Янгиликлар

Тарихда илк бор Евроиттифоқ ва Араб давлатлари лигаси қўшма саммити ўтказилмоқда

Чоп этилди Fevral 26, 2019 Тарихда илк бор Евроиттифоқ ва Араб давлатлари лигаси қўшма саммити ўтказилмоқдаda fikr bildirishni o'chirish

Тарихда илк бор Европа Иттифоқи ва Араб давлатлари лигаси қўшма саммити бўлиб ўтмоқда. “Инвестиция ва барқарорлик” шиори остида Мисрда ўтказилаётган ушбу йирик тадбирда минтақавий зиддиятлардан тортиб, терроризмга қарши кураш, иқлим ўзгариши, миграция, инсон ҳуқуқлари ва савдо муносабатлари масалалари муҳокама этилаётир.

“Евроньюс”нинг ёзишича, қўшма саммит иштирокчиси, Европа Кенгаши раиси Дональд Туск “Миграция масаласига келсак, мен бу борада қочоқлар бўйича масъулиятни ўз зиммасига олиб, уларга кўмак бераётган, муҳожирларни ноқонуний олиб киришга қарши замонавий чоралар қўллаётганларга ўз миннатдорлигимни билдираман. Биз айни йўналишда ҳамкорликда иш олиб боришимиз лозим”лигини айтиб ўтган ўз чиқишида.

Шунингдек, саммитда Миср Араб Республикаси Президенти Абдулфаттоҳ Саид Ҳусайн Халил ас-Сиси терроризмга қарши курашда умумий, комплекс ёндашиш вақти етиб келганини таъкидлаган. “Бунда асосий рол хавфсизлик кучларига ажратилиши керак. Шунингдек, ушбу кураш террорчилар ғоясига нисбатан интеллектуал қаршиликни ўз ичига олиши лозим” деган Миср Араб Республикаси Президенти .

Маълумот ўрнида, Мисрда бўлиб ўтаётган қўшма саммитда элликка яқин давлат раҳбарлари, ҳукумат бошлиқлари, ташқи ишлар вазирлари иштирок этмоқда.

 

Малоҳат Ҳусанова,

ЎзА