Мақолалар

Асҳобул ухдуд (Чоҳ эгалари)

Чоп этилди Mart 1, 2019 Асҳобул ухдуд (Чоҳ эгалари)da fikr bildirishni o'chirish

Қуръони каримда баёни келган қиссаларнинг ҳар бири ҳикмат ва ибратга тўла. Жумладан, “Чоҳ эгалари” қиссаси. Буруж сурасида зикр қилинган ушбу воқеа ҳақидаги маълумотларни сура тафсири ва ҳадиси шарифлардан билиб олишимиз мумкин:

“Қасамёд этаман (ўн иккита) буржларга эга осмон билан, ваъда қилинмиш кун (қиёмат) билан, (ўша кунда) гувоҳ ва гувоҳлик берилувчи биланки (“Чоҳ эгалари” қиссаси ҳақиқатдир)! “Чоҳ эгалари”га – лаънат! Қайсики, у (чоҳ) ёқилғили олов эди. Ўшанда улар ўша (чоҳ)нинг устида ўтирувчи ва мўминларга нисбатан қилаётган ишларига ўзлари гувоҳ эдилар. Улар (мўминлар)дан фақат Азиз (қудратли) ва Ҳамид (ҳамд эгаси) бўлмиш Аллоҳга имон келтирганлари учунгина ўч олдилар” (Буруж сураси, 1–8-оятлар).

Ушбу оятларда тилга олинган  “Асҳобул ухдуд” – “Чоҳ эгалари” қиссаси Яманда VI асрда содир бўлган. Ўша даврда Яман – Арабистон яриморолининг жанубдан шимолга кесиб ўтган карвон йўли – Шарқ ва Ғарбни боғлаб турувчи муҳим йўллардан бири ҳисобланарди. Унинг катта қисми Яман ҳудудидан ўтар, у ерда эса Ҳимяр давлати ҳукм сурарди. Унинг сўнгги ҳукмдори Юсуф Асъар (Зу Нувос – осилиб турган кокилли) исмли киши бўлиб, кейинчалик яҳудийлик динини қабул қилганди.

Насронийликни қабул қилган бир неча нажронлик кишилар Яманга бориб яшадилар. Яҳудийлардан қўрққанлари сабабли улар яширинча ибодат қилардилар. Подшоҳ Зу Нувос сеҳргарликни ўрганиши учун танлаган йигитнинг ягона Аллоҳни танишига мана шу нажронлик роҳиблар сабабчи бўлганлар.

Воқеанинг давоми Имом Бухорий ва Имом Муслим ўз саҳиҳларида келтирган ҳадиси шарифда атрофлича баён этилади:

Суҳайб (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): «Сизлардан аввал ўтган умматларда бир подшоҳ бор эди. Унинг бир сеҳргари бўлиб, ёши улғайганида подшоҳга қуйидагича мурожаат қилди: “Мен қариб қолдим. Менга бирор ёш бола юборгин. Унга сеҳргарликни ўргатаман”. Подшоҳ унга бир болани сеҳр ўргатиши учун юборди. У боланинг ўтадиган йўлида бир роҳиб (ибодат қилувчи) бор эди. Кунларнинг бирида бола унинг ҳузурида ўтириб, сўзларини эшитиб, ҳайратда қолди. Бола агар сеҳргар олдига борса, роҳибга ҳам учраб, унинг ҳузурида бироз ўтирар эди. Бир куни сеҳргар ҳузурига борганида, у (кеч қолгани учун) болани урди. Бола эса бу ҳолдан роҳибга шикоят қилди. Роҳиб: Агар сеҳргардан қўрқсанг, аҳлим мени ушлаб қолгани учун (кечикдим), дегин. Агар аҳлингдан қўрқсанг, сеҳргар мени ушлаб қолгани учун кечикдим, дегин, деди. Кунлар шу алфозда давом этди. Бир куни бола катта бир жониворни учратди. У жонивор кишиларнинг йўлини тўсиб олган эди. Шунда у: Бу кун сеҳргар афзалми ёки роҳиб афзалми, биламан!? деб бир тошни олди-да, Аллоҳим, агар роҳиб иши Сенга сеҳргарнинг ишидан маҳбуброқ бўлса, бу жониворни ҳалок қилгин, кишилар ўтиб олишсин, деди. Бола тошни отиб уни ўлдирди ва кишилар ўтиб кетишди. Бола роҳибга келиб, бу ҳақда хабар берди. Роҳиб болага: Эй болам, сен бугун мендан ҳам афзалсан. Сен бир мақомга етдинг. Сен тез кунларда (ҳар хил синовлар билан) балоланасан. Агар шундай ҳолат бўлса, мени ҳеч кимга кўрсатмагин, деди.

