Оила

Жимоъ вақтида ёпиниш

Чоп этилди Aprel 6, 2020 Жимоъ вақтида ёпинишda fikr bildirishni o'chirish

Эру хотин бир-бирлари билан яқинлик қилаётган, жимоъ қилишаётган вақтида устларини чойшаб, кўрпа ёки шунга ўхшаш нарсалар билан ёпиниб олишлари мустаҳабдир. Чунки, инсон ҳаёли бўлмоғи, ёлғиз қолганида ҳам ҳаёли бўлмоғи даркор! Бу ерда нозик ишора бор: ҳафаза фаришталари, яъни инсонни кузатиб турувчи фаришталар аврат очилиши билан инсондан узоқлашиб кетадилар. Чунончи, ҳожатхонага кирганда, жимоъ қилганда ҳафаза фаришталари ташқарида қоладилар. Жимоъ асносида фаришталарнинг бирга бўлиши эру хотиндан бўлажак фарзанднинг камоли, салоҳияти учун жуда муҳимдир. Ҳафаза фаришталарининг ташқарига чиқиб кетиши билан шайтон уйга кириб олади ва бўлажак фарзанд учун хавф туғдиради. Бу ҳадиси шарифларда таъкидланган ҳақиқатдир. Жумладан, Имом Ибн Можжанинг ҳадисини ўқиймиз:

عن الأحوص بن حكيم، عن أبيه، عن راشد بن سعد، و عبد الأعلى بن عدى، عن عتبة بن عبد السلمى، قال: قال رسول الله صلى الله عليه وسلم: «اذا أتى أحدكم أهله فليستتر و لا يتجرّد تجرّد العيرين». أخرجه ابن ماجه  فى النكاح: ب ۲٨: حديث ۱۹٢۱

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қилдилар: “Қачонки, сизлардан бирингиз аҳлига келмоқчи (яқинлашмоқчи) бўлса, бас, ёпиниб олсин, икки ёввойи эшак каби ялонғоч бўлиб олмасин!”.

Мазкур ҳадиси шарифдан ҳайвонлар сингари очиқ-сочиқ бир-бировга яқинлик қилиш, устни ёпмасдан жимоъ қилиш яхши эмаслиги чиқади. Гарчи бу ва бу маънодаги ҳадиси шарифни уламоларимиз заиф дейишган бўлса-да, бироқ бир-бировини қувватлайдиган далиллар ҳам бор. Чунончи, Имом Термизий “Жимоъ пайтида ёпиниш боби” деб Ибн Умар (р.а.)дан мана бу ҳадиси шарифни ривоят қилган:

أنّ رسول الله صلى الله عليه وسلم قال: «ايّاكم و التعرّى فانّ معكم من لا يفارقكم الا عند الغائط و حين يفضى الرجل الى أهله»  حديث رقم ۲٨۰۰

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қилдилар: “Ялонғочланишдан сақланинг! Чунки, сизлар билан сизлардан ажралмайдиган зотлар (фаришталар) бор, фақат улар ҳожат пайтида ва киши хотинига яқинлашган вақтида ажралурлар”.

Мазкур ҳадиси шарифдан ҳожат вақтида мажбурий ялонғоч бўлгандек, жимоъ вақтида ҳам ялонғоч бўлиш мумкинлиги, фаришталар бу вақтда инсонни тарк қилиб туриши чиқмоқда. Ўзи ялонғоч бўлиш фаришталардан уялиш учун эди. Фаришталар ташқарида қолишгани учун ялонғоч бўлиш мумкин. Шунинг учун ҳам ҳожат ва жимоъ вақтида сўзлашиш, гапириш макруҳ дейдилар уламоларимиз. Чунки, унда ёзиб олиш учун фаришталар олдимизга киришга мажбур бўлади.

Бироқ, бу ерда биз юқорида айтган ҳолатни эсдан чиқармаслигимиз керак. Яъни, фаришталар ташқарида қолганда у ерни шайтон эгаллайди. Шайтонга насиба қолдирмаслик учун ёпиниб олишимиз, фаришталарни олдимиздан чиқиб кетишга мажбур қилмаслигимиз керак экан. Чунончи, муҳаддислардан Имом ал-Баззор ва ат-Табаронийлар Абу Ҳурайра (р.а.)дан ривоят қилган ҳадиси шарифда бундай дейилади:

   قال رسول الله صلى الله عليه وسلم: «اذا أتى أحدكم أهله فليستتر، فانه اذا لم يستتر استحيت الملائكة فخرجت فاذا كان بينهما ولد كان للشيطان فيه نصيب»  البزار رقم ۱۴۴٨، و الطبرانى فى «الأوسط» رقم ۱۷٨         

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қилдилар: “Қачон сизлардан бирингиз ўз аҳлига келса, бас, ёпиниб олсин! Чунки, қачон ёпинмаса, фаришталар ҳаё қиладиларда, чиқиб кетадилар. Бас, у иккови (эру хотин) орасида бола бўлса, шайтон учун унда насиба бўлади”.

Демак, шайтонга насиба қолдирмаслик учун жимоъ вақтида устларни ёпиб олиш яхши экан. Ҳар қалай, заиф ҳадислар бўлса-да, уларга амал қилиш зарар келтирмайди. Бинобарин, уламоларимиз жимоъ вақтида чойшаб ёки кўрпа билан ёпинишни мустаҳаб амал деганлар.

Аллоҳ билганларимизга амал қилишни насиб қилсин! Ўзларимизни ва фарзандларимизни шайтон қутқусидан, васвасаларидан Аллоҳнинг ўзи асрасин!

 Ҳамидуллоҳ Беруний,

Ahlisunna.uz