Янгиликлар

Франциялик меҳмон: “Бизнинг ҳаётимиз ҳавас қилишга арзимайди”

Чоп этилди Fevral 22, 2019 Франциялик меҳмон: “Бизнинг ҳаётимиз ҳавас қилишга арзимайди”da fikr bildirishni o'chirish

Ҳиндистон, Малайзия, Индонезия, Туркия, Саудия Арабистони, Эрон, Франция каби бир қатор давлатларнинг ислом динига эътиқод қилувчи фуқаролари иштирок этаётган I Халқаро зиёрат туризми форуми давом этмоқда.

Иштирокчиларнинг ҳар бири VIII асрда араб истилоси натижасида ислом дини жорий этилган Бухоро аста-секин энг муҳим диний марказга айланган ва тобора кўпроқ “Бухорои Шариф” деб атала бошлангани борасидаги фикрларни турли шаклда баён этишмоқда.

Меҳмонлар авлиёлар қадами теккан заминимиздаги табаррук масканларни зиёрат қилишга ошиқмоқдалар.

– Ўзбекистонга бориб, Пайғамбаримиз Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи васалламдан бошланган “олтин силсила”нинг давомчиларидан Баҳоуддин Нақшбанд зиёратгоҳида намоз ўқишни шу кунга қадар орзу ҳам қилмагандим, – дейди Франциянинг Мусулмонлар маданияти кенгаши президенти Аҳмет Ограш. – Юртингизда бошланган эзгулик шамоллари бизни шу манзилга олиб келди. Бу ернинг об-ҳавоси, инсонларининг бир-бирига илиқ ва самимий муносабатидан ҳайратга тушдим. Сизлардан ўрганадиган нарсаларимиз жуда кўп. Инсонларнинг одоб-ахлоқи, маънавияти ҳавас қилгудек. Кейинги сафар яқин дўст-биродарларимни ҳам юртингизга таклиф қиламан.

Шу ўринда бир сўзим бор: айни вақтда сизлар қизиқиб, интилаётган бизнинг ҳаётимиз ҳавас қилишга арзимайди.

Ҳозир форумнинг VIP-иштирокчиларини жалб қилган ҳолда маҳаллий ва хорижий ОАВ учун матбуот анжумани ўтказилмоқда.

Қайд этиш жоизки, эртага форум доирасида Ўзбекистонни зиёрат-туризмининг марказларидан бири сифатида эътироф этиш тўғрисидаги Бухоро декларациясини имзолаш кутилмоқда.

 

Сайёра ШОЕВА,

ЎзА