У бола туғма кўр, песларни тузатиб ва кишилардаги бошқа касалликларни даволар эди. Подшоҳнинг шерикларидан бирининг кўзи ожиз бўлиб қолиб, бу бола ҳақида хабар топди. Боланинг ҳузурига кўп ҳадялар билан келиб, Агар менга шифо берсанг, буларнинг ҳаммасини сенга бераман, деди. Буни эшитган бола: Мен бирор кишига шифо бера олмайман. Шифони Аллоҳнинг Ўзи беради. Агар Аллоҳга имон келтирсанг, Унга дуо қиламан, сенга шифо беради, деди. У киши Аллоҳга имон келтирди. Ва Аллоҳ таоло у кишига ҳам шифо берди. Бир куни у киши одатдагидек подшоҳ ҳузурида ўтирганида, подшоҳ унга: Кўзингни ким даволади? деди. Шериги: Раббим даволади, деди. Шунда подшоҳ: Мендан бошқа ҳам Раббинг борми? деганида, у: Раббим – сенинг Раббинг Аллоҳдир, деди. Подшоҳ уни ушлаб, азоблашда бардавом бўлди. Охири у киши болани кўрсатиб берди. Болани келтирди. Подшоҳ унга: “Эй бола, сен сеҳргарликда шу даражага етибсанки, туғма кўр ва песларни тузатиб, ундай ва бундай ишларни қилаётган эмишсан?” деди. Бола: “Мен ҳеч кимни тузатаётганим йўқ. Албатта, Аллоҳ шифо беряпти”, деди. Подшоҳ уни ушлаб, азоблади ва бунда бардавом бўлди, у роҳибни кўрсатиб қўйди. Роҳиб ҳам (подшоҳ ҳузурига) келтирилиб, динингдан қайт, дейилди. Роҳиб бош тортди. Арра олиб келиниб, унинг боши ўртасига қўйиб арраланди, бош иккига бўлиниб кетди. Кейин подшоҳ шеригини келтирилиб, динингдан қайт, дейилди. У ҳам бош тортди. Арра бошининг ўртасига қўйилиб тортилганида, бўлиниб, икки тарафга тушди. Сўнгра болани келтириб, динингдан қайт, дейилди. У ҳам бош тортди. Подшоҳ болани бир неча аъёнларига бериб, “Буни фалон, фалон тоққа олиб боринглар. Ва тепасига чиқинглар. Агар чўққига етсангиз (бир насиҳат қилиб кўринглар), динидан қайтса, қолдиринглар. Агар қайтмайдиган бўлса, уни ўша ердан улоқтириб юборинглар”, деди. Аъёнлар (подшоҳ айтган) тоққа бориб, юқорига чиқдилар. Бола эса: “Аллоҳим, уларга Ўзинг хоҳлаган нарса билан кифоя қилгин”, деб илтижо қилганида, тоғ бир силкинди. Улар ундан қулаб тушишди. Бола (якка ўзи) подшоҳ ҳузурига келди. Подшоҳ унга: “Ҳамроҳларингга нима бўлди?” деди. Бола: “Аллоҳнинг Ўзи уларга кифоя қилди”, деб айтди. Подшоҳ яна бир нечта аъёнларига болани топшириб, “Уни бир катта кемага ортинглар-да, денгиз ўртасига олиб боринглар. (Бир насиҳат қилиб кўринглар) агар динидан қайтса, қолдиринглар. Бўлмаса, уни (денгизга) ташлаб юборинглар”, деди. Улар болани олиб боришганида, яна у: “Аллоҳ, хоҳлаган нарсанг билан уларга Ўзинг кифоя қилгин”, деди. Кема бирдан тўнтарилди-да, улар чўкиб кетишди. Бола яна (якка ўзи) подшоҳ ҳузурига келди. Подшоҳ унга: “Ҳамроҳларингга нима қилди?” деди. Бола: “Аллоҳ уларга Ўзи кифоя қилди, албатта сен мен буюрган нарсани қилмагунингча ўлдира олмайсан”, деди. Подшоҳ: “У нима?” деди. Бола: “Одамларни бир тепаликка жамлаб, мени бир хурмо танасига осиб, ўқдонимдан бир ўқни олиб, уни камоннинг ўртасига қўйиб, “Боланинг Раббиси бўлмиш Аллоҳнинг исми билан”, деб менга отасан. Агар мана шу айтганимни қилсанг, мени ўлдира оласан”, деди.

