнинг иккинчи куни Зиёрат туризми бўйича илк халқаро форумнинг расмий очилиш маросими бўлиб ўтади. Унда Ўзбекистон Республикаси Бош вазир ўринбосари Азиз Абдуҳакимов, Ўзбекистон мусулмонлар идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси ўринбосари Улуғбек Қосимхўжаев, Бухоро вилояти ҳокими Ўктам Барноев, Туркия дин ишлари қўмитаси раиси ўринбосари Осман Тирасчи, Деҳли бош масжиди имоми Саид Бухорий, Россия муфтийлар кенгаши раиси биринчи ўринбосари Рушан Аббасов, Индонезиядаги Ўзбекистон сайёҳлик бренди элчиси Эко Шри Маргианти, Миср Вакиллар палатасининг Ижтимоий бирдамлик, оила ва ногиронлар қўмита раиси Абдулҳадий Ал-Касабий ва бошқалар сўзга чиқади.

“Бухоро 7 пири” театрлаштирилган саҳна кўриниши намойиш этилади.

Форум иштирокчилари учун В2В учрашувлар ташкил этилади.

Бундан ташқари, ялпи сессияларда Ўзбекистонда янги сайёҳлик маҳсулотларини шакллантириш ва зиёрат туризми салоҳиятини ошириш бўйича халқаро тажрибани ривожлантириш, Индонезияда ислом динининг тарқалишида Ўзбекистон олимларининг ўрни, Мусулмон сайёҳлар учун халқаро рейтинг каби қизиқарли мавзуларда маърузалар ўқилиб, ўзаро фикр алмашилади.

23 февраль. Учинчи куни барча Бухородан Самарқанд шаҳри томон йўл олади. У ердаги тарихий обидалар, жумладан Имом Ал-Бухорий мемориал комплексини кўздан кечиришади. Кечга яқин эса Тошкент шаҳрига келиб, бу ерда 10 Halal food кечки овқат дастурхонига таклиф этилади. Ўзбекистон Ошпазлар уюшмаси меҳмонлар шарафига Тошкентда 10 Halal food -10 хил турдаги ўзбек миллий таомларини тайёрлаш бўйича маҳорат дарси ўтказиладиган махсус кечки овқат ташкил этади.

Қандай ҳужжатлар имзоланади?

Форум доирасида Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси Бухоро вилояти ҳокимияти, Ўзбекистон Руспубликаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги дин ишлари бўйича қўмитаси ва форумнинг бошқа иштирокчилари билан бирга «Ўзбекистонни зиёрат-туризмининг марказларидан бири сифатида эътироф этиш тўғрисида»ги Бухоро декларациясини имзолаш маросими бўлиб ўтади.

Шунингдек, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси қошидаги «Миллий PR – марказ» ДУК ва ҳамда «Global Muslim Traveler Index» доирасида «MATTA» (Малайзия), «Crescent Rating» (Сингапур) уюшмалари, Жакарта тарғибот фонди (Индонезия) ўртасида Ҳамкорлик меморандумини имзолаш режалаштирилган.

kun.uz