Янгиликлар

“Halal food”: ўзбек миллий таомларини тайёрлаш бўйича маҳорат дарси ўтказилади

Чоп этилди Fevral 22, 2019 “Halal food”: ўзбек миллий таомларини тайёрлаш бўйича маҳорат дарси ўтказиладиda fikr bildirishni o'chirish

Саид Раҳмонов, Истам Иброҳимов /“Халқ сўзи ONLINE” хабар қилади.

Бухорода ўз ишини бошлаган I Халқаро зиёрат туризми форуми дастури ниҳоятда ранг-баранг. Шу боис мазкур нуфузли тадбир иштирокчилари ҳам зиёрат, ҳам машварат, ҳам саёҳат қилиш имкониятига эга бўлишмоқда.

Дарҳақиқат, форум кундалигига кўра, дастлабки куни Бухоронинг диққатга сазовор жойлари, тарихий обидалари, муқаддас қадамжолари, хусусан, етти пир — Абдухолиқ Ғиждувоний, Муҳаммад Ориф Ревгарий, Маҳмуд Анжир Фағнавий, Хожа Али Ромитаний, Муҳаммад Бобойи Самосий, Саййид Амир Кулол ва Баҳоуддин Нақшбанд меъморий мажмуалари зиёрат қилинади. Тадбирнинг иккинчи кунида меҳмонлар халқаро форумда иштирок этиши, B2B форматидаги мулоқотларга киришишлари мумкин.

Туризмни ривожлантириш давлат қўмитасининг форумга масъул ходими Шерзод Султоновнинг айтишича, форумнинг сўнгги куни, яъни 23 февралда Ўзбекистон Ошпазлар уюшмаси меҳмонлар шарафига Тошкентда “10 Halal food” мавзуида маҳорат дарси ўтказишади. Унда 10 турдаги ўзбек миллий таомлари тайёрланиб, махсус кечки овқат дастурхони ёзилади.

Айтиш жоизки, 2018 йилдан бошлаб мамлакатимизнинг умумий овқатланиш шохобчалари ва ресторанларида “ҳалол” стандартини амалиётга жорий этиш бўйича ишлар олиб борилмоқда. 2018 йил февраль ойидан бошлаб ISO 22000 ва “Ҳалол” озиқ-овқат маҳсулотлари бўйича умумий қўлланма” Oʻz DSt 3286:2018 давлат стандарти расман жорий этилгани ана шу саъй-ҳаракатлар натижасидир.