Мақолалар

Умидсизлик эшиги эмаслигини англасинлар!

Чоп этилди Fevral 24, 2019 Умидсизлик эшиги эмаслигини англасинлар!da fikr bildirishni o'chirish

Аллоҳ таоло ўз пайғамбари Мусо (алайҳиссалом)га хитоб қилди: “Эй Мусо! Фалон жойда бизнинг дўстларимиздан бири вафот этди. Бориб унинг жанозасини ўқи!”

Ҳазрати Мусо (алайҳиссалом) айтилган манзилга борди. У ердагилардан:

– Бу ерда кеча Аллоҳ таолонинг дўстларидан бири вафот этдими? – деб сўради.

Улар:

– Эй Аллоҳнинг Пайғамбари, бир йигит вафот этди. Фақат у сиз таърифлагандек эмас. Аксинча, унинг фисқу фужурининг кўплигидан ҳеч ким уни дафн этишни истамаяпти, дедилар.

– Мен уни қидираяпман, деди Мусо (алайҳиссалом).

Кўрсатишди. Ҳазрати Мусо у ерга кирганларида раҳмат фаришталарини кўрдилар. Уларнинг қўлида раҳмат жомлари бўлиб, бутун уйга Аллоҳнинг мағфиратини сочардилар. Бу ҳолни кўриб Мусо (алайҳиссалом) Жаноби Ҳаққа муножот қилди:

– Эй Оламларнинг Раббиси! Сен менга бу бандангни “Менинг дўстим” дединг. Одамлар эса унинг фосиқ эканига гувоҳлик бермоқдалар. Бунинг ҳикмати нима?

Аллоҳ таоло:

– Инсонлар уни фосиқ деяётганлари рост. Барча унинг гуноҳларидан бохабар. Аммо тавба қилганидан бехабар. Бу қулим саҳар вақтларида ҳақир ҳолида тавба қилди. Даргоҳимизга сиғинди. Мени раҳмат ва мағфиратим Еру осмонлардан кенг! Тавбасини қабул қилдим. Унга раҳмат нури билан боқдим!

Токи бандаларим даргоҳимнинг умидсизлик макони эмаслигини англасинлар!

Фирдавс АБДУРАУФ ўғли тайёрлади.

“Ислом нури” газетасининг 2019 йил, 3-сонидан