Подшоҳ одамларни бир тепаликка тўплади. Болани бир хурмо танасига осиб, сўнгра унинг ўқдонидан бир ўқни олиб, камоннинг ўртасига қўйди, кейин “Боланинг Раббиси бўлмиш Аллоҳнинг исми билан”, деб отганда, ўқ боланинг чаккасига тегди. У чаккасига қўлини қўйиб вафот этди. Шунда одамлар: “Боланинг Раббисига имон келтирдик”, деб айтишди. Подшоҳ нозик томонидан ушлангач, унга: Сен ўзинг хавфсираётган нарсага нима дейсан? Аллоҳга қасамки, сен хавфсираётган нарса юзага келдику? Дарҳақиқат, одамлар имон келтирди, дейишди. Подшоҳ кўчаларнинг оғзига чуқур кавлатишни буюрди. Чуқурлар кавлаб, унга ўт ёқилди. Ва у: Кимки динидан қайтмаса, унга ташланг, (ёки чуқурга ўзингни от) денглар” деди. Бу буйруқни бажардилар. Бир пайт қўлида ёш гўдаги бор бир хотин келди. У хотин ўтга тушишдан ўзини тортаётган эди. Ҳалиги гўдак: Эй онажоним, сабр қилинг. Чунки сиз ҳақ йўлдасиз”, деди…», дедилар (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти).

Шундай қилиб золим Зу Нувос “…(мўминлар)дан фақат Азиз (қудратли) ва Ҳамид (ҳамд эгаси) бўлмиш Аллоҳга имон келтирганлари учунгина ўч олди…” (Буруж сураси, 8-оят).

Чоҳга ташлаб, қатл этилганларнинг адади ҳақида олимлар турлича фикр юритганлар. Ваҳба ал-Зуҳайлий “Ат-Тафсир ал-мунир” асарида бу қатлда 20 минг киши ҳалок бўлган деса, тарихчи ал-Калбий қатл этилганлар 7 минг киши бўлганини ёзади. Ибн Касир ўз тафсирида келтиришича, Зу Нувос асли мушрик бўлиб, у 20 мингга яқин кишини чоҳга солиб ёқиб юборган.

“Буруж” сураси душманлар Муҳаммад пайғамбар ва мусулмонларни диндан қайтариш мақсадида қаттиқ азобга дучор қилганлари тўғрисида нозил қилинган. Аллоҳ душманларни огоҳлантириб оқибати ёмон бўлишини эслатади, мўминларни эса сабрга чақиради. “Чоҳ эгалари” қиссаси эса барча мўминларга ибрат-ўрнак учун келтирилади. Шу нарсани қатъий ишонч билан айтиш мумкинки, “Чоҳ эгалари” воқеасида қатл этилганлар сонида адабиётларда бироз муболаға қилинган бўлишига қарамай, бу воқеа ҳақиқатдан ҳам содир бўлган.

Нигора МИРЗАЕВА тайёрлади.

“Ислом нури” газетасининг 2019 йил, 4-сонидан