Мақолалар

Қабрингизга олиб кетолмайсиз (ҳикоя)

Чоп этилди Fevral 21, 2019 Қабрингизга олиб кетолмайсиз (ҳикоя)da fikr bildirishni o'chirish

Икки нарса аниқ эди. Безил амаки бой эди. Безил амаки қашшоқ эди.
Бутун оиладагиларнинг фикри шундай эди. Улар пулга муҳтож бўлган пайтларда у ҳақда дунёдаги барча ҳақоратли сўзларни ишлатишарди. Ювош Клотилда ҳам бўйнидаги дури эскириб қолгани учун янгисини сотиб олишни истаган куни уни оддийгина қилиб Скруж Безил деб атади. Ҳали пули тўлиқ тўланмаган «Астон Мартин»ини уриб олган Персивал Безил амакини қоқсуяк, қашшоқ, зиқна, ярамас ва шу каби бир қатор «безакдор» сўзлар билан таърифлади! Қолганлар ҳам у ҳақда луғатда бор-у йўқ сўзларни ишлатиб бўлишганди.

«Шунча пули бор одам бунчалик зиқна бўлмаслиги лозим», деди Персивалнинг онаси, «Лекин у ҳақда ёмон сўз айтма. Қулоғига етиб бориши мумкин».
«У бойлигини қабрига олиб кетолмайди», деди Персивалнинг опаси сочларини тараркан, «Мен янги мўйна палто сотиб олиш учун пул сўрагандим, у «Палтони нима қиласан? Ҳозир ёз-ку», деди. У хасис».

«У бойлигини қабрига олиб кетолмайди» деган сўзлар Безил амакининг олдида ҳам тез-тез айтиладиган бўлиб қолганди.

«Бунча бойликни қабрингизга олиб кетармидингиз, Безил амаки», дейишарди улар. «Нега шаҳар четидан кенг ҳовли олиб яшамайсиз? Биз меҳмон бўлиб борардик. Қандай зўр бўларди. Бойлигингизни нариги дунёга олиб кетолмаслигингизни ўзингиз ҳам биласиз-ку».

Безил амаки ўзини қулоғи оғир одамдек тутиб, уларнинг барча сўзларини эшитганди. У ўзининг қизғанчиқ, хасис, зиқна, ярамас, бир чақа устида дўмбалоқ ошадиган, бойликка ўч, емай тўплайдиган одам эканлигини билиб олганди. У бундан ҳам баттарроқ сўзларни эшитганди. Барибир, парвойи фалак эди. Фақат, «У бойлигини қабрига олиб кетолмайди» деган сўзлар унинг асабини қўзирди.
У Трансваалда олтин топилган пайтда ўша ерга бориб бойиб кетганди. Одамлар унинг роҳатда яшаш учун анча қариб қолганлигини айтишарди. Улар нимани ҳам билишарди? У ҳаммага «йўқ» деб роҳат қиларди. Одамлар тсиркдаги ҳайвонларга ўхшашади, ўйлаб қоларди у кўпинча, уларнинг минглаб талаб-истаклари олдида бошқа нарсаларнинг қадри йўқ.

У фақат бир марта «хўп» деганди. ўшанда, синглиси ундан ақли ноқисроқ ўғли Вернерни ўз ёнига олишни сўраганди. «У сенинг ёрдамчинг бўлади», деганди синглиси Мауд. Вернер унга барча ишларда ёрдам бермаса-да, ҳар қалай Безил амакининг югур-етими сифатида унинг ёнида юрганидан хурсанд эди.
Безил амаки бойлигига мос бўлмаган кичкинагина уйда яшарди. Вернер ҳовлидаги дарахтларга қарар, тамаки дўконидан қоғоз олиб келар, бўш пайтларида эса тирноқларини текислаб ўтирарди. У Безил амакига «Сиз бойлигингизни нариги дунёга олиб кетолмайсиз», демасди, чунки унга бойликнинг қизиғи йўқ эди.
Безил амаки шунингдек, Вернердан ҳамкорлари, банк ва шу каби ишларга хат ташувчи сифатида ҳам фойдаланар, зеро у почтага ҳам, телефонга ҳам ишонмасди. Вернер қалин хатжилдларни у ёқдан-бу ёққа ташиб ўрганиб қолган, уларнинг ичида нима борлигига қизиқиб ҳам кўрмасди. Безил амакининг адвокати, ҳисобчилари ва банк ходимлари ҳам бу кишининг антиқа бизнес усулига кўникиб қолишганди. Бойлар ўзлари истаганларидек иш қилишлари мумкин.
Безил амакининг яна бир антиқа иши шу бўлдики, у соппа-соғ юрган пайтидаёқ Вернер билан дурадгорлик дўконига борди ва ўзи учун тобут ясашга буюрма берди. У тобутнинг каттароқ бўлишини айтди.

