Мақолалар

Ҳаё либосимиз бўлсин

Чоп этилди Fevral 23, 2019 Ҳаё либосимиз бўлсинda fikr bildirishni o'chirish

Ёши улуғ инсонлар билан суҳбатда бўлсангиз гап ўзани бурилиб, ёшларнинг юриш-туриши, одоб-ахлоқига тақалади. Нуроний отахонларнинг хотираларини тинглаб, 60-70 йил яшаган кишининг кўз ўнгида жамият ҳаёти, одамлар қиёфаси ўзгариб кетганидан ҳайратга тушасиз, ёшлар тарбияси ҳақида куйиниб гапиришлари маъносини тушунгандек бўласиз.

Айни чоқда бутун дунёда содир бўлаётган турли ҳодисалар жамиятимиз ҳаётига бевосита “оломон маданияти” кўринишида кириб келаётгани ҳеч кимга сир эмас. Буни айрим ёшларнинг ўзини тутиши, муомаласи, кийинишида ҳам яққол сезиш мумкин.

Хўш, бугун ёшларимиз жамиятимизда белгиланган одоб-ахлоқ, этика-эстетика қоидаларига қай даражада амал қилмоқда, шарм-ҳаё каби юксак ахлоқий фазилатларнинг қадр-қимматини англаб етяптими, деган ҳақли саволлар туғилиши табиий.

Мазкур масалалар, хусусан, ҳаё фазилатининг динимизда тутган ўрни, ҳаёга доир шариат кўрсатмалари ҳақида кенгроқ тушунча бериш мақсадида устозларга, мутахассисларга мурожаат қилдик:

– Киши вужудида ўзгалар қараши ҳаром қилинган жойларни, хоҳ эркак, хоҳ аёл бўлсин, бошқалар ҳузурида очиш, номаҳрамларга кўрсатиш ҳалол эмас, – дейди Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари, Шайх Абдулазиз МАНСУР. – Эркакларда тананинг киндикдан тизза остигача бўлган қисми, муслима аёлнинг эса икки кафти, оёқ тўпиғининг пастки қисми (қадами) ва юзидан бошқа бутун бадани аврат ҳисобланади. Сочи, гажаги ҳам.

Ибн Аббос (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Ҳар бир диннинг хулқи бўлади. Исломнинг хулқи эса ҳаёдир”, дедилар (Ибн Можа ривояти).

Намозхон киши авратларини қалинроқ кийим билан бекитиши шарт. Агар кийим баданнинг ранги яққол билинадиган даражада бўлса, у билан намоз ўқиш жоиз эмас. Аврат аъзонинг тўртдан бирининг узрсиз очилиб қолиши намозни бузади. Агар аъзо намоз ичида очилиб кетса, дарҳол уни бекитиб, намозини давом эттириши мумкин. Намозда авратнинг бекитилиши талаб қилинганидек, намоздан ташқарида ҳам уят ўринларни ёпиб юриш лозим.

Қуръони каримда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га хитобан бундай дейилади: “Эй Пайғамбар! Хотинларингизга, қизларингизга ва мўминларнинг хотинларига айтинг, устларига ёпинчиқларини ташлаб олсинлар! Мана шу уларнинг (ким эканликлари) танилиб, озорланмасликлари учун энг яқин (воситадир). Аллоҳ мағфиратли ва раҳмли Зотдир” (Аҳзоб сураси, 59-оят).

Одамлардан ҳаё қилиш уят аъзо­лар – аврат жойларини бекитиш, бегона кўзлардан яшириш билан бирга, кишиларга тили, қўли билан озор бермаслик ҳам тушунилади.

