Мақолалар

Суратпарастликми ё бутпарастлик

Чоп этилди Fevral 22, 2019 Суратпарастликми ё бутпарастликda fikr bildirishni o'chirish

Ўрта мактабни тугатган йилларимиз ҳиндларнинг “Диско раққоси” деган фильми машҳур бўлди.

“Танцор диско”. Номининг жарангдорлигиини қаранг!

Ҳар куни ўша фильм томошаси ҳақида бир-биридан ваҳимали хабарлар эшитамиз: Тошкентда фильм чиптаси баҳоси фалон пул бўлиб кетибди. Чиптага навбатда турганлардан иккита аёл оёқ остида қолиб ўлиб қолибди. Самарқандда ундай бўлибди, Шаҳрисабзда бундай бўлибди, Жимини (фильм бош қаҳрамони) яхши кўриб қолган бир қиз ўзини осиб қўйибди…

Қизиқувчан болалармиз, ичимизга ўт тушган. Боз устига овоз ёзиш студияларига фильмда ижро этилган қўшиқлар чиқиб кетди. Тўп-тўп бўлиб ҳар куни қишлоқ марказидаги клубга қатнаймиз. Клубнинг киночиси ҳар куни туман марказига қатнайди. Фильм ёзилган лентани ололмай танг бўлиб қайтади.

Хуллас, “Диско раққоси”ни томоша қила олмасдан армияга сафарбар бўлиб кетдик. Бир куни ҳарбий қисмимиз клубига ўша фильмни олиб келиб қолди. Кинони кўриб ҳайрон бўлиб қолдим. Фильм жуда ҳам бўш ишланган эди. У мактаб нима, ўқиш-ёзиш нима билмаган,  орзулари реал ҳаётда амалга ошишидан умид узиб уларни хаёлот оламига жойлаб олган ночор кишилар учун ишланган жўнгина фильм эди.

Ўшанда кўп ўйладим: одамлар, айниқса, аёллар бу фильмга нега бунчалик мафтун бўлдилар?

Ниҳоят жавобини топдим. аёллар Жими ролини ўйнаган Митхун Чакроборти деган актёрга мафтун эканлар. Яъни суратпарастлик – бутпарастлик.

Ўшанда даҳрий тузум истибдоди остида яшаётган эдик. Динимизни, қадриятларимизни яхши билмасдик, адашишлар, янглишишлар бўлгандир, Энди эса орадан кўп йиллар ўтиб кетди, озодликка эришганимизга ҳам кўп йил бўлди. Миллат сифатида ўзлигимизни танидик, динимизни англадик, азалий урф-одатларимизни тикладик. Бир сўз билан айтганда, халқнинг савияси юксалди.  Лекин…

Юртимизга кечагина келган туркиялик Бурак Ўзчивит деган ўртамиёнагина актёр Тошкентга бир келиб кетганида ҳатто истиқлол йилларида туғилиб улғайган аёлларда ҳам собиқ шўро даврдаги каби суратга сиғиниш кучли эканини кўрсатиб қўйди ва айнан ўша аёллар бутун дунёга ўзбек деган шарафли миллатни шармандаи шармисор қилди.

Суратпараст дедик, бутпараст дедик. Албатта, булар жуда оғир гаплар. Бироқ. ўша актёрнинг орқасидан бир-бирини итаришиб чопган, ўзини унинг пинжига тиқиб сельфи қилган аёлларни шу сифат билан таърифлашдан тийилсангиз  ҳам барибир хунук манзара ҳосил бўлади. Яъни Хлестаков Петербурглик ошнасига ёзган мактубдагидек манзара кўз олдингизга келади.

Митхун Чакроборти ва Бурак Ўзчивит иккаласи бир хил – сурат ва машҳурлик. Уларда бошқа ҳеч нарса йўқ. Улар ҳеч нарса ижод қилмайди, режиссёр нимани буюрса, ўшани бажаради. Мутараққий давлатлар аҳолиси киноактёрларни техник ходим сифатида кўради.

