Мақолалар

Журъат, қатъиятимиз етишмаётганди

Чоп этилди Fevral 24, 2019 Журъат, қатъиятимиз етишмаётгандиda fikr bildirishni o'chirish

Ургут туманининг “Камонгарон” маҳалласида яшайман. Кўп йил мактабда ўқитувчилик қилдим, “Халқ таълими аълочиси” кўкрак нишони, “Шуҳрат” медали соҳибиман. Ёшим етмишда.

Бизнинг болалигимиз, ўсмирлигу ёшлик йилларимиздаги шароитларни, кўрган-кечирганларимизни набираларимиз тасаввур қилишлари ҳам қийин. 1956 йилда биринчи синфга борганман. Ўшанда онам раҳматли қўшни Тожикистоннинг Душанбе шаҳрида яшайдиган укаларига хат ёзмоқчи бўлиб, ўқитувчимиздан битта конверт сўраб роса ялинганлар. Топилмади, кейин ўқитувчи бир варақ қоғозни учбурчак қилиб буклаб, устига хат юбориладиган манзилни ёзиб берди. Шунинг ўзиёқ ўша даврдаги шарт-шароит ҳақида маълум тасаввур уйғотади.

Дуоларда доим: “Биз бошдан кечирган қийинчиликларни авлодларимиз кўрмасин”, деб сўраймиз. Келажагимиз бўлган ёшлар ҳар жиҳатдан камол топиб улғайиши учун яратилаётган шароитлар, имкониятлардан фахрланамиз, шукроналар қиламиз. Аммо “Тўқликка – шўхлик”,  “Бели оғримаганнинг нон ейишини кўр” деганларидек, Аллоҳ берган неъматларни манманлик, обрўпарастлик сабабли совураётган айрим кимсаларни тартибга чақиришга тортиниб, андиша қилиб, баъзан қўрқоқлик қилиб келаётганимиз рост. Бундайлар ҳамма замонларда ҳам топилади: бир неча ўн йиллар олдинги бир воқеа ёдимда. Ҳар куни эрталаб дўконга иссиқ бўлка нон олиб келинар, бир киши шу нонлардан 40 – 50 тасини қанорга солиб кетарди. Бир куни ундан: “Ака, бунча нонни нима қиласиз?” деб сўрасам, пинагини бузмай: “Мол боқаман”, деб жавоб берди. Шунда унинг қўлидан нонларни тортиб олиб, сотувчига дашном билан қайтариб бердим.

Яна бир воқеа эсимдан чиқмайди: ошхонада иккитаси овқатланишди-да, қолган нонларнинг мағзини ажратиб, унга оғизларини артиб, қутига ташлаб туриб кетишди. “Булар ноннинг уволи тутишидан қўрқмайдими?” деган хаёл ўтди кўнглимдан, қутидан қолдиқ нонларни олиб сумкамга солдим…

Кейинги йилларда аксарият тўй-маросимларда исрофгарчилик одатий ҳолатга айланиб қолди: тўйдан олдинги кўпдан-кўп олди-бердилар, келин-куёв расмий никоҳдан ўтгач ёшларнинг турнақатор машиналарда шаҳар айланиши, дабдабали зиёфат маросимлари; дастурхонлардаги таомлар, ичимликлар исрофи бир томону, меҳмонларнинг уларни истеъмол қилишдаги тартибсизлик, маданиятсизликлари бир томон; тўйдан кейин ҳам пойтахтдан тортиб вилоятларнинг турли ҳудудларида урф бўлиб қолган “чарлар”, “йўқланди”ларга кетаётган ҳисоби йўқ сарф-харажатлар… “Мен ўз мулким, маблағимни сарфлаяпман”, деб кимўзарга тўй қилаётганлар қўлларидаги молу давлат Аллоҳнинг синов учун берган омонати эканини унутиб, гуноҳ қилаётганларини билмасалар керак. Бундай фикрларни анчадан буён кўп айтамиз, ўзаро муҳокама қиламиз. Ҳатто маҳаллаларда махсус тўй комиссиялари тузилса-да, ижобий томонга ўзгариш сезилмади, салбий ҳолатлар болалаб кетди. Гоҳида андиша қилсак, гоҳида ўзимиз ва ўзгаларни бундай ишлардан тўхтатишга журъатимиз, қатъиятимиз етишмайди. Тананинг дори-дармон кор қилмайдиган, тиғ билан олиб ташланадиган касалликлари бўлгани каби жамиятнинг ҳам кескин чора-тадбирлар қўллангандагина тузаладиган “дард”лари бўлади. Тўй-маросимларимиз билан боғлиқ муаммолар ҳам ана шундай даражага етганди.

Юртбошимизнинг  Навоийда бўлиб ўтган йиғилишда тўй-маросимлар масаласига ҳам тўхталиб билдирган фикрлари, кўрсатган йўл-йўриқлари амалий ҳаракатларга, ислоҳотларга асос бўлади, жамиятимиз ҳаётига илдиз отган, салбий асоратлари урчиб бораётган  “дардлар”ни даволайдиган “тиғ” вазифасини бажаради, деб ўйлаймиз. Биз, кексалар, бу ислоҳотларнинг натижалари ҳаммага бирдек эзгулик олиб келишини тушунтиришда пешқадам бўлишимиз керак.

Мурод ҚУРБОНЗОДА,

фахрий педагог

“Ислом нури” газетасидан