Абдуллоҳ ибн Масъуд (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: «Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Аллоҳдан чин ҳаё қилингизлар!” Шунда саҳобалар, “Бизларнинг чин ҳаё қилишимиз қандай бўлади?”, дейишди. У зот айтдиларки, “Кимки бошини ва ундаги кўз, қулоқ ва бурнини, қорни ва бошқа аъзоларини турли ҳаром ишлардан сақласа ва бу дунё зийнатига ортиқча берилмай, ўлим ва қабр азобини эсидан чиқармай юрса, ўша киши Аллоҳ таолодан чин ҳаё қилган бўлади”, дедилар.

Улуғ саҳобийлардан Ҳузайфа ибн Ямон (розияллоҳу анҳу) масжидга бораётса, одамлар намоздан чиқиб келишаётган эди. Шунда у киши бир четга чиқиб, одамларга йўл берди. У зотдан нега ундай қилдингиз, деб сўраганларида: “Одамлардан уялмаган кишидан ҳар қандай ёмонликни кутса бўлади”, деб жавоб берди.

Ҳаё – ҳеч ким кўрмайдиган жойда ҳам ўзини ноўрин ҳаракатлардан тийишни тақозо этади. Ҳакимлар: “Ўзидан ўзи уялиш бошқалардан уялишдан кўра кўпроқ бўлмоғи лозим”, деганлар. Уламолардан бири эса: “Кимки очиқ-ойдинда қилиш уят бўлган ишни хилватда қилса, у ўзини нафси олдида қадрсиз қилибди”, дейди.

Инсон кўнглига келганини ҳаёсизларча қилиб кетавериши ҳайвоний сифат саналади. Ҳазрат Али (каррамаллоҳу важҳаҳу): “Кимки ҳаё кийимини кийса, бошқаларнинг айбини кўрмайдиган бўлиб қолади”, дейди.

Ҳаёли инсон, биринчи навбатда, ўзининг юриш-туриши, гап-сўзига эътибор бериб, бошқалардан айб қидирмайди, бировнинг устидан кулиш ёки ғийбат қилишдан сақланади.

Ҳадиси шарифларда: “Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг ҳаёлари ёпинчиқ ичидаги бокира қизнинг ҳаёсидан ҳам кучлироқ эди”, дейилади (Имом Термизий ривояти).

Пайғамбаримиз Муҳаммад мустафо (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг ҳаёлари жуда кучли бўлиб, у зот юксак фазилатда барча мўмин-мусулмонларга ўрнак эканига далолат қилади.

***

– Маҳалла фаоли сифатида ҳар куни ҳудудимиздаги кўча, хиёбонни айланаман, ёшларнинг юриш-туришини кузатаман, гап-сўзларига қулоқ тутаман, – дейди пойтахтимизнинг Чилонзор туманидаги “Новза” маҳалла диний маърифат ва маънавий-ахлоқий тарбия маслаҳатчиси Марям МАҲМУДОВА. – Уларнинг турли ажнабий кийимлар кийиб, жамоат жойларида ўзини тутиш қоидаларига риоя қилмаган, миллий менталитет ҳамда ўзлигимизга бутунлай ёт бўлган одат ва беўхшов қилиқларига ҳам гувоҳ бўламан. Йиғинимиз фаоллари билан бирга ана шундай хулқ-атвори, гап-сўзида ўзгариш сезилган маҳалламиз ёшлари, тарбиянинг нозик томонларини илғамаётган ота-оналар билан суҳбатда бўламиз, уларга тўғри йўл-йўриқ кўрсатамиз, жойи келса, дакки ҳам берамиз.

Бир болага етти маҳалла ота­она, деган мақол бежиз айтилмаган. Агар фарзанд тарбиясида ота-оналар томонидан эътиборсизликка йўл қўйилса, қўни-қўшнилар, устоз-мураббийлар, қолаверса, маҳалла фаоллари бунга эътиборли бўлишлари лозим. Бу миллий менталитетимизга хос бўлган тарбия усулидир.

***

– Қонунчилигимизда нафақат моддий, балки маънавий зарар учун ҳам жавобгарлик белгиланган, – дейди ҳуқуқшунос Музаффар ҲИЛОЛИДДИНОВ. – Шунингдек, барча давлат ва жамоат ташкилотлари, таълим даргоҳлари, турли жамоат ва маданий дам олиш жойларида касб этикаси, одоб-ахлоқ, ўзини тутиш қоидалари каби ички тартиблар ўрнатилган.

Айниқса, юртимизнинг турли гўшаларида сайёр судлар ташкил этилиб, фуқароларимизнинг ҳақ-ҳуқуқлари ҳар томонлама муносиб ҳимояга олингани ҳуқуқий-демократик давлат, адолатли фуқаролик жамияти қуриш йўлида хайрли ишларнинг мантиқий давомидир.

Ички ишлар вазирлигининг маълум қилишича, 2017 йилнинг 10 ойи мобайнида жиноят содир этган шахсларнинг қилмишларига жамоатчиликда муросасизлик туйғуларини уйғотиш мақсадида маҳаллаларда 5 мингдан ортиқ сайёр суд мажлислари ўтказилган.

Суд жараёнининг сайёр тарзда маҳаллалар ҳудудида жамоатчилик билан ўтказилиши қонун устуворлиги, унинг таъсир доирасини янада оширади. Сабаби, белгиланган тартиб-қоидани бузган айбдор яқин қариндошлари, дўсту биродарлари, маҳалла аҳли иштирокида ўтаётган суд жараёни таъсирлироқ чора ҳисобланади. Бунда айбдор ҳам қонунни четлаб ўтгани, ҳам жамоатчилик ҳузурида юзи қизариб, уятли бўлгани учун ўзи хатоларини тез англаб етади, тўғри хулоса чиқаради.

Шу ўринда айтиш жоизки, жамоат тартибига тажовуз сифатида қаралувчи ҳуқуқбузарликлар қонунчилигимизда, хусусан, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 183-моддасида белгиланган чоралар қўлланиши мумкин: “Майда безорилик, яъни жамоат жойларида уятли сўзлар билан сўкиниш, фуқароларга ҳақоратомуз шилқимлик қилиш ҳамда жамоат тартибини ва фуқароларнинг осойишталигини бузувчи шу каби бошқа хатти-ҳаракатларда ифодаланган жамиятда юриш-туриш қоидаларини қасддан менсимаслик – энг кам иш ҳақининг уч бараваридан беш бараваригача миқдорда жарима солишга… сабаб бўлади”, дейилган.

Ахлоқий фазилатлар, ўзгалардан ҳаё қилиш, уят ҳисси инсон ичидаги холис туйғу – виждон уйғониши, ўз хатоларини тезроқ тушуниб етишида ҳар қандай таъсир чораларидан ҳам кучлироқ восита ҳисобланади.

Абдулла Қаҳҳор бундай деган эди: “Уят энг шафқатсиз қонундан ҳам кучлироқ, қудратлироқдир. Қонун фақат кўзи тушганда, шубҳа пайдо қилганидагина жиноятчининг қўлини ушлайди, йўлини тўсади. Уят эса ҳамиша одобсиз, ахлоқсиз жиноятчининг тепасида туриб, ножўя иш қилиш учун қўл кўтаргани қўймайди”.

Юқоридаги фикрлардан ахлоқий сифатлар орасида ҳаё фазилатининг нафақат оилавий тарбия жараёнида, қолаверса, жамиятда жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишда ҳам беқиёс аҳамиятга эга экани ойдинлашади.

Ота-боболаримиздан мерос ушбу олижаноб хулқни асраб-авайлаб, бу борада шариатимиз буюрган амаллар, жамиятимизда белгиланган одоб-ахлоқ қоидаларига риоя этган ҳолда яшасак, фаолият юритсак, ёшларимиз онгига унинг маъно-мазмунини чуқур сингдириш ҳаракатида бўлсак, ҳаётимиз янада гўзаллашиб бораверади.

Баҳриддин ХУШБОҚ,

журналист