Мақолалар

Энг ёмон ҳамроҳ

Чоп этилди Fevral 24, 2019 Энг ёмон ҳамроҳda fikr bildirishni o'chirish

«Кимки Раҳмон зикридан (Қуръон насиҳатларидан) кўр бўлиб олса (юз ўгирса), Биз унга шайтонни улфат қилиб қўйгаймиз, бас, у унга ҳамроҳдир. Албатта, улар (шайтонлар) уларни (“кўрлар”ни) йўлдан тўссалар ҳам (тўсилганлар) ўзларини ҳидоят топувчилар, деб ҳисоблайдилар. То қачонки, Бизнинг ҳузуримизга келгач, (ўша шайтонга қараб): “Қани энди, мен билан сенинг орамиз Шарқ билан Ғарбнинг орасидек узоқ бўлса. Бас, (сен) нақадар ёмон ҳамроҳ экансан!” – дер» (Зухруф сураси, 36–38-оятлар).

Дарҳақиқат, шайтон Қуръондан юз ўгирганларнинг дўстидир. Оятдаги “кўр бўлиб олса”нинг тафсири ҳақида муфассирлар турлича фикр билдирганлар. Жумладан, Ибн Аббос (розияллоҳу анҳумо) ва Қатода ҳамда Яҳё ибн Салом (раҳимаҳуллоҳ)лар мазкур атамани “кўр бўлиб қолмоқ” ва “жоҳиллик” маъноси бор эканини таъкидлаганлар.

Ибн Қутайба (раҳимаҳуллоҳ) эса, “ғафлатда бўлмоқ” ва “юз ўгирмоқ” маъноларини ҳам қўшган. Абу Ҳаён (раҳимаҳуллоҳ) ҳам “юз ўргирмоқ” маъносини ёқлаб, шундай деган: «Оятдаги “Қуръондан юз ўгириш” иборасидан “Аллоҳдан юз ўгириш” маъноси ирода қилинган».

Луғатшунос олим Халил (раҳимаҳуллоҳ)нинг айтишича, “кўр бўлиб олса”, деб таржима қилинган сўзининг асл маъноси кўз нурининг заифлигини англатади. Мазкур оятда бу сўз “ҳақдан кўз юмиш”, “ўзини билмаганга ва кўрмаганга солиб олиш” маъноларини англатади.

Луғатшунос олим, аллома Ибн Манзур (раҳимаҳуллоҳ) мазкур оятда келган “улфат қилиб қўйгаймиз” жумласини шарҳлаб, “улфат қилмоқ”сўзининг луғавий маъносини бундай изоҳлайди: “Қайз – тухумнинг устидаги қуруқ пўстлоғидир. У II бобда келганда “бирортаси учун ҳозир қилмоқ, тайёрламоқ, ўйламаган тарафидан сабабчи қилиб қўймоқ” маъноларини беради. Яъни, ким Қуръондан юз ўгирса, Аллоҳ унга ўзи ўйламаган томондан шайтонни ҳамроҳ қилиб, жазо беради. Бу сўз нафақат ёмон ҳамроҳ, балки яхши дўст маъносида ҳам қўлланилади. Бунга қуйидаги ҳадис далил бўлади: “Қайси ёш йигит қари одамнинг ёшини улуғлаб ҳурмат қилса, шубҳасиз, Аллоҳ унга ҳам ўша ёшида уни ҳурмат қиладиган бир ҳамроҳни тайёрлаб қўяди”. Ушбу ҳадисдаги “тайёрлаб қўяди” жумласи ушбу сўзи билан ифодаланган.

Имом Ҳанбалий бундай дейди: “улфат қилмоқ” феъли қўшмоқ, ҳукмрон қилиб қўймоқ маъноларини билдириб, Аллоҳнинг зикридан юз ўгирган одамга шайтон ҳукмрон бўлади, ундан асло ажралмайди ва кўрлик – ҳақдан кўз юмишни унга зийнатлаб кўрсатади, залолатни ҳидоят сифатида гавдалантиради. Яъни, шайтонлар инсонни ҳидоятдан тўсиб қўяди. Демак, ҳар бир имонсизнинг ёнида шайтон ҳамроҳи бўлади. Қиёматда у шайтон билан бир кишанда банд бўлган ҳолда келтирилади”.

