Ўзбекистон янгиликлари

Биринчи халқаро зиёрат туризми форуми бошланди

Чоп этилди Fevral 22, 2019 Биринчи халқаро зиёрат туризми форуми бошландиda fikr bildirishni o'chirish

Мамлакатимизда илк бора ўтказилаётган мазкур форум Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси томонидан Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита, Ўзбекистон мусулмонлари идораси, “Вақф” хайрия жамоат фонди, Ташқи ишлар вазирлиги, Бухоро вилояти ҳокимияти, Таълим, фан ва маданият масалалари бўйича Ислом ташкилоти (ISESCO) ҳамда Жаҳон сайёҳлик ташкилоти (UNWTO) кўмагида ташкил этилди.

Қалбларни титратувчи муқаддас Қуръон оятлари ўқилган тадбирда дунёнинг 30 дан ортиқ давлатидан 120 дан зиёд вакиллар иштирок этмоқда.

Унинг очилишида Ўзбекистон Бош вазир ўринбосари А.Абдуҳакимов, Бухоро вилояти ҳокими Ў.Барноевлар сўзга чиқдилар. Форумда сўз олган Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари Ўзбекистоннинг сайёҳлик имкониятларини дунёга кенг тарғиб этиш, Ўзбекистонни ислом дунёсида зиёрат-туризми бўйича йирик марказлардан бирига айлантириш бугунги форумнинг асосий мақсади эканини алоҳида қайд этди.

Шунингдек, форумда Миср ижтимоий бирдамлик оилалар ва ногиронлар Вакиллари палатаси қўмитаси раиси, АРЕ сўфилар орденлари Юқори кенгаш раиси Абдулхади аль-Касаби, Дели шаҳридаги бош масжид имоми Саид Бухорий, Россия муфтийлар кенгаши раисининг биринчи ўринбосари, Россия Федерацияси мусулмонлари диний бошқармасининг раиси Рушан Аббясов каби дин уламоларининг нутқлари кутилмоқда.

Қозоғистонлик Бейбит Мирзагелдиев дунёга машҳур Баҳоуддин Нақшбанд, Абдулхолиқ Ғиждувоний каби тасаввуф илмининг улуғлари таълимоти бутун дунё бойлиги ҳисобланишини айтиб ўтди.

Бугунги форум доирасида Ўзбекистоннинг Индонезиядаги туризм бренди элчиси Эко Шри Маргиантига элчилик сертификати топширилиши, “Етти пир” ҳақида саҳналаштирилган театр намойиш этилиши кутилмоқда. Шунингдек, форум якунида Туризм қўмитаси қошидаги “Миллий PR-марказ” ҳамда “Global Muslim Traveler Index” доирасида “MATTA” (Малазия), “Crescent Rating” (Сингапур) ассоциациялари, Жакарта тарғибот фонди (Индонезия) ўртасида ҳамкорлик Меморандуми имзоланади.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати