Мақолалар

Ошуфта кўнгил (Давоми, бошланиши ўтган сонларда)

Чоп этилди Fevral 23, 2019 Ошуфта кўнгил (Давоми, бошланиши ўтган сонларда)da fikr bildirishni o'chirish

– Қўрқишади, шаҳзодам! Бу ерга келишга ўргана олишмайди!

Шаҳзода Адҳамнинг дили ранжиди. Новвой Тоҳирга эмас, вазир Аҳмадга юзланиб деди:

– Эшитаяпсанми Аҳмад, саройимиз фақирлар қўрқиб қочадиган жойга айланибди, бизнинг бундан ҳатто хабаримиз йўқ! Нега жимсан, Тоҳирнинг айтганлари тўғрими?

– Шаҳзодам, қанчалик сахий эканлигингизни бутун олам билади, –  жавоб берди Аҳмад.

– Йўқ, буни сен айтаяпсан. Мана шу девор ортидагиларнинг нима дейишлари муҳим. Улар ҳам сендек ўйлашлари керак. Хўп, Тоҳир, сен дўконингга қайтавер, лекин лаззатли нонларингдан бизни маҳрум қилма. Ҳар куни эрталаб саройга бир неча нон юбора оласанми?

– Истасангиз, ўзим олиб келиб бераман.

– Йўқ, сен овора бўлма, шогирдинг олиб келсин. Майли, сенга рухсат, Аллоҳ таоло мададкоринг бўлсин, – дея Иброҳим ибн Адҳам Тоҳирга рухсат берди.

Бу суҳбатдан Балх ҳукмдори ўзига яраша хулоса чиқарди. Шундан сўнг, орадан бир қанча вақт ўтди. Балх ҳукмдори Тоҳирнинг лаззатли нонларидан баҳраманд бўларди. Лекин нечундир бир куни Тоҳир ҳузурига вазир Аҳмад келди.

– Нечун овора бўлдингиз, нонларни шогирдим орқали бериб юбораяпман-ку? – деди Тоҳир ҳайрат билан.

– Вазир келишининг сабабини айтиб, шундай деди:

– Ҳазратимнинг аҳволи ёмон. Унинг овга чиқиш иштиёқи йўқолди. Ўтган ҳафтагача ҳамма нарса жойида эди. Бир ўзлари овга чиқишни истадилар. Мен ҳам сиз билан чиқа қолай десам, унамадилар. Кечқурун қайтганларида таниёлмадим. Рангларида ранг йўқ, Қўллари титрарди. Нима гаплигини сўрадим. Жавоб бермадилар. Бироз жим тургач эса нега паришонлиги сабабини айтдилар:

– Адирга ов қилиш учун чиққандим. Қаршимдан бир кийик чиқди. Кетига тушдим. Уни ҳеч кўздан қочирмасам-да, етолмадим. Лекин орқасидан ўрмон ичкарисига кириб боравердим. Унга яқинлашишим билан ғаройиб ҳодиса юз берди. Бир овоз эшитилди. «Эй Иброҳим, сен шунинг учун яратилганмидинг?» Атрофимга қарадим, ҳеч ким кўринмасди. «Бу Аллоҳ лаънатлаган иблис овози», дедим-да, йўлимда давом этдим. Лекин яна: «Эй Иброҳим, сен шунинг учун яратилдингми, шунга амр қилиндингми?!», деган овоз келди. Ортиқ шубҳам қолмади, бу овоз раҳмоний эканини тушундим ва дарров шу ерда сажда қилдим. Пешингача шу ҳолда қолдим. Фақат тавба қилдим, тавба қилдим, тавба қилдим, дея сўзларини тамомладилар.

Орадан бир қанча вақт ўтди. Шаҳзодам шифо топди, деб ўйлагандим. Аммо кеча:

– Қасам ичаманки, бундан буён исён қилмайман, Аммо завқу сафолардан воз кечиш қийиндир. Дунё неъматларини тарк этолмаяпман, – деган гаплари мени яна ҳайратга солди.

Мана, шаҳзодамнинг қайғулари шу. Кечалари ухламасдан ўйлаб, бир қарорга келолмаяптилар. Худди бир умид нурини кутаётгандек. Тоҳир, сенинг дуоларинг яратган ҳузурида мақбулдир. Илтимос, шаҳзодамни дуо қил.

Вазир хайрлашиб кетаркан, Тоҳирдан қайта-қайта дуода бўлишини сўради. Шундан сўнг, Тоҳирдан нон олиб турувчи тиланчи аёл келди. Эндигина нонларни тандирдан узиб турган Тоҳир: «Хуш келибсиз хола, келинг», дея уни қаршилади.

– Вақтида келдингиз, нонни эндигина узган эдим. Хоҳлаганингизча олинг.

Аёл: «Менга уч дона етади», дея нон олди-ю, Тоҳирга илк бор пул узатди.

У қўли билан пулни қайтариб, ҳайрат билан:

– Пул сўрамадим-ку? – деди.

– Аллоҳга шукр, ўз вақтида ёрдам қилдинг. Ҳозир қўлимизга пул тушди. Шунча яхшилигингнинг ҳаққини берайлик. Рози бўл.

– Бу пуллар билан невараларингизни хурсанд қилинг, уларга ширинлик олиб беринг.

– Пулимиз нонга ҳам етади, қандга ҳам. Жаноби Ҳақ шаҳзода Иброҳимнинг омадини берсин. Ҳолимизни кўрди, ачиниб пул берди.

Тоҳир кампирни кузатаркан, юзига мамнунлик аломати балқди.

Лекин одамлар шаҳзодадан қанчалик хурсанд бўлишмасин, унинг изтиробларининг ниҳояси кўринмас, кечалари бедор ҳолда иккиланишлар домида қолиб кетарди.

Бир куни шаҳзода Иброҳим хонасига кирган вазир Аҳмад уни яна изтироблар исканжасида кўриб маҳзун бўлди. Иброҳим ибн Адҳамнинг кўзлари уйқусизликдан қизарган, асабий зўриқишлардан юзидан ранг қочган. Вазир аста унинг ҳолини сўраган бўлди:

– Ухлолмадингизми?

– Кўзимга уйқу келмади. Туни билан ўйладим ва англадимки, қасам ичганим билан аввалги ҳаётимдан воз кечолмайман шекилли. Анча уриндим, аммо нафсимдан қутула олмадим.

Кейин эса худди муҳим бир иш ёдига тушгандек қўшиб қўйди: «Дарҳол ҳозирлик кўр, эрталаб овга чиқамиз».

Зарбоф тўну, атлас кўрпачаларга бурканган хонада Иброҳим ибн Адҳам ором олиш илинжида бошини ёстиққа қўйди. Лекин ўтган умрининг хотиралари уни ухлашга қўймасди: унга Тоҳир ҳақида сўзлаб берган ўша қария, мулозимлари қуршовида ўтказилган катта-катта шикорлар, уламолар билан ўтказилган мажлислар, ўзи ёлғиз ўлжа кетидан қувган ўша шикор… Шуларни уйлаб ётиб бир оз кўзи илинган экан, қандайдир шовқиндан уйғониб кетди. Ваҳима ичида шоша-пиша сўради:

– Ким у, ким?..

(Давоми бор)

Ислом нури” газетасининг 2019 йил, 3-сонидан