Ёши Безил амаки билан тенг бўлган дурадгор унга нархи арзонроқ, рандаланмаган тобут ясаб берадиган бўлди. Рандалангани икки баробар қиммат эди.
«ўзим рандалаб оламан», деди Безил амаки. «Ёки Вернер, ҳали вақтимиз кўп. Мен эртага ўлмоқчи эмасман. Унда уйдагилар хурсанд бўлиб кетишади. Мен роҳатланишни ёқтираман».

Бир куни эрталаб у Вернерни адвокати олдига жўнатди. Буни эшитиши билан бутун оиладагилар Безил амаки пулини кимга васият қилиб қолдириши тўғрисида можаро бошлашди. У бу ҳақда кейинроқ айтишини билдирди. «Бу ҳақда бошқа сўз очманглар», деди у.

Бу воқеа уй бекаси эрталаб чой келтираётиб, Безил амакининг абадий уйқуга кетганини кўришидан ўн йил илгари бўлганди. ўтган ўн йил давомида у роҳатланиб яшади. Оиладагилар уни безовта қилишмади, унинг сармояси тўхтовсиз ўсиб борди.
Фақат доим пулга ўч Персивал унинг чойига заҳар солиб қўйишни ўйлаб юрар, фақат Безил амакининг ўлими унинг бу режасини тўхтатиб қолди. «Бахтли ўлим», дейишди бутун оиладагилар. «Қийналмасдан жон берибди».

Улар амакиларига қандай меҳрибон бўлишганини эслай бошлашди ва унинг меросига кўпроқ ким ҳақли экани ҳақида баҳс бошлаб юборишди. Ҳар бир киши ўзининг қандай меҳрибонликлар кўрсатгани ва фақат ўзи меросга ҳақли эканлигини айтиб қичқирарди.

Улар адвокат билан маслаҳатлашишди. У Безил амакининг васиятини айтди. Кўмиш маросими зудлик билан ўтказилди. Тобут уй орқасидаги боғда. Вернер унинг қаердалигини биларди.

«Бошқа ҳеч нарса демаганми?»

«Хўш», деди адвокат, «у кўмиш маросимига шаҳардаги энг яхши дўкондан энг яхши маҳсулотларни сотиб олишингларни айтган. Ғоз ва курка, мол ва қўй гўшти, вино ва вискилар олий сифатли бўлиши керак». Адвокат хонасида яна бир хатжилд борлигини, унда нима ёзилганини билмаслигини, кўмиш маросими тугагандан сўнг уни очиб ўқиб беришини айтди.

Ҳамма қимматбаҳо қора кўйлак сотиб олди ва маросимга тайёргарлик қизиб кетди.
Фақат Вернер Безил амакига бошқа тобут сотиб олмайсизларми, деди. Боғдаги тобут ёмғирда қолиб бузилиб кетганди. Лекин унга ҳеч ким қулоқ солмади. Барибир, ер тагида қолиб кетадиган нарса, янги тобутнинг нима кераги бор?
Шундай қилиб, йиғи-сиғи билан Безил амакини кўмишди. Оиладагилар уй бекаси тарк этаётган кичкина уйга йиғилишди. Безил амаки унга анчагина нақд пул берган ва уни қандай қилиб кўпайтириш мумкинлигини ўргатиб кетганди.

Улар Вернердан уй энди унинг номида эканлигини эшитиб ажабланишди, лекин ғазабланишмади. Безил амаки унга ҳам озроқ пул берган ва уни қандай ишлатишни ўргатганди. Оиладагилар Вернер шу пулга рози эканини эшитиб енгил тортишди. Вернер кўп пул ушлаб ўрганмаган, кўп пулга муҳтож эмасди.

Ниҳоят, адвокат хатжилдни очганида уйга жимжитлик чўкди. Унинг ичида Безил амакининг қўли билан бир сатр гап ёзилган қоғоз бор эди:

«Пулларимни ўзим билан олиб кетдим».

Бу қанақаси бўлди? Унинг миллион-миллион пули бор эди-ку!

Ҳа, дейишди, ҳисобчилар, банк ходимлари. Безил амаки ўтган ўн йил давомида бор бойлигини нақд пулга айлантириб кетганди. Лекин уларни нима қилган? Буни ҳеч ким билмасди.

Бу ҳақда Вернердан сўраб кўриш ҳеч кимнинг хаёлига келмади. Вернер ўн йил давомида банкдан олиб келган ҳамма хатжилдларни Безил амакининг тобутига ёпиштириб чиққанди. Аввал у хатжилдларни тобутнинг ҳамма тарафига ва остига ёпиштирганди. Сўнгра эса Безил амаки буюрганидек, тобутга қалин матони майда мих билан қоқиб ташлаганди.

Вернернинг боши яхши ишламаса-да, қўл-оёғи чаққон эди.

У буюрилган ишни аъло даражада бажарганди.

Эва-Лис Варио

Инглиз тилидан Д. АСҚАРОВ таржимаси.

Adabiyot.uz