Sputnik ёзишича, “Актёр Тошкентга айнан мухлисалари билан зиёфатда иштирок этиш учун келган. Улар орасида Ўзбекистондаги нуфузли шахсларнинг рафиқалари, бизнес-ледилар, модель бизнеси вакилалари ҳам бўлган.

Хабарларга кўра, ўз истеъдодини қадрловчи аёллар билан 2,5 соатлик мулоқоти эвазига у 2 миллион турк лираси (қарийб 380 минг доллар) пул ишлаб олган.

Актёр Ўзбекистон унга жуда ёққанини, у ерда кўплаб хушмуомала ва меҳмондўст кишиларни учратгани, шу сабабли албатта у ерга қайтиб боришини айтган”.

Нега қайтиб келмасин, бу миқдордаги пулни ўзининг ватанида ишлаб олиш учун озгина тер тўкиши керакми, бу ерда эса ўзларини миллатнинг элитаси санайдиган аёллар унинг атрофида парвона бўлиб, турли-туман таомлар, ширинликлар, нозу карашмалар билан сийлаб, ташна нигоҳлари билан эркалаб, яна қоп-қоп пуллар тутқазаётир…

Ватанимиз сарҳадлари очиқ. бу ерга кўп одамлар келади. Улар сирасида сиёсатчилар, олимлар, ижодкорлар ва шунга ўхшаш фойдаси кўп ишлар билан шуғулланадиган, миллатнинг, инсониятнинг юкини кўтариш орзуси билан яшаётган инсонлар ҳам бор. Лекин уларнинг атрофида бунчалик одаи йиғилмайди. Уларга ҳовучлаб пул тутилмайди. Ҳатто замонамизнинг буюк шайхлари ҳам ими-жимида келиб, ими-жимида қайтиб кетаётир.

Бурак Ўзчивит билан бирга суҳбат қилгани учун унга пул берган аёлларнинг ҳаммасининг ночор қариндошлари борлигига асло шубҳа йўқ. Бироқ улар Бурак Ўзчивит томонга отилишга қанчалик шай турган бўлса, ўша қариндош-уруғларидан қочишга ҳам шунчалик шай турибди.

Аёлларнинг кечаги қилиқларидан кейин пул ҳақида гапириш ортиқча бўлиб қолса ҳам айтишга мажбурмиз. Чунки минглаб муштипар аёлларимиз муҳтож бўлганидан бориб, туркларнинг уйини супуриб-сидириб юрибди. Бу ердаги ўзбек аёллари эса ўзлари билан гаплашгани учун туркиялик актёрга ўша, Туркияга  бориб хизматкорликка ёлланган аёлларнинг ҳаммаси жам бўлиб ҳам бир йилда ишлай олмайдиган пулни тутқазиб юборяпти.

377 минг долларга қанча талабанинг контракт-шартномасини тўлаш мумкин?..

Ўтган йили Деҳлидан Шохруҳхон поездда ўтганда одамлар поезднинг ортидан чопиб, биттаси темир йўлга йиқилиб ўлиб ҳам қолди. Бу ҳодисадан кўпчилик хабардор чиқар. Лекин шуни билиб қўйингки, улар Ҳиндистоннинг уйи йўқ, жойи йўқ, мактабда ўқимаган, ўқиш-ёзишни билмайдиган, ўта саводсиз аҳолиси.

Ўзларини миллатимиз элитаси санайдиган, “билимдонлик”да унча-мунча одамга гап бермайдиган  кибор аёлларимиз ана ўшалардан ҳам ўтиб кетади-ёв, чамамда. Шубҳа қилсангиз, Бурак Ўзчивит яна бир келганида уни “Афросиёб”га ўтқазиб Самарқанд тарафга бир жўнатиб кўринг…

Ўзи бир турк шоири “Бир аёл истаюрман руҳини суймоқ учун”, деб ёзганида қандай аёлни назарда тутган экан, ажабо!

Дамин ЖУМАҚУЛ