Имом Ибн Касир бу сўзни бундай шарҳлайди: “Аллоҳ таоло ҳидоятдан ғафлатда қолган кимсаларга шайтонни дўст қилиб қўяди. Шайтон эса ўз навбатида ғофилларни ҳақ йўлдан адаштириб, жаҳаннам сари етаклаб боради, қилаётган амаллари ўзларига чиройли бўлиб кўринади. Шу боис ғофиллар ўзларини тўғри йўлда деб ҳисоблайдилар. Қуйидаги оятларда ҳам бу маънолар касб этган: “Кимга ҳидоят аниқ бўлгандан кейин Пайғамбарга мухолифлик қилса ва мўминлар йўлидан ўзгасига эргашса, Биз уни ўзи кетаётган йўлига қўйиб берамиз ва (охиратда) уни жаҳаннамда куйдирамиз. Нақадар нохуш жой у!” (Нисо сураси, 115-оят); “… Бас, қачонки, улар (тўғри йўлдан) оғишгач, Аллоҳ уларнинг дилларини (ҳидоятдан) оғдириб қўйди …”  (Саф сураси, 5-оят).

“Биз унга шайтонни улфат қилиб қўйгаймиз…” оятини Ибн Аббос (розияллоҳу анҳумо) бундай шархлайди: “Шайтон уни дунёда ҳалолдан тўсиб, ҳаромга тарғиб қилади, тоат-ибодатдан қайтариб, маъсият сари чорлайди”.

Абу Саъид (розияллоҳу анҳу)нинг тафсирига кўра, шайтон унга қабрдан тургандан сўнг ҳамроҳлик қилади. Қушайриё (раҳимаҳуллоҳ) бу икки ривоятни жамлаб, бундай деган: “Энг тўғриси, шайтон унга дунёда ҳам, Охиратда ҳам ҳамроҳлик қилади”. Натижада гумроҳ инсонлар: “Шайтон бизни тўғри йўлга бошламоқда”, деб гумон қилиб, унга итоатда бардавом бўладилар.

Дарҳақиқат, Ислом дини дўст ва улфат танлашда сергак бўлишга чақиради. Зеро, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Киши дўстининг динига кўра бўлади. Шундай экан, ҳар бирингиз ким билан дўстлашаётганига боқсин!” деганлар (Имом Абу Довуд, Имом Термизий, Имом Ҳоким ривояти).

Шу боис аксар салафи солиҳлар одамлар орасида аралашиб юриш ва улар билан дўстлашишни афзал билиб, узлат ва ёлғизликни хуш кўрмаганлар. Шунингдек, уламолар ёмон дўстлардан, жумладан, фосиқ, бидъатчи ва дунёга ҳирс қўйган кимсалар билан ҳамроҳ бўлишдан қайтарганлар. Ҳамроҳларнинг энг ёмони, шубҳасиз, шайтондир.

Шунинг учун Аллоҳ таоло унинг васвасалари, ёмонликлари ва кимлар билан улфат бўлиши ҳақида Қуръони карим оятларида батафсил баён қилиб қўйган. Аллоҳ таолонинг бу кўрсатма ва огоҳлантиришларидан керакли хулоса чиқариб, шайтоннинг ҳийлаларидан сақланмоқ ҳаммамиз учун фарз саналади.

Имом Қуртубий, Имом Қосимий,

Имом Байзовий, Ваҳба Зуҳайлий (раҳимаҳумуллоҳ) тафсир асарлари асосида

Ўзбекистон халқаро ислом академияси

Манбалар хазинаси илмий ходими

Абдуллоҳ АБДУЛМАЖИД ўғли тайёрлади

“Ислом нури” газетасининг 2019 йил, 3-сонидан