Мақолалар

ЯХШИ ХУЛҚ – БАХТУ ФАРОВОНЛИК КАЛИТИ

Чоп этилди Fevral 28, 2019 ЯХШИ ХУЛҚ – БАХТУ ФАРОВОНЛИК КАЛИТИda fikr bildirishni o'chirish

Кимки фанда илгарилаб ахлоқда оқсоқласа олдингамас, кўпроқ орқага кетибди.

АРАСТУ

Мамлакатимизда ёшлар, болалар тарбиясига эътибор, ғамхўрлик ортиб бораётгани беҳад оқилона ва одилона тадбир эканини мамнуният, миннатдорчилик билан эътироф этамиз. Зеро, Пайғамбаримиз (алайҳиссалом) саҳобаларидан бирига: “Эй Абу Зар! (Билгилки), тадбир каби ақл йўқ, гўзал хулқ каби мавқе йўқ” деб марҳамат қилганлар (Имом Ибн Можа ривояти).

Мен кўп йиллар давомида мактабда ўқитувчилик қилдим, юзлаб ўқувчиларга таълим-тарбия бердим. Ўқиш жараёнида ўғил-қизлар ўз фарзандинг каби қалбга яқин бўлиб қолади. Шунинг учун мактабни битириб кетганларидан кейин ҳам собиқ ўқувчиларимнинг тақдири, муваффақияту муаммоларига бефарқ эмасман. Уларнинг ҳаёт йўлларини кузататуриб,  ёшларда  гўзал тарбия, чиройли хулқ камолга етиши учун жамиятнинг барча аъзолари масъуллигини чуқур ҳис этаман. Чунки шундай фазилатли кишиларгина илмни яхши ишларга сарфлайдилар. Намунали тарбия кишининг икки дунёсини азоб-уқубатлардан асрайдиган, балоларни даф қиладиган бебаҳо бойлик.

Али ибн Абу Толиб ривоят қиладилар: «Биз Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) билан бирга ўтирган эрдик, у зот қўлларидаги чўп билан ерни чизаётиб: “Ораларингизда хоҳ жаннати бўлсин, хоҳ дўзахи бўлсин, борадиган жойи азалдан ёзиб қўйилмаган бирорта ҳам одам йўқдир!”, дедилар. Шунда ўтирганлардан бири: “Ундай бўлса, таваккал қилиб юраверайлик-да!”, деди. Жаноб Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Йўқ, ундай эмас, (Ислом арконларига) амал қилинглар, барчаси муяссар бўлгай!” деб, “Фа ман аъто ваттақо…” (“Кимда-ким  хайр-эҳсон қилиб, Аллоҳ таолодан қўрқса…”) деган оятни ўқидилар» (Имом Бухорий).

Абу Ҳомид Ғаззолий “Ҳужжатул ислом” асарида ёзадилар: “У Зот (Аллоҳ таоло) ахлоқни яхшилаш вазифасини бандасининг жидду жаҳдига  топширди”. Демак, инсон тақдири азалда битилган эса-да, ахлоқини яхшилаш вазифаси  унинг ўз ихтиёрида қолдирилган экан.

Кўриниб турибдики, юксак ахлоқ бу дунёмизни ҳам, охиратимизни ҳам обод қилиши мумкин. “Ахлоқимни қандай ишлар билан янада яхшилайман?” – ҳар куни мана шу саволга ижобий жавоб топишга интилсак, Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг маслаҳатлари бизга йўл кўрсатиб туради. Чунки Аллоҳ таоло суюкли Расули (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)ни бандаларга ибрат қилиб яратган: «Албатта, Сиз улуғ хулқ (ахлоқ) устидадирсиз» (Қалам, 4).

Ойша (розияллоҳу анҳо)дан ривоят қилинган ҳадис бу хулқ аслини ёритади: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг хулқи Қуръон эди» (Муслим ривояти).

Гўзал хулқ ҳақида сўраган кишига жавоб тариқасида Пайғамбар (алайҳиссалом) Қуръон оятини ўқидилар: «Афв-марҳаматли бўлинг, яхшиликка буюринг ва жоҳиллардан юз ўгиринг!» (Аъроф, 199). Кейин дедилар: “Гўзал хулқ – алоқани узган(қардошинг)га боғланмоғинг, сендан қизғанган кишига бермоғинг, сенга зулм қилганни кечирмоғингдир” (Имом Аҳмад ривояти).

Агар эвазига келадиган мукофотга умид ва ишонч собит бўлса, кун, ой, йиллар – умрдан хайрли оқибат кутган ҳар бир инсон бу насиҳатларга амал қилиши қийин эмас. «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) шундай дедилар: “Учта хислат бор. Кимда ўша учта хислатдан биттаси бўлмаса ҳам қилган амали ҳисобга ўтмайди. Бу – Аллоҳга маъсият қилишдан тўсадиган тақво, аҳмоқликни жиловлайдиган ҳалимлик, одамлар орасида хушхулқлик” (Табароний ривояти).

Юртмиз обод, турмушимиз фаровон, икки дунёмиз саодатбахш бўлишининг калити – хуш хулқ қалбимизни тарк этмасин.

 

Муҳаммадсодиқ Юсупов,

Риштон туманидаги “Амиробод” жоме масжиди имом ноиби

“Ислом нури” газетасининг 2019 йил, 